Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси йиғилишида “Микромолиялаштириш соҳаси такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.
Ушбу қонун лойиҳаси билан микромолия ташкилотлари ва тижорат банклари ўртасида “занжир” яратиш, шунингдек микромолия ташкилотлари учун қўшимча молиявий ресурслар жалб қилиш имкониятини йўлга қўйиш, микромолия ташкилотларини микромолия банкларига ва микромолия банкларини тижорат банкларига ҳамда аксинча трансформация қилишнинг ҳуқуқий асоси яратилмоқда.
Шундан келиб чиққан ҳолда, “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги, “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги ва “Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида”ги қонунларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Шунингдек, қонун лойиҳасида микромолия банки тушунчаси, микромолия банки томонидан амалга ошириладиган фаолият турлари, микромолия банки устав капиталининг энг кам миқдори, Марказий банк томонидан микромолия банки фаолиятини тартибга солиш белгиланмоқда.
Депутатлар мазкур қонун лойиҳаси қабул қилиниши аҳолининг кенг қатламлари тадбиркорлик ташаббуслари қўллаб-қувватланишига, ҳудудларда микромолиявий хизматлардан фойдаланиш кўламининг ошишига хизмат қилишни эътироф этган ҳолда, лойиҳадаги айрим нормалар юзасидан аниқлаштирувчи саволларни ўртага ташлашди.
Шу билан бирга, қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш, пишиқ-пухта ҳолатга келтириш ва маромига етказиш юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини, таклиф ва тавсияларини билдирди. Мунозаралардан сўнг, қонун лойиҳаси қўллаб-қувватланди.
Йиғилишда кун тартибига киритилган бошқа қонун лойиҳалари ҳам кўриб чиқилди ва депутатлар томонидан маъқулланди.
Манба: https://parliament.gov.uz/news/
“Ислом молияси”дан қўшимча: Бизга маълум бўлишича, микромолия банкларининг устав капитали 50-500 миллиард сўмни ташкил этиши, ва улар 200 миллион сўмгача депозитларни қабул қилиши ва 5 миллиард сўмгача кредитлар бериш имкониятига эга бўлиши кутилмоқда.