Ўзбекистонда ислом банк-молия тармоғини ривожлантириш ва олға силжитиш бўйича бир қатор ташаббуслар доирасида яқинда Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида Ислом тараққиёт банки институти томонидан бозор иштирокчилари салоҳиятини оширишга қаратилган махсус дастур ўтказилди. IFN мухбири NESSREEN TAMANO ушбу тадбир тафсилотлари ҳақида қуйидагиларни маълум қилади.
2024-йилнинг 11-14-февраль кунлари ўтказилган тренинг дастури Ўзбекистоннинг Islamic Business and Finance ташкилоти билан ҳамкорликда «Ислом молияси: муқобил молиялаштириш ва бизнес лойиҳаларни амалга ошириш усуллари» (тренингнинг инглиз тилидаги номи “Creating Value and Realising Business Opportunities in Islamic Finance”) мавзусида бўлган.
Ўзбекистоннинг 16 та банки ва лизинг компанияларидан ташриф буюрган амалиётчилар Ислом тараққиёт банки бош офисида ўтказилган, ислом банк иши ва молияси бўйича тўққизта мавзу ва панел муҳокамаларидан иборат тренингда иштирок этишди.
Тренингнинг асосий мақсади (мамлакатда тегишли қонунчилик ишлаб чиқиб жорий этилгандан кейин) шариатга мос молиявий маҳсулотларни ишлаб чиқиш ва жорий этишга молия бозори иштирокчиларини тайёрлашдир. Тренинг ушбу соҳадаги асосий йўналишларни, жумладан, ислом банклари фаолияти, лизинг компаниялари ва бошқа нобанк молия ташкилотлари томонидан лойиҳаларни молиялаштириш, молиявий тармоқда блокчейн ва рақамли активлар, замонавий муаммоларни ҳал қилишда ислом банк-молия тизими томонидан таклиф қилинадиган ечимларга бағишланган мавзуларни қамраб олди.
Ислом тараққиёт банки институти мутахассислари билан бир қаторда, ташқи экспертлар ҳам тренинг ўтишди: Саудия Миллий банки ижрочи вице-президенти ва Шариат бўлими раҳбари Ҳамза Холид Бавазир ва БААнинг Alif Technologies компанияси асосчиси ва бош директори Фаррух Ҳабиб шулар жумласидандир.
Марказий Осиё давлатлари ислом молияси тармоғида яхши натижаларга эришмоқда, ҳукуматлар ҳам бу соҳани янада ривожлантиришга интилмоқда ва бунда ИТБ ёрдамига таянмоқда.
Масалан, яқинда ИТБ ва унинг ҳамкорлари, жумладан, Ўзбекистон ҳукумати 2024-йилда мамлакатда яшил сукук чиқариш режаларини муҳокама қилишди, ИТБнинг савдони молиялаштириш корпорацияси Азия Алянс банкига савдони молиялаштириш линиясини кенгайтириш мақсадида 10 миллион долларлик маблағ ажратди.
Ўзбекистонда сўнгги бир неча йил ичида финтек саноати кучли ўсишга эришмоқда. Мутахассислар, рақамли банкинг ва молиявий иловалар йўналиши янада кўпроқ ўсишини таҳмин қилишмоқда. Финтек платформалари, жумладан Alif, Humans, Uzum, Paynet and Payme мамлакатда аллақачон мавжуд бўлиб, уларнинг баъзилари шариатга мос ечимларни таклиф қилишни ҳам бошлашмоқда.