Uzum Bank ва Qatar Islamic Bank раҳбарлари онлайн савдони ривожлантириш ва мамлакат иқтисодиётига инвестицияларни жалб қилишни муҳокама қилдилар.
Ўзбекистонга расмий ташриф доирасида Qatar Islamic Bank стратегия бўйича бош директори Константинос Константинидис ва банкнинг банк операциялари бўйича катта менежери Тарек Юсеф Фавзи Uzum офисига ташриф буюриб, миллий экотизим бош директори Жасур Жумаев ва Uzum стратегия ва бизнесни ривожлантириш бўйича директори Николай Селезнев билан учрашди.
Qatar Islamic Вank — Қатарнинг энг йирик Ислом банки бўлиб, унинг активлари 50 миллиард АҚШ долларидан ошади. Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан ташкил этилган ташриф доирасида банк ва миллий экотизим вакиллари энг йирик миллий маркетплейс — Uzum Marketни яратиш ва ривожлантириш тажрибасини ҳамда банкнинг Ўзбекистондаги инвестиция лойиҳалари учун истиқболли йўналишларни муҳокама қилдилар.
“Бугунги кунда мамлакатнинг 7 миллиондан ортиқ аҳолиси Uzum рақамли сервисларидан фойдаланмоқда, бизнинг тажрибамиз кўрсатиши бўйича, Fintech ва e-commerce сервисларининг интеграцияси фойдаланувчилар учун максимал даражада қулай маҳсулотни яратишга имкон беради. Uzum Market буюртмаларининг қарийб 40 фоизи Uzum Nasiya муддатли тўлови билан тўланади”, — дейди Uzum бош директори Жасур Жумаев.
“Миллий рақамли экотизимнинг ривожланиши ва шу билан бирга тадбиркорлик фаоллигининг ўсиши, иқтисодиётнинг оқланиши Ўзбекистонга дунёнинг етакчи инвестиция фондлари ва банкларининг эътиборини тортмоқда ва, албатта, биз қўшма лойиҳалар учун энг истиқболли йўналишлар ҳақидаги фикр-мулоҳазаларимизни баҳам кўришга тайёрмиз”, — дея қўшимча қилади Жасур Жумаев.