Россия думаси (қонунчилик палатаси) Доғистон, Чеченистон, Бошқирдистон ва Татаристонда 2023-йил 1-сентабрдан 2025-йил 1-сентабргача ислом банк тизимини жорий этиш бўйича тажриба ўтказиш тўғрисидаги қонунни учинчи ўқишда қабул қилди.
Тажриба иштирокчилари рўйхати Россия банки (Марказий банк) томонидан юритилиши белгиланди.
198584-8-сонли ушбу қонун лойиҳаси 2022-йил сентабр ойида бир гуруҳ депутатлар томонидан парламентга киритилган эди.
Тажриба иштирокчилари қонун ҳужжатларига мувофиқ рўйхатга олинган ва Россия банки томонидан юритиладиган рўйхатга киритилган юридик шахслар бўлади.
Қабул қилинган қонунга мувофиқ, ислом банклари жисмоний ва юридик шахсларнинг пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкини қарз олиш, ислом қимматли қоғозлари – сукуклар чиқариш, мижозлар маблағларини ишончли бошқарувга қабул қилиш (музораба) ёки тажриба иштирокчиларининг низом (устав) капиталига улуш сифатида қабул қилиш йўли билан жалб этишади.
Молиялаштиришни эса жисмоний ва юридик шахсларга фоизсиз қарзлар бериш; жисмоний ва юридик шахсларнинг маҳсулотларини (шу жумладан кўчмас мулкларини) муддатли тўлов асосида сотиб олиш ва сотиш йўли билан, ҳамда ислом ижара шартномаси, оддий шериклик шартномаси (мушорака), инвестиция шерикчилиги (музораба) асосида амалга оширишади.
Ҳамкорлик фаолиятини молиялаштиришда иштирокчилар ислом дини талабларига зид бўлган, хусусан тамаки ва маст қилувчи маҳсулотлар, қурол-яроғлар, ўқ-дорилар ишлаб чиқариш, бундай нарсалар савдоси, шунингдек қимор ўйинлари билан боғлиқ фаолиятни молиялаштиришга ҳақли эмаслар. Шунингдек, тажриба иштирокчилари фоизда белгиланган даромад кўрсаткичи қўллашлари ҳам мумкин эмас. Лекин, фаолият натижасида турлича бўлиши мумкин бўлган мукофот/даромадни бошқа бирор ўзгарувчан қиймат кўринишида белгилаш мумкин*.
Тажрибада иштирок этувчи юридик шахслар 01.09.2023 йилдан бошлаб 10 млн. рубль миқдорида, 01.01.2024 йилдан эса 15 млн.рубльга тенг сармояга** эга бўлишлари кераклиги кўзда тутилган.
Ислом банк-молия тизимини жорий қилишни ўрганиш учун махсус ишчи гуруҳ тузиш кераклиги ҳақидаги қарор Россия давлат Думаси тарафидан 2021 йил май ойида қабул қилинган эди. Ушбу ташаббус муаллифи Думанинг молия бозорлари бўйича қўмитаси раҳбари Анатолий Аксаков бўлган ва у ўша пайтда ўз ташаббусини ислом мамлакатларидан сармоя жалб қилиш нуқтаи назаридан асослаган эди.
Умуман олганда Россияда ислом банк-молия муассасалари очиш ҳаракати анчадан бери давом этиб келади. Бу борадаги биринчи уриниш сифатида 1991 йил тузилган хусусий ислом банки бўлган – “Бадр Форте” Халқаро тижорат банкини мисол келтириш мумкин. Ўша пайтда ушбу банкка Ислом тараққиёт банки ҳам таъсисчи сифатида маблағ киритмоқчи бўлган, аммо кейинроқ банк турли сабабларга кўра ёпилиб кетди. Кейинчалик бир нечта молия муассасаси бу йўналишда фаолият бошлади. Хусусан, 2010 йилдан бошлаб “Амал” молия уйи ислом молия хизматлари кўрсатиб келмоқда. Россия анъанавий тижорат банклари (бизнинг мамлакатдаги тижoрат банклари каби) турли ислом банкларидан муробаҳа линиялари жалб қилишни бошлашди. Жумладан 2006 йилда “Глобэкс” банки Dubai Islamic Bankдан $20 млн. миқдорида, “Ак Барс” банки 2011 йилда 60 млн.АҚШ доллари миқдорида маблағ жалб қилишган. Улар ушбу маблағларни муробаҳа битими доирасида ўз мижозларининг лойиҳаларини молиялаштириш учун олишган. 2019 йилда эса “Ак Барс” банки уй-жойларни ислом молияси тамойилларига мувофиқ муддатли тўлов асосида сотиб олишни молиялаштиришга қаратилган янги ипотека молиявий маҳсулотини тақдим қилди. Россиянинг энг йирик банки ҳисобланувчи Сбербанк ислом молияси бўйича мутахассислар билан биргаликда Москва ва Санкт-Петербург фонд биржалари иштирокчилари бўлган акциядорлар акцияларини таҳлил қилиб, уларнинг 18 таси “ҳалол”, яъни ислом молияси талабларига мувофиқ эканлигини аниқлади (яъни ушбу акциялар савдоси ислом молияси нуқтаи назаридан жоиз, деган хулосага келинди).
____________________________________________________________________________
* биз буни олинган фойданинг учдан бири, учдан иккиси, олтидан тўрти шаклида деб тушундик.
** 21.07.2023й. ҳолатига 90 рубль бир АҚШ долларига тенг.
Манба: https://www.interfax.ru/russia/912300