Фитр садақаси ҳақида
Фитр садақаси иккинчи ҳижрий санада жорий қилинган. Бошқа садақалар молдан қилинса, бу садақа жон бошидан қилинади.
Фитр садақаси фақирларга ғамхўрлик, уларга ҳайит кунини хурсандчилик билан ўтказишлари учун кўмакдир, уни берганлар учун эса, Рамазонда йўл қўйилган баъзи камчиликларга каффоратдир . Рўзадор одам рамазон ойида рўза тутар экан, гоҳида билиб-билмай турли гаплар оғзидан чиқиб кетган бўлиши, шунингдек, баъзи ноқулай амаларни қилиб қўйган ва шу сабабдан кўнгли ғаш бўлиб юрган бўлиши мумкин. Ана ўша ғашликларни ювиб юбориш учун динимизда фитр садақаси тўлаш йўлга қўйилган.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
«Дарҳақиқат, ким покланса, зафар топадир… ва Роббиси исмини зикр қилса ва намоз ўқиса». (“Аъла” сураси, 14-15-оятлар).
Касир ибн Абдуллоҳдан, отасидан, бобоси розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ушбу оят ҳақида сўралган эди. «Фитр садақаси ҳақида нозил бўлган», дедилар». Ибн Хузайма ривоят қилган.
Кимлар фитр садақаси бериши вожиб?
Фитр садақаси нисоб миқдоридаги мол-мулкка эга ҳур ва мусулмон бўлган кишилар учун вожиб амалдир. Фитр садақасида нисобнинг 2-тури эътиборга олинади, яъни бир инсоннинг ўсувчи бўлмаган моли нисоб миқдорига етган бўлса, у фитр садақаси бериши керак. Масалан, бир киши ўзи яшаётган уйидан ташқари яна бир уйни келажакда фарзандлари истиқомат қилиши учун сотиб олган. Бунда тижорат мақсади бўлмагани учун ушбу уйнинг қийматидан закот берилмайди. Лекин уйнинг қиймати нисоб миқдоридан юқори бўлгани учун унинг эгаси фитр садақаси бериши ва Қурбон ҳайитида қурбонлик қилиши вожиб бўлади.
Нисоб миқдоридаги мулкка эга киши фитр садақасини ўзи ва ёш болалари номидан бериши вожиб. Балоғатга етган фарзандлари ва хотини учун фитр садақа бериши вожиб эмас. Агар балоғатга етган фарзандлари ва аёли учун, улар айтишмаса ҳам, фитр садақасини берса, улар зиммасидан фитр садақаси соқит бўлади.
Фитр садақаси қачон берилади?
Фитр садақасининг вожиб бўлиш вақти ҳайит куни тонг отиш пайтидир. Шунинг учун, ҳайит кечаси туғилган чақалоқ учун ҳам унинг отаси (агар бой бўлса) ҳам фитр садақа бериш вожиб бўлади. Ҳомила ва ҳайит кунидан олдин вафот этганлар учун фитр садақаси вожиб бўлмайди.
Ибн Умар разияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам фитр садақасини одамлар намозга чиқмасдан олдин беришни буюрдилар”.
Аммо бу вақтдан олдин, масалан, Рамазон кириши билан берса ҳам бўлади. Лекин намозга чиқишдан олдин бериш мустаҳабдир. Фитр садақаси вожиб бўлиб, уни беролмай қолган киши зиммасидан соқит бўлмайди.
Фитр садақаси миқдори
Фитр садақаси қуйидаги тўрт нарсанинг қиймати баробарида чиқарилади. Улар: буғдойдан ярим соъ (2 кг.), арпадан бир соъ (4 кг.), майиздан ярим соъ (2 кг.) ва хурмодан бир соъ (4 кг.)дир.
Бугунги кунда мазкур маҳсулотларнинг бозордаги ўртача нархлари 1 кг. буғдой – 6 минг, 1 кг. арпа – 5 минг, 1 кг. майиз – 50 минг ва 1 кг. хурмо – 45 минг сўм эканлигини инобатга олиб, бу йилги ФИТР садақаси қуйидагича этиб белгиланди:
Ҳар ким ўз имкониятига қараб ушбу тўрт маҳсулотнинг хоҳлаган бир туридан фитр садақасини берса кифоя қилади.
Фитр садақаси кимларга берилади?
Фитр садақаси мискинларга берилади, улар уни таом қилиб ейдилар, хурсанд бўладилар. Ийд кунлари қувончларига қувонч қўшилади. Шунинг учун ҳам “Ҳар ўлкада ўша ернинг энг кенг тарқалган таомидан фитр садақаси берилсин”, дейилган.
Фидя
Қарилик сабабли умуман рўза тутишга ярамайдиган, кундан-кунга жисмонан заифлашиб бораётган кексалар ва сурункали касал бўлиб, тузалишига умид бўлмаган беморларга шариатимиз рўза тутмасликларига рухсат беради (“Баҳрур роиқ”).
Булар Рамазоннинг ҳар бир куни учун фидя беришади. Фидя миқдори фитр садақанинг миқдори билан бир хил бўлади.
Агар улар фидя беришганидан кейин қувватга тўлиб, рўза тутишга кучлари етадиган бўлиб қолишса, тутмаган рўзаларининг қазосини тутишлари керак бўлади (“Ниҳоя”).
Рўза тутишга ярайдиган қарияларга эса рўза тутиш фарз бўлади. Рўза тутишга қодир бўла туриб фидя берса, рўза ундан соқит бўлмайди ва фидяси ўз ўрнига тушмайди.
Маълум вақтлардан кейин тузаладиган касалликка чалинган шахсларга рўза тутиш зарар қилса, буларнинг ҳам рўза тутмасликларига шариатимиз рухсат беради. Аммо булар фидя бермайдилар, чунки қачондир тузалишларига умид бор. Тузалганларидан кейин қазо бўлган кунларнинг рўзасини тутиб берадилар.
Фидя берувчилар хоҳласалар, фидяларининг ҳаммасини бир қилиб, Рамазон ойининг охирида беришлари ҳам мумкин (“Фатовойи Ҳиндия”).
Фидя закот олиши мумкин бўлган кишиларга берилади.