1-қисм: аёлларнинг ишлаши масаласи
Ислом эркакларга мос бўлган оғир ишларни аёлларга фарз қилмаган, лекин аёлларга хос баъзи ишларни эркакларга хос ишлар ила тенглаштириб, улар билан тенг ажр олишни жорий қилган. Мисол учун, аёлларнинг туғишдаги қийноқларини эркакларнинг душманга қарши жиҳодига тенглаштирган. Бу маънолар ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиб чиққан муслима аёллар шарофати ила Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан баён қилинган.
Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда зикр қилинишича, Асмоъ бинт Зайд ал-Ансорийя розияллоҳу анҳо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, мен ортимдаги муслима аёллар жамоасининг элчисиман. Улар менинг сўзимни айтадилар ва менинг фикримга ўхшаш фикрдалар: Албатта, Аллоҳ сизни эркак ва аёлларга юборган. Биз сизга иймон келтирдик ва эргашдик. Биз – аёллар жамоаси тутилиб, ўралиб уйда ўтириб қолганмиз. Эркакларнинг шаҳват мавзеси, болаларингизнинг кўтарувчиларимиз. Эркаклар жамоат ва жанозага ҳозир бўлиш ила афзал қилиндилар. Қачон улар жиҳодга чиқсалар, уларнинг молларини муҳафаза қиламиз, болаларини тарбия қиламиз, уларга ажрда шерик бўламизми?!» деди.
Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак юзларини ўз саҳобаларига ўгириб қарадилар-да:
«Ўз дини ҳақида ушбу аёлдан кўра яхшироқ савол берган аёлнинг гапини эшитганмисизлар?» дедилар.
«Йўқ, эй Аллоҳнинг Расули», дейишди улар.
«Эй Асмоъ, қайтиб бориб, ортингдаги аёлларга билдирки, албатта, сизнинг бирингизнинг яхши эр тутиши, унинг розилигини исташи, мувофиқ бўлганига эргашиши сен зикр қилган нарсаларга тенг келади», дедилар.
Асмоъ ўзига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган нарсалардан севинганидан «Лаа илааҳа иллаллоҳ»ни айтиб қайтиб кетди».
Ислом нуқтаи назарида бола тарбияси, келажак авлодни кўнгилдагидек қилиб етиштириш, оила мустаҳкамлиги аёлларнинг кўчага чиқиб, ўзига мос бўлмаган ишларни қилиб, тўрт-беш танга пул топганидан ёки аскарлик қилганидан афзал ҳисобланади.
Энди аёл кишининг турли соҳаларда ишлаши ҳақида: аввало эркак бўлсин, аёл бўлсин, нима учун ишлайди, деган саволни берайлик. Албатта, тирикчилик қилиш учун, яхши маишат ўтказиш учун, деган жавобни оламиз. Ундай бўлса, тирикчилиги ўтиб турган, маишати етарли бўлиб турган аёл кишининг фарзандларини, оиласини ташлаб қўйиб, кўчага чиқиб, ўзига мос бўлмаган ишни қилишига нима ҳожат бор? Баъзилар «Аёл киши ўз меҳнати ила жамияти тараққиётига ҳисса қўшиши керак эмасми?» дейиши мумкин. Уларга «Жамият учун эртаю кеч далада эзилиб меҳнат қилган, пахта териб заҳарланган, боласини эмизадиган сутига заҳар аралашиб чиқадиган аёл фойдалими ёки мазкур оғир ишларни эрига қўйиб, жамият учун фойда келтирадиган фарзандларни яхшилаб тарбиялаб ўстирган, оиласининг мустаҳкамлиги учун жон куйдирадиган аёл фойдалими?» деган қарши савол берилади.
Шу билан бирга, Исломда жамиятга зарур бўлиб қолганда, эркаклар уддасидан чиқа олмай қолганларидагина, аёлларни ҳам ишга таклиф қилиш, ҳатто урушда қатнаштиришга эҳтиёж борлиги эслатиб ўтилади.
Исломда аёлларни туғилганларидан умрларининг охиригача керакли маишат билан таъминлаш эркаклар зиммасига юклатилган, шунингдек, жамият учун зарур бўлган оғир ишларни бажариш ҳам эркакларга юклатилган. Ҳурмат ва эъзозга лойиқ бўлган аёллар эса ишлаш масъулиятидан озод қилинганлар.
Аёлларнинг заруратсиз ишлашларининг яна бир сабаби бор. У ҳам бўлса, иш баҳонаси билан оила доирасида қила олмай юрган ҳаром-хариш ишларини қилиш ёки оддий кўнгилхушликдир. Ваҳоланки, Исломда ҳаром-хариш ишлар мутлақо ҳаром қилингани ҳаммага маълум. Кўнгилхушликка келсак, ишлаб, чарчаб кўнгилхушлик қилгандан кўра ишламай, уйда, оила даврасида ўтириб, қанча кўнгилхушлик керак бўлса, никоҳидаги эри билан қилгани аёлларнинг ўзи учун яхши эмасми?
Яна бир бор таъкидлаш лозимки, Исломда аёл кишининг ишлаши ман қилинмаган, балки бу масала аёл кишининг, унинг оиласининг, жамиятининг манфаатларидан келиб чиқиб тартибга солинган.
Ёш болаларни, хусусан қиз болаларни таълим ва тарбия қилиш, хотин-қизларга тиббий хизматлар кўрсатиш каби ишлар аёлларнинг иши ҳисобланади.
Мутақаддим ҳанафий фақиҳлардан Камолиддин ибн ал-Ҳумам: «Агар аёлнинг хотинларга хос фарзи кифоя ишда ҳунари бўлса, унинг эри (ишга) чиқишидан ман қила олмайди», деганлар.
Шунингдек, аёл киши эрининг ишида ёрдамчи бўлиши, оиласи муҳтож бўлганда ҳалол йўл билан ҳалол меҳнат қилиши жоиз. Яъни ўзи хоҳласа ишлайди, бўлмаса биров уни мажбур қила олмайди. Баъзи уламоларимиз: «Нодир қобилиятга эга бўлиб, жамиятга фойдаси кўп бўлган аёллар ҳам ишлашлари тавсия қилинади», деганлар.
Қолган пайтларда аёл кишини ишлашга мажбур қилиш йўқ. Уни турли йўллар билан ташвиқот қилиб, арзон иш кучи сифатида эзишга ҳам ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Аёлларни ўзларига мос бўлмаган ишларда ишлатиб, уларнинг аёллик латофати ва оналик қобилиятига футур етказишга ҳам ҳеч ким ҳақли эмас.
(Давоми бор)