Ислом инвестиция жамғармалари ҳақидаги мақоланинг давоми (иккинчи қисм) сифатида акциядорлик жамғармаси мавзусидаги маълумотларни эътиборингизга ҳавола қилмоқчимиз.
Акциядорлик жамғармаларида, жамғарма аъзоларининг маблағлари очиқ акциядорлик жамиятлари (компаниялари)га сармоя қилиб киритилади. Одатда, бу каби жамғармаларнинг асосий даромади акциялар савдосида харид қилиш ва сотиш нархлари орасидаги нисбатдан келади. Шу билан бирга, компания даромадидан келиб чиққан ҳолда ҳар бир акция учун олинадиган дивидендлар ҳам сармоядорнинг фойдаси ҳисобланади.
Асосий фаолияти ношаръий бўлган компаниянинг акцияларини сотиб олиш, сақлаш ёки сотиш жоиз эмас, чунки бу ҳолатда сармоядор тўғридан-тўғри ношаръий фаолиятлар билан шуғулланувчи компанияга сармоя киритган яъни унга шерик сифатида эгалик қилган бўлиб қолади.
Шунингдек, агар компаниянинг тадбиркорлик фаолияти шариатга мувофиқ бўлса, рибовий амалиётлар билан ҳам шуғулланмаса, у ҳолда ушбу компания акцияларини сотиб олиш, сақлаш ёки сотиш жоиз эканлигига замонамиз уламолари иттифоқ қилишган.
Аксарият ҳолларда компания фаолиятининг у ёки бу жиҳати шариатга тўғри келмайди. Корхона бизнес фаолияти, ишлаб чиқараётган маҳсулотлари ношаръий бўлмаса ҳам, унинг молиявий фаолиятида банк ёки бошқа молиявий муассасалар билан муносабати рибовий қарз/кредит каби ножоиз амалиётлардан иборат бўлиши, ортиқча маблағларини фоизли (рибовий) ҳисоб рақамларида сақлашлари, облигация ва шу каби рибога асосланган қимматли қоғозлар сотиб олган бўлишлари мумкин. Бундай ҳолатларда компаниянинг акциялари билан савдо қилиш мумкин ёки мумкин эмаслиги борасида батафсил маълумотларни ушбу мавзудаги аввал саҳифамизга юкланган мақолалардан (https://islommoliyasi.uz/uz/5607/), (https://islommoliyasi.uz/uz/halol-aksiyalarni-aniqlash/) топишингиз мумкин.