Покистон фонд биржасида шариатга мувофиқ инвестициялар бўйича кўрсатмалари, 1997-йилда Покистон қимматли қоғозлар ва биржа комиссияси томонидан қабул қилинган қонуннинг 40B бандига мувофиқ равишда ишлаб чиқилган бўлиб, унинг ягона мақсади сармоядорларга акциялар савдоси билан шуғулланишга ёрдам беришдир.
Бу нима учун муҳим?
Покистон қимматли қоғозлар ва биржа комиссияси маълумотларига кўра, Шариатга мувофиқлик индекси (Sharia Compliant Index) бозорнинг шариатга мос бўғими (яъни сегменти) фаолиятини баҳолаш учун мезон бўлиб хизмат қилади.
SCI сармоядорларнинг ислом капитал бозорларига бўлган ишончини ва улардаги иштирокини ошириш учун ишлаб чиқилган. Шунингдек, у сармоядорларга активларни тақсимлаш жараёнида тадқиқот воситаси бўлиб ҳам хизмат қилади.
Ҳозирда, Покистон фонд биржасида шариатга мос келадиган учта индекс мавжуд бўлиб улар: PSX-KMI All Share Index, KMI 30 Index ва Meezan Pakistan Index.
Ҳар индексни қайта кўриб чиқиш санасида (яъни муайян даврда индекслар қайта кўриб чиқилади, тасниф қилинади, баҳоланади…) сармоядорлар ўзларига тегишли қимматли қоғозларни шариатга мос келишига ишонч ҳосил қилиш учун янгиланган “PSX-KMI All Share Index” индекси орқали баҳолашлари (текширишлари) керак бўлади.
Баъзи тафсилотлар:
- Сармоядор эгалик қилувчи қимматли қоғозлар (акциялар) шариатга мувофиқ деган ҳолатдан, шариатга мувофиқ эмас деб таснифланган тақдирда, сармоядор, агар ушбу активнинг жорий нархи унинг сотиб олинган вақтидаги нархидан юқори ёки тенг бўлса уни иложи борича тезроқ сотиб юбориши керак бўлади.
- Сармоядорга қимматли қоғозларни сотишдан тушган ҳар қандай даромадни ўзига олиб қолишига рухсат берилади.
- Агар қайта кўриб чиқиш санасидан сўнг акция шариатга мувофиқ эмас бўлиб, унинг жорий нархи сотиб олинган вақтидаги нархидан паст бўлса, сармоядор акциянинг нархи харид қилган вақтидаги қийматига кўтарилгунга қадар сақлаб туриши мумкин бўлади.
- Қимматли қоғозларни PSX-KMI All Share индексига киритиш шартларидан бири, акцияси сотилаётган компаниянинг шариат талабларига жавоб бермайдиган даромадлари умумий даромаднинг 5 фоизидан ошмаган бўлиши керак.
(Манба: islamicmarkets.com веб саҳифаси)