I. Ислом банклари очилса анъанавий банклар ёпилиб кетади, шунинг учун анъанавий банклар ислом банклари ташкил этилишидан манфаатдор эмас.
Бу фикрни тўғри деб бўлмайди, чунки:
1.1. бошқа мамлакатлар мисолида кўрадиган бўлсак, ислом банклари фаолияти йўлга қўйилган мамлакатларда ҳам икки турдаги банклар (яъни анъанавий ва ислом) ёндош равишда фаолият олиб боришмоқда ва ҳар бирини ўз мижозлари бор. Устига устак, мижозларга қулайлик яратиш ва янги мижозлар жалб қилиш мақсадида анаъанавий банклар ислом молияси тамойилларига мувофиқ равишда хизмат кўрсатувчи “ислом дарчалари” ҳам ташкил қилишган;
1.2. 2020 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури ва Ўзбекистон савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда ўтказган сўровнома доирасида ўша пайтда мамлакатимизда фаолият юритаётган 30 та банкдан 27 таси мамлакатда ислом банк-молия тизимини йўлга қўйиш керак деган фикрни билдиришган (қолган 3 та банк сўровнома анкетасини тўлдирмаган ёки техник сабабларга кўра уларнинг жавоби бизгача етиб келмаган). Банкларнинг бундай жавоб берганлиги биз учун янгилик бўлгани йўқ, чунки бу банкларнинг мижозлари уларга ислом банк-молия маҳсулот ва хизматлари қачон йўлга қўйилиши юзасидан доимий равишда саволлар беришади, шу сабабли банклар ўз мижозлари талабларидан келиб чиқиб жавоб беришган;
II. Ислом банк фаолияти йўлга қўйилса мижозларни ҳаммаси ислом банкларига ўтиб кетади.
Албатта, ундай эмас, чунки юқорида айтиб ўтилганидек ҳар бир банкнинг ўз мижозлари бор. Биз ўтказган сўровномада иштирок этган респондентлар, хусусан 35% тадбиркор ва 22% жисмоний шахс агар ислом банкларида молиявий амалиётлар олиб бориш арзонроқ ва/ёки қулайроқ бўлса, улар билан ишлаймиз, акс ҳолда йўқ, деган маънода жавоб беришган.
III. Ислом банклари фоизсиз, яъни бепул кредит/қарз беришади.
Ислом банклари фоизсиз қарз беришлари мумкин, лекин бу уларнинг чекланган хайрия фаолияти доирасида бўлиши мумкин. Бироқ, ислом банкларининг асосий фаолияти бу тижорий фаолиятдир. Маълумки тижорий фаолият бепул хайрия амалиёт кўринишида бўлмайди, балки тўлов асосида бўлади. Хўш, тўлов асосида нима дегани? Бу дегани, ислом банклари ҳам фойда олиш мақсадида фаолият юритишади ва шунга кўра ҳаракат қилишади. Уларнинг барча амалиётлари 2 турли бўлади: савдо асосидаги битимлар (масалан муробаҳа), ҳамда сармоявий битимлар (мушорака ва музораба). Бугунги кунда ислом банкларида асосан биринчи турдаги битимлар қўлланилади.
IV. Ислом банклари молиявий маҳсулотлари ва хизматлари нархлари анъанавий банкларникидан арзонроқ бўлади.
Бугунги кунда, дунё банк-молия тизимидаги ислом банк-молия тизимининг улуши 3 фоиз, анаъанавий банк-молия тизимининг улуши эса 97% атрофида. Бу эса анъанавий банклар ўз фаолиятларини узлуксизлигини таъминлаш учун маблағ жалб қилишлари анча осон бўлади ва арзон тушади дегани. Ислом банклари учун эса маблағ жалб қилиш анча қийин ва қиммат бўлади. Шу сабабли хозирча ислом банклари молиявий маҳсулотларининг нархлари анъанавий банклардан кўра арзонроқ бўлиши бироз қийин. Агар ислом банк-молия тизими кенг ривожланса уларнинг молиявий маҳсулотлари ва хизматлари нархлари тушиши мумкин.
V. Ислом банклари очилса ҳар қандай юридик шахс ёки жисмоний шахс ўз тижорий лойиҳасини шерикчилик (мушорака ёки музораба) асосида сармоя жалб қилган ҳолда молиялаштириши мумкин.
Юқорида айтиб ўтилганидек, ислом банклари ҳам тижорий фаолият билан шуғулланувчи молиявий ташкилот, шу сабабли улар ҳам оддий банклар каби мижозни лойиҳасини ҳар томонлама ўрганиб чиқишади, мижозни ўзини ҳам, унинг иқтисодий-молиявий фаолиятини ҳам текширишади, гаров талаб қилишади, тақдим қилинган гаровни баҳолашади воҳаказо. Шунинг учун, ислом банклари ҳар бир мижозни энг азиз мусулмон биродаридек қабул қилишади ва дарров унинг лойиҳасига мушорака асосида сармоя ажратишади деб ўйлаш керак эмас. Шу ўринда яна бир нарсани айтиб ўтиш лозим, бугунги кунда турли мамлакатларда фаолият юритаётган ислом банклари мижозларини асосан мурбаҳа ёки ижара мунтаҳия биттамлик асосида молиялаштиришмоқда, ушбу молия маҳсулотлари эса ташкилий томондан ҳам, нарх жиҳатдан оддий анъанавий кредитдан қулайроқ ёки арзонроқ деб бўлмайди.
VI. Ислом банк-молия тизими йўлга қўйилса мамлакатга инвестициялар шиддат билан (оқиб) кириб келади.
Албатта, ислом банк-молия тизимини жорий қилиш (бизнинг мамлакатда) диний эътиқоди туфайли анъанавий банк тизимидан фойдаланмайдиган аҳоли ва бизнес вакиллари маблағларини расмий банк-молия тизимига жалб қилиш имкониятини беради. Шунингдек, маҳаллий сармоядорлар ўз маблағларини ислом банклари инвестиция лойиҳаларига сармоя қилишларини таъминлайди. Бу ўз навбатида ислом банкларини барқарор молиялаштириш манбасини билан таъминлайди, уларнинг иқтисодий ва инвестицион фаоллигини оширади. Буларнинг барчаси эса “ҳуфиёна иқтисодиёт”да айланаётган молия маблағларини расмий иқтисодиётга олиб ўтишга ҳисса қўшади. Бироқ, аввал ҳам таъкидлаганимиздек, сармоядорларнинг кайфияти сармоя киритилиши мўлжал қилинаётган мамлакатдаги сиёсий-иқтисодий ҳолат, иқтисодиёт тармоғи ва бошқа алоқадор соҳаларнинг ривожланиш суръатлари, қонун устуворлигининг таъминланганлиги, ҳукумат томонидан қабул қилинаётган иқтисодий қарорларнинг шаффофлиги, бошқа сармоядорлар кайфияти каби турли омиллар таъсирида ўзгариб туради. Масалан, айтайлик ислом банк-молия тизими жорий қилиниши учун тегишли қонунлар қабул қилинса-ю, лекин қишлоқ хўжалиги ёки енгил саноат маҳсулотларини экспортига салбий таъсир қилувчи қандайдир тартиб мавжуд бўлса, у ҳолда бу тармоқларга сармоядорлар ўз маблағларини инвестиция қилишлари қийин. Шундай бўлгандан кейин ислом банклари ҳам бу соҳалардаги лойиҳаларни молиялаштиришдан манфаатдор бўлмайди.
VII. Ислом банк-молия тизими татбиқ этилса мамлакат иқтисодиёти шиддат билан ўсиб / ривожланиб кетади.
Мамлакат иқтисодиёти шиддат билан ривожланиб кетиши фақат ислом банк-молия тизимини татбиқ қилиш билан боғлиқ эмас албатта. Бунинг учун иқтисодиётнинг турли тармоқларига хорижий сармоялар жалб қилиш, улар орқали мамлакатга янги технология ва янги техника олиб кириш, сармояларни турли йўналишлар бўйича диверсификация қилиш, имкон қадар экспортга урғу берган ҳолда ташқи савдони ривожлантириш ва асосийси таҳлил ва бизнес вакиллари билан учрашувлар асосида коррупцияга имкон берувчи йўлларни аниқлаш ва уларни имкон қадар қолдирмаслик керак.
VIII. Ислом банкларида коррупция (порахўрлик) умуман бўлмайди.
Ислом банклари қандайдир афсонавий бирлик эмас, балки жамиятимизнинг бир бўлаги ва шу сабабли жамиятимиздаги барча иллатлар бу тизимга ҳам таъсир қилиши мумкин. Бу банкларга ҳам фақат ўз манфаатини кўзлаган амалпараст/мансабпараст, қаллоб/фирибгар шахслар кириб қолиши ва у ерда ҳам ўз мақсадларини амалга ошириш, яъни турли йўллар билан мансабга эришиш, ноқонуний/ношаръий йўллар билан даромад топишга ҳаракат қилишлари мумкин. Бунинг олдини олиш учун бошқа банк ходимлари ҳам, мижозлар ҳам хушёр бўлишлари керак бўлади. Ҳар бир ислом банк ходими ҳалол-пок, тақволи ва диёнатли бўлади деган фикрдан келиб чиқиб эмас, балки ўзбегимнинг “Ўзингга маҳкам бўл, қўшнингни ўғри тутма” деган мақолидан келиб чиққан ҳолда ҳаракат қилиш тўғри бўлса керак. Валлоҳу аълам.
Юқоридагиларни, ислом банк-молия тизими ҳақида нотўғри тушунчада юрганлар эртага ислом банк-молия муассасалари бизнинг мамлакатда ҳам фаолият олиб боришни бошлашганда, уларнинг ҳаёлидаги тасаввурларига жавоб бермайдиган ислом банк-молия муассасаларини кўриб, ҳафсалалари пир бўлмасин, ўзларини алдангандек ҳис қилишмасин, тушкунликка тушиб қолишмасин деб ёздик. Аллоҳ барчаларимизни тўғри йўлда бўлишимизни насиб этсин, адашиб қолишдан асрасин.
Жаҳонгир Имамназаров
Ислом молияси лойиҳаси ва Islamic Business and Finance компанияси ҳаммуассисларидан бири ва директори. Иқтисодиёт фанлари бўйича (ислом иқтисодиёти йўналиши) фалсафа доктори (PhD)