Яқинда, аниқроғи жорий йилнинг 3 март куни саҳифамиз аъзолари илтимосларига биноан Россиянинг Украинада олиб бораётган ҳарбий ҳаракатларига жавобан ғарб давлатлари ва уларнинг иттифоқчилари томонидан Россияга, шу жумладан ушбу давлат молия тизимига нисбатан қўлланилаётган санкциялар ва бунинг оқибатида рус миллий валютаси – рубль қадрсизланишининг Ўзбекистон иқтисодиётига таъсири юзасидан мамлакатимиз иқтисодчилари фикрларини умумлаштирган ҳолда эътиборингизга ҳавола қилган эдик.
28-апрель куни ижтимоий тармоқларда анча танилиб қолган ёш иқтисодчи Беҳзод Хошимов юқоридаги мавзуда Москва Давлат университети профессори, иқтисодчи Наталия Васильевна Зубаревич билан суҳбатлашди. Бугун биз сизларни ана шу суҳбатнинг қисқача мазмуни билан таништиришга қарор қилдик, чунки ушбу суҳбат давомида Россиядаги бугунги вазият, ушбу давлатнинг иқтисодий сиёсати, Марказий Осиё давлатлари, хусусан Ўзбекистондан Россияга бориб ишлаётган меҳнат муҳожирларининг ҳолати ва уларнинг яқин келажакдаги эҳтимолий тақдири таҳлил қилинган.
Шундай қилиб, профессор Наталия Зубаревичнинг мавжуд ҳолат юзасидан фикрлари қуйидагича:
Россияда ўртача 74-75 млн. одам ишлайди. Бир йилда турли давлатлардан ушбу мамлакатга кўпи билан 9 миллион одам кириб келади, шундан 4,5 миллиони ишга деб, қолганлари бошқа турли сабабларни кўрсатиб киради. Ишга деб кириб келган 4,5 миллион одамнинг 3.9 миллиони меҳнат муҳожири сифатида рўйхатдан ўтади. Хуллас, расмий ва норасмий меҳнат муҳожирларини ҳисобга олганда кўпи билан 6 миллион одам меҳнат муҳожири сифатида Россияда ишлайди, бу эса барча иш билан банд аҳолининг тахминан 8%га тенг.
Россияга меҳнат муҳожирлари жуда керак, чунки Россия анчадан бери демографик инқирозни бошдан кечирмоқда. Ёмон томони, айнан меҳнатга лаёқатли аҳоли сони қисқариб бормоқда, сўнгги 5–6 йилда ушбу тоифа 1/3га камайган (бу жуда катта рақам!). Меҳнат муҳожирлари бўлмаса иқтисодиётнинг кўп тармоқлари, биринчи навбатда қурилиш, савдо-сотиқ ва коммунал хўжалиги соҳалари шу муаммога дуч келади. Россиянинг аҳолиси ўзи ушбу соҳаларда ишлашга ҳаракат қилмайди, чунки қурилиш соҳасида иш оғир, савдо ва коммунал хўжалигида эса асосан қора иш. Иш берувчилар ҳам бу соҳаларга Россия фуқароларини ишга олмасликка ҳаракат қилишади, чунки Россия фуқаросига каттароқ маош тўлаш керак бўлади ва амалдаги қонунчилик (меҳнат кодекси) туфайли уларни ишдан бўшатиш ҳам мушкул.
Нима учун Россиянинг вилоятларидан ишчилар Москва, Санкт-Петербург каби катта шаҳарларга келиб ишлашмайди деган саволга, Зубаревич хоним ушбу катта шаҳарларда ижарага уй олиб яшаш жуда қимматга тушади, Россия фуқаролари Марказий Осиё мамлакатларидан келган меҳнат муҳожирлари каби 1 хоналик уйни ижарага олиб у ерда 8-10 киши туришга ёки кўп қаватли уйларнинг ерости қаватлари (подваллар)да яшашни ва шу орқали харажатларни камайтиришни ўзларига эп кўришмайди, тузукроқ уйни ижарага олиб ишлашса, топган пуллари ижарага кетиб қолади, деган жавобни бердилар.
Бугунги кунда битта қурилиш соҳасининг ўзида тахминан 1 млн. ишчи етишмайди.
Айтиб ўтилганидек, меҳнат муҳожирларининг Россия иқтисодиёти учун аҳамияти катта, аммо жорий йилнинг 24 февралидан бошлаб вазият жиддий равишда ўзгарди (эслатиб ўтамиз, шу куни Россия Украина ҳудудига бостириб кириб, ҳарбий ҳаракатларни бошлаб юборди). Шу кундан эътиборан Россияда қурилиш кўлами анча қисқарди, чунки хусусий тармоқ инқироз шароитида, жумладан, рублнинг бошқа жаҳон валюталарга нисбатан расмий курси сунъий равишда ушлаб турилган ҳолатда ҳамда қурилиш материалларининг нархи икки баравар ошиб кетганлиги сабабли қурилиш ишлари олиб боришни хатарли деб топмоқда (устига-устак кўп қурилиш материаллари хориждан импорт қилинарди, ҳозир эса Россия ҳукумати миллий валютани тежаш мақсадида импортга чекловлар ўрнатган).
Рублнинг расмий курси сунъий равишда ушлаб турилгани боис паст даражада бўлгани билан ушбу курсда хорижий валюта сотиб олиш қийин (бу ҳолат бизга жуда таниш, чунки 2016 йилгача Ўзбекистонда ҳам миллий валютанинг курси сунъий равишда белгиланган ва “ушлаб турилган”).
Россияда экспорт ва импорт амалиётларига жиддий чекловлар ўрнатилган. Жумладан эркин буғдой экспорти таъқиқланганлиги сабабли ички нархлар паст, жаҳон бозоридаги нархлар эса (асосий буғдой экспортчиларидан бўлган Россия ва Украинанинг бозордан чиқиб кетиши натижасида) баланд. Албатта бундай чекловлар коррупцияга йўл очади.
Хуллас, юқоридаги сабаблар туфайли меҳнат муҳожирларига бўлган талаб ҳамда уларнинг маошлари камаймоқда, лекин шунга қарамай ўз мамлакатларида иш бўлмаган меҳнат муҳожирлари (биринчи навбатда Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари) барибир Россияга боришади. Албатта, кам маош олаётган меҳнат муҳожирлари ўз уйларига камроқ пул юборишади, бунинг натижасида эса ўша мамлакатлар пул бирлигининг бошқа хорижий валюталарга нисбатан қадри тушади (девальвация). Зеро, тажриба шуни кўрсатадики, рубль курсининг тушиши шубҳасиз Марказий Осиё давлатлари валюталарининг курслари тушишига олиб келган. Бунинг иккита сабаби бор:
1) Марказий Осиё давлатларининг Россия билан иқтисодий алоқалари жуда кучли;
2) Меҳнат муҳожирлари юбораётган пулларнинг ушбу мамлакатлар иқтисодиётдаги улуши сезиларли даражада юқори (Жаҳон банки ўтказган тадқиқотларга кўра, Тожикистон ва Қирғизистонда хорижий мамлакатлардан меҳнат муҳожирлари юбораётган пулларнинг ЯИМдаги улуши таҳминан 25%га тенг!).
Шу билан бирга, Ўзбекистон меҳнат муҳожирларининг бир қисми, яъни муайян касбга эга бўлган шаҳар аҳолиси учун муқобил маршурт сифатида Жанубий Кореяни айтиб ўтиш мумкин. Лекин бу мамлакат муайян касб-ҳунарга эга одамлар учун тўғри келади. Лекин касб-ҳунари йўқ, тил билмайдиган аҳоли учун Россия барибир энг асосий меҳнат бозори бўлиб қолаверади. Вахоланки, Россияда нафақат иш ўринлари, маош, шароит балки меҳнат муҳожирларига бўлган муносабат ҳам жуда ёмон. Бу жуда уят, чунки шундай (катта ва бой) давлатда меҳнат муҳожирларига худди қуллардек қараш “маданияти” шаклланган, амалда уларнинг деярли ҳеч қандай ҳуқуқлари йўқ. Шу билан боғлиқ жиддий муаммолардан бири, бу меҳнат муҳожирларига улар ишлаб топган пулларни бермаслик ҳолатларидир (меҳнат муҳожирларининг кўп ҳолларда норасмий ишлашидан фойдаланган виждонсиз иш берувчилар шундай қилишади).
Қишлоқ хўжалигига жалб қилиш ҳам 2020 йилда КОВИД туфайли муаммога юз тутган. Бугун эса ҳолат умуман тушунарсиз. Бир томондан қишлоқ хўжалик маҳсулотлари керак, иккинчи тарафдан эса Россияга авиачипталар икки баравар қимматлаб кетган (устига-устак етиштирилган маҳсулотларни экспорт қилиш имкониятлари кескин камайган). Бу ҳолатда МО давлатларидан Россиянинг катта шаҳарларига қўйилаётган автобуслар ва махсус поездлар меҳнат муҳожирлари жонига оро кириши мумкин. Лекин ҳозирча ҳолат тушунарсиз.
Нефт бўйича ҳолат. Бугунги кунда нефтнинг жаҳон бозоридаги нархи 2020 ва 2021 йилларга қараганда баландроқ, лекин сотиш муаммо (санкциялар туфайли). Россия ўзи ишлаб чиққан нефтни тўлиғича сота олмайди ва қайта ишлай ҳам олмайди. Бу ҳолатда нефт олинадиган “қудуқлар” вақтинча ёпилиши керак бўлади. Бу эса ишчилар сонини бироз бўлса ҳам қисқартириш дегани. Лекин бу соҳада ишчилар сони кўп эмас, чунки нефт қазиб олиш соҳаси технологик жиҳатдан анча ривожланган ва бу соҳага ишчи кучи кам жалб қилинади.
Россияда нархларни ушлаб туриш мақсадида экспортни чеклаш сиёсати олиб борилмоқда, бу эса ишлаб чиқаришни қисқаришига олиб боради, чунки ишлаб чиқарувчи аҳмоқ эмас (ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотни сотолмагандан кейин ишлаб чиқаришни камайтиришга мажбур бўлади).
Россияда Хитой каби халқни ёппасига назорат қилиш/бошқариш тизимини ўрнатиш мумкинми?
Йўқ, мумкин эмас, чунки Россиядан фарқли равишда, Хитой сўнгги бир неча ўн йил давомида ўз халқининг иқтисодий-ижтимоий ҳолатини жиддий равишда яхшилашга муваффақ бўлди. Шу сабабли хитойликлар ҳукуматга ишонишади ва давлат сиёсатини қўллаб-қувватлашади.
Россия аҳолисининг сўнгги пайтда пайдо бўлган турли рамзлар атрофида бирлашиши, шундай давлат ташаббусларини қўллаб қувватлаши эса тез орада ўтиб кетадиган кайфият дейиш мумкин. Хитойдан фарқли ўлароқ, Россия зиёлилари ҳукуматга унчалик ишонишмайди. Лекин Россия ҳукумати қатағоннинг турли енгилроқ шаклларини қўллаш орқали яна бир қанча муддат вазиятни ушлаб туриши мумкин. Аммо буни умри тугаб бораётган ҳукуматнинг сўнгги талвасаси дейиш мумкин.
Уруш ҳаракатлари бошлангандан кейин жуда кўп Россияликлар, жумладан юқори малакали мутахассислар мамлакатни тарк этишди, албатта бу ёмон, лекин бунинг энг ёмон тарафи шундаки, виждони бор, юқори малакали Россияликлар мамлакатни тарк этишмоқда. Албатта уларнинг бир қисми Россияга қайтиб келади, чунки пул топиши керак (демак бошқа мамлакатда пул топиш имконияти бўлса кўп мутахассислар қайтмайди). Афсус билан қайд этиш керак, бу жараён Россия тарихида биринчи марта юз бераётгани йўқ. Аммо бу сафар IT соҳасининг вакиллари, яъни Россиянинг келажаги мамлакатни тарк этмоқда. 90 йилларнинг бошида ҳам жуда яхши мутахассислар чиқиб кетган ва ўша талафотларни ўрнини тўлдириш жуда қийин бўлган эди. Мана энди яна ўша ҳолат такрорланмоқда, лекин бу сафар кўрилган талафотларни ўрнини тўлдиришни иложи бўлармикин, билмадим. Бу мамлакат учун жуда жиддий йўқотиш. Ўзи шусиз ҳам бугунги кунда жуда кўпчилик ёшлар Россияда эмас, бошқа давлатларда яшашни афзал кўришмоқда.
Украина билан урушда нима учун Россиядаги майда миллатлар вакиллари кўпроқ ҳалок бўлишмоқда (масалан, Доғистон вакиллари)?
Чунки ушбу вилоятларда ишсизлик катта, камбағаллик даражаси юқори, ўғил болалар эса (ёшлар) кўп, бу ҳолатда армияда контракт асосида хизмат қилиш маълум даражада барқарор ойлик олиш имконини беради (яъни ушбу ҳудудларда ёшлар кўп, иш ўринлари эса кам, шунинг учун ушбу ҳудудлардан рус армияси сафида хизмат қилаётган ёшлар кўп).
Россиядаги демографик инқироз шу тарзда давом этса 20 йилдан кейин нима бўлади?
Жуда катта кулфат бўлади! Чунки ҳозирнинг ўзида меҳнатга лаёқатли қатлам камайиб кетмоқда (юқорида айтилганидек сўнгги 5-6 йилда ушбу гуруҳ вакиллари учдан бирга камайган). Бизга фақат шу уруш “етишмаётган” эди. Биз ўз қўлимиз билан айни меҳнатга лаёқатли ёшларни ўлдиряпмиз. Шундай демографик инқироз ҳолатида бунақа нарса (яъни уруш)ни бошлаш телбаликдан бошқа нарса эмас.
Ўзбекистонда ҳам Украина билан бўлаётган урушни қўллаб қувватлаб турган қатламлар бор, сиз бу ҳақда нима деб ўйлайсиз?
Бу мен учун жуда тушунарсиз ҳолат, демак улар ўта даражада руслашиб кетишган. Лекин бу тўғри эмас. Масалан, Қозоғистонда ҳолат бундай эмас, чунки қозоқлар Қозоғистоннинг шимолий ҳудудлари Донбасга жуда ўхшаш (яъни эҳтимолий Донбас) эканлигини яхши англашади, шунинг учун улар бу урушни умуман ёқлашмайди.