AAOIFI Шаръий меъёри № 19:
ҚАPЗ
Муқаддима
Ушбу меъёр қарзга оид шаръий ҳукмларни, жумладан, қарзда шарт қилинган ва шарт қилинмаган манфаат (фойда)га тегишли ҳукмларни олишнинг ҳукмларини баён қилишни мақсад қилади. Шунингдек, меъёр Ислом молия муассасалари томонидан амал қилиниши лозим бўлган шариат кўрсатмаларини баён этади.
Бундан ташқари, меъёр муассасалар фаолиятида эҳтиёж туғиладиган айрим амалиётларнинг шариатдаги ҳукмларини, хусусан, жорий ҳисобварақлар, қарзлар бўйича бериладиган мукофотлар, қарзга хизмат кўрсатиш харажатлари ҳамда муассаса ва унинг вакил (корреспондент) банклари ўртасидаги ҳисобварақлар (овердрафт) бўйича ҳукмларни ҳам ёритишни мақсад қилади.
Меъёрнинг матни
1. Меъёрнинг қамрови (амал қилиш/ қўлланиш доираси):
Ушбу меъёр қарзлар ва улар билан боғлиқ манфаатлар ёки харажатларни, қамраб олади, бунда муассаса қарз берувчи ёки қарз олувчи мақомида бўлиши мумкин.
Ушбу меъёр қарз ҳисобланмайдиган амалиётларни, мисол учун, насия савдодаги тўлов ва инвестиция ҳисобварақларини ичига олмайди, чунки улар учун алоҳида меъёрлар мавжуд.
2. “Қарз”нинг таърифи:
Қарз – мислий, яъни бир-бирининг ўрнини босувчи молни, кейинчалик унинг мислини (шунга ўхшашини) қайтариш мажбурияти билан бошқа шахсга мулк қилиб беришдир.
3. Қарзнинг рукнлари ва шартлари:
3/1 Қарз шартномаси “қарз” ёки “салаф” лафзлари, шунингдек, ушбу маъноларни ифодаловчи бошқа сўз ёки хатти-ҳаракат орқали ийжоб ва қабул асосида тузилади.
3/2 Қарз берувчида табарру’ (эҳсон/хайрия) қилиш лаёқати/қобилияти (шаръий нуқтаи назардан) бўлиши шарт.
3/3 Қарз олувчида тасарруф қилиш лаёқати бўлиши шарт қилинади.
3/4 Қарз объекти (қарзга берилаётган нарса) мутақаввам, яъни шариатда қийматга эга, аниқ-маълум ва мислий мол бўлиши керак.
3/4/1 Қарз олувчи, унга қарзга берилаётган нарсани қабз қилиш (ўз тасарруфига олиш) орқали мулк қилиб олади ва унинг зиммасида худди шунақа нарсани (мислини) қайтариш мажбурияти вужудга келади.
3/4/2 Асл қоидага кўра, қарз берилган жойда қайтарилади.
4. Қарзда шарт қилинган манфаат (наф/ фойда)нинг ҳукмлари:
4/1 Қарз берувчи фойдасига қарзда зиёдаликни шарт қилиш ҳаром бўлиб, бу рибо ҳисобланади. Бу зиёдалик сифатда ёки миқдорда бўлишининг; моддий ашё (айн) ёки манфаат кўринишида бўлишининг; ушбу зиёдалик шартнома тузилаётган вақтда, тўлов муддатини узайтириш асносида ёки қарз муддати давомида шарт қилинишининг аҳамияти йўқ. Бу шарт шартномада очиқ-ойдин ёзилган ёки урфга кўра кўзда тутилган бўлса ҳам ҳукм ўзгармайди.
4/2 Қарзни қарз берилган жойдан бошқа жойда қайтаришни шарт қилиш жоиз.
5. Қарзда шарт қилинмаган манфаат (наф/ фойда) нинг ҳукмлари:
5/1 Қарз олувчининг қарз муддати давомида қарз берувчига бирор моддий нарса тақдим этиши ёки хизмат-манфаат кўрсатиши, агар бу айнан қарз сабабли бўлса, яъни қарз олувчи ва қарз берувчи ўртасида қарздан олдин ўзаро шунақа ҳадя бериш/манфаат етказиш одатий ҳол бўлмаган бўлса, жоиз эмас.
5/2 Қарзни қайтариш вақтида, агар бу олдиндан шарт қилинмаган бўлса ва ҳеч қандай шунақа урф мавжуд бўлмаса, қарзнинг миқдорини ёки сифатини ошириб қайтариш ёхуд бирор моддий ашё ёки манфаат тақдим этиш жоиз. Бунда қарз объекти нақд пул ёки бошқа нарса бўлишининг аҳамияти йўқ.
6. Қарзда муддатни шарт қилиш ҳамда унинг мажбурийлиги:
Қарзда муддатни шарт қилиш жоиз. Бундай ҳолатда қарз олувчи келишилган муддат келмагунча қарзни қайтаришга мажбур эмас ва қарз берувчи ҳам муддатдан олдин қарзни талаб қилиш ҳуқуқига эга эмас.
Агар қарзда муддат шарт қилинмаган бўлса, қарз олувчи талаб қилинган заҳоти қарзини қайтариши шарт.
7. Қарз шартномасида бошқа шартномани шарт қилиш:
Қарз шартномаси доирасида олди-сотди, ижара ёки шунга ўхшаш эвазли (муъовада) шартномаларни амалга оширишни шарт қилиш жоиз эмас.
8. Бошқага қарз олиб бериш эвазига мукофот (хизмат ҳақи) шарт қилиш:
Бошқа шахсга қарз олиб бергани учун мукофот (хизмат ҳақи)ни шарт қилиш жоиз, бироқ бу рибога йўл очувчи ҳийла бўлмаслик лозим. Жуъала тўғрисидаги № (15) сонли шаръий меъёрнинг 8/3/2 бандига қаралсин. Унинг охирида шундай дейилади: “Ушбу ҳолат муассасалар ўртасидаги ўзаро келишув, урф ёки шарт асосида фоизли қарз амалиётларига восита бўлиб қолмаслиги шарт қилинади”].
9. Қарзга хизмат кўрсатиш харажатлари:
9/1 Қарз берувчи муассаса қарз бериш билан боғлиқ хизматларини қоплаш учун ўзининг ҳақиқий бевосита харажатларига тенг миқдорда ҳақ олиши жоиз. Муассаса ушбу харажатлардан ортиқча ҳақ олишга ҳақли эмас ва ҳақиқий харажатлардан ортиқча бўлган ҳар қандай қўшимча тўлов ҳаромдир. Ҳақиқий харажатларни ҳисоблашда аниқликка қатъий риоя қилиш лозим, токи қарз орқали қўшимча манфаат/фойда кўринишидаги рибо юзага келмасин.
Асл қоида шуки, ҳар бир қарзга унинг ўзига тегишли харажатлар юкланади. Агарда умумий қарз фондларида бўлгани каби ҳар бир қарз харажатини алоҳида ҳисоблаш машаққат бўлса, барча қарзлар бўйича жами бевосита харажатларни умумий маблағга нисбатан тақсимлашда монелик йўқ. Батафсил ҳисоб-китоб қилиш услуби бухгалтерия бўлими билан келишилган ҳолда Шаръий кенгаш томонидан тасдиқланиши лозим. Бунда харажатлар жами қарзлар миқдорига қараб тақсимланади ва ҳар бир қарзга ўз улушига мутаносиб равишда харажат юкланади. Бундай ҳолатларда тегишли ҳужжатлар билан бирга кенгашга тақдим этилиши шарт.
9/2 Қарзларга хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ тўғридан-тўғри ҳақиқий харажатлар таркибига билвосита харажатлар, масалан, ходимларнинг иш ҳақи, бино ижараси, мебель ва транспорт харажатлари ҳамда шунга ўхшаш бошқа умумхўжалик ва маъмурий харажатлар кирмайди.
10. Қарзнинг энг муҳим замонавий талқинлари:
Қарзнинг бугунги кундаги асосий (энг муҳим) амалий кўринишлари/талқинлари қуйидагилардан иборат:
10/1 Жорий ҳисобварақлар:
10/1/1 Жорий ҳисобварақлар моҳиятан қарз ҳисобланади, шунинг учун муассаса ушбу маблағларни мулк қилиб олади ва уларнинг мислини (тенг суммани) қайтариш мажбуриятини олади.
10/1/2 Муассаса жорий ҳисобварақ эгаларига кўрсатадиган хизматлари учун хизмат ҳақи олиши жоиз.
10/1/3 Муассаса жорий ҳисобварақ эгаларига кирим ва чиқим қилиш билан боғлиқ хизматларни, мисол учун, чек дафтарчалари, банкомат карталари ва шунга ўхшаш хизматларни ҳақ эвазига ёки бепул тақдим этиши жоиз. Шунингдек, муассаса жорий ҳисобварақ эгаларини пул кирим қилиш ва ечишга тааллуқли амалиётлар жиҳатидан тоифаларга ажратиб чиқиши мумкин, масалан, айрим ҳисобварақ эгалари учун алоҳида қабулхоналар ажратиш ёки уларга алоҳида турдаги чеклар бериши мумкин.
10/2 Қарз бўйича мукофотлар:
Муассаса жорий ҳисобварақ эгаларига айнан шу ҳисобварақлар сабабли моддий совғалар, молиявий имтиёзлар ёки пул кирим-чиқими билан боғлиқ бўлмаган хизмат ва манфаатларни тақдим этиши жоиз эмас. Бунга турли тўловлардан масалан, кредит карталари, банк сейф ячейкалари, пул ўтказмалари, кафолат хатлари ва аккредитивлар учун ундириладиган йиғимлардан тўлиқ ёки қисман озод этиш кабилар киради. Фақатгина жорий ҳисобварақ эгаларига хосланмаган, барча мижозлар учун умумий бўлган мукофот ва имтиёзлар ушбу ҳукмга кирмайди.
10/3 Кредит карталари орқали банкоматлардан нақд пул ечиш комиссиялари:
10/3/1 Банкоматлардан банк карталари орқали нақд пул ечишда олинадиган комиссиялар кўрсатилган хизмат учун ҳақ бўлиб, у қарз билан боғлиқ эмас.
10/3/2 Банкоматлар орқали кредит карталари воситасида нақд пул ечиб олиш учун ундириладиган комиссия шундай хизматлар учун ўртача бозорда қабул қилинган ҳақ доирасида қатъий белгиланган сумма кўринишида бўлиши ва қарздан фойда олишни ўз ичига олмаслиги лозим.. Ушбу тўловни ечилаётган пул миқдорига боғлаш жоиз эмас. Шунингдек, муассаса қайта-қайта комиссия тўловлари ундириш мақсадида нақд пул ечиш учун турли “поғоналар” белгилаш орқали ҳийла ишлатиши ҳамда ечилган маблағни қайтариш муддатини инобатга олиши мумкин эмас. Валюталар турлича бўлган тақдирда, амалдаги айирбошлаш курси қўлланилиши шарт. “Дебет ва кредит карталари” ҳақидаги 2-сонли шаръий меъёрнинг 5-бандига қаралсин.
10/4 Муассаса ва унинг вакил (корреспондент) банклари ўртасидаги ҳисобварақлар ҳолати (овердрафт):
Муассаса ва унинг вакил банклари ўртасида фоиз тўлашдан қочиш мақсадида, бирининг ҳисобварағида юзага келган етишмовчиликни (овердрафтни) иккинчиси фоиз ундирмаган ҳолда қоплаши ҳақида ўзаро келишиб олишларида монелик йўқ. “Валюталар савдоси” тўғрисидаги 1-сонли шаръий меъёрнинг 2/4/1 бандига қаралсин.
11. Меъёр чиқарилган (эълон қилинган) сана:
Ушбу меъёр ҳижрий 1425 йил 30-рабиъул аввал (мил. 2004 йил 19-май) куни чиқарилган.
Таржимон:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFIнинг CSАА сертификати соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров, Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), “Ислом
молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси