Биринчи транш 50 миллион долларга тенг бўлган дастурнинг 10 фоизини, яъни $5 миллионни ташкил этди.
“Alif” финтех компанияси сукук – ислом облигацияларининг «хусусий тарзда» (яъни чекланган сармоядорлар гуруҳи учун ёки бошқача айтганда омматан эмас, балки хоссатан) жойлаштирилишини эълон қилди. 50 миллион долларлик дастур доирасидаги биринчи эмиссия 5 миллион долларни ташкил қилди.
“Alif” Ўзбекистонда фаолият юритувчи финтех компаниялар ичида ислом сукук облигацияларини чиқарган биринчи компания бўлди. Бу қадам халқаро капитални жалб этиш учун янги имкониятлар очиши, ҳамда минтақада ислом молияси воситаларини ривожлантиришга кўмак бериши кутилмоқда.
Молиявий восита Сукук ал-музараба шаклида чиқарилиб, уларни сотиб олган сармоядорларга 3 йиллик муомала муддати билан жозибадор даромадлилик таклиф этади. Сукуклар Европа халқаро бозорида (Люксембургда) жойлаштирилди. Маблағлар халқаро инвесторлардан жалб этилиб, Ўзбекистон иқтисодиётига йўналтирилади. Бу жаҳон молия ҳамжамиятининг мамлакатга қизиқиши ортиб бораётганлигини кўрсатади.
Битимни амалга оширишда инвестиция маслаҳатчиси сифатида Amber Investments Ltd (DIFC) компанияси иштирок этди.
Битим доирасида Швейцариянинг CBH Compagnie Bancaire Helvétique хусусий банки етакчи инвестиция ва агентлик ҳамкори вазифасини ўтади. Morgan, Lewis & Bockius LLP халқаро юридик фирмаси битим тузилиши (таркиби) бўйича ҳуқуқий маслаҳатчи сифатида иштирок этди. Жалб этилган ҳамкорлар таркиби ушбу битимнинг тузилмаси (тузилиши) жуда пухта ишлаб чиқилганлигидан ва унга глобал иштирокчилар томонидан ишонч жуда юқори эканлигидан далолат беради.
“Биз ислом қимматбаҳо қоғозлари – сукуклар каби янги молиявий воситалардан фойдаланган ҳолда Ўзбекистоннинг инвестицион жозибадорлигини бутун дунё бўйлаб тарғиб қилиш бўйича фаолиятимизни давом эттирмоқдамиз. Сукукларнинг хусусий тарзда жойлаштирилиши Alif’нинг минтақада ислом молиясини ривожлантиришга интилишини тасдиқлайди,” – дея изоҳ берди Alif’нинг Ўзбекистондаги бош директори Нуриддин Лафизов.
Жалб этилган маблағлар Ўзбекистонда “Alif” бизнесини ривожлантиришга, хусусан, истеъмолчиларга муддатли тўлов асосида уларга керакли активларни тақдим этувчи “Насия” хизматини молиялаштиришга йўналтирилади.
Маълумот учун:
2014-йилда Абдулла Қурбонов, Фирдавс Мирзоев ва Зуҳуршо Раҳматуллоев томонидан Тожикистонда асос солинган “Alif” бугунги кунда Ўзбекистон, Тожикистон ва Покистондаги лойиҳалари билан Марказий Осиёнинг йирик халқаро финтех компанияларидан бирига айланган.
2021-йилда “Alif” $100 млн га баҳоланди ва ўзининг мавжуд акциядори ва инвестори — Ҳофиз Шаҳидий ва Фирдавс Шаҳидий томонидан ташкил этилган “Jefferson Capital Holdings Limited” компаниясидан $8 млн миқдорида сармоя ва $50 млн миқдорида қарз маблағларини жалб этди.
“Alif” Ўзбекистонда турли имкониятларни тақдим этади: пул ўтказмалари, тўловлар, жамоат транспортида йўл ҳақи тўлаш, давлат хизматларидан фойдаланиш, онлайн савдо платформаси (маркетплейс), “Насия” муддатли тўлов хизмати ва авиачипталар харид қилиш.
Насия хизмати — компаниянинг асосий молиявий маҳсулоти бўлиб, бугун у 1 млн. дан ортиқ фойдаланувчиларга 5000 дан зиёд савдо нуқталарида 24 ойгача бўлган муддатга бошланғич тўловсиз онлайн ва офлайн тарзда муддатли тўловга турли нарсалар харид қилиш имкониятини беради.
Сукук Ал-Музараба — бу шериклик тамойилига асосланган ислом облигациялари бўлиб, инвесторлар лойиҳага маблағ киритади, эмитент компания эса уларни бошқаради ва бизнес юритади. Фойда сармоядорлар ўртасида уларнинг киритган маблағларига мутаносиб равишда тақсимланади, аммо қатъий белгиланган даромад кафолатланмайди, чунки ислом молиясида бундай даромад олиш/бериш (яъни фоиз асосидаги молиявий битимлар) тақиқланган.