Бизга баъзида қандай қилиб Ислом тараққиёт банки – IsDBга ишга кириш мумкин, мен молия ёки иқтисодиёт йўналишида ўқийман, ўқишимни битирганимдан кейин Ислом тараққиёт банкига ишга кирсам бўладими, бунинг учун нималарни билишим керак, деган саволлар билан мурожаат қилиб туришади. Шу каби саволларга жавоб ўлароқ қуйидаги маълумотни эътиборингизга ҳавола қилишга қарор қилдик. Маълумот барча учун манфаатли бўлади деб умид қиламиз.
Ислом тараққиёт банки (IsDB) ходимларни қай тартибда ишга қабул қилади?
Банк ўз таркибидаги бошқарма ва бўлимлардаги (у ёки бу мутахассисга бўлган) эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда ходимларни ишга олади, яъни бўш иш ўринларини энг яхши номзодлар билан тўлдиришга ҳаракат қилади. Номзодларни танлашда Банк ишнинг тури, лавозим талаблари ҳамда номзодларнинг малакасини, хусусан, уларнинг маълумоти, иш тажрибаси, билим ва кўникмалари, шунингдек Банк томонидан қўйилган бошқа талабларга жавоб бера олишларини инобатга олади. Номзодларнинг барчаси иқтисодчи ёки молиячи бўлиши шартмас, чунки Банк молия муассасаси ҳисоблангани билан, у ерда фақат иқтисодиёт-молия соҳаси вакиллари ишламайди, балки лавозим талабига кўра муҳандис (инженер), агроном ёки хатто тиббиёт соҳаси вакиллари ҳам ишлашлари мумкин (чунки Банк турли соҳаларда лойиҳаларни амалга оширишди иштирок этади ва шундай лойиҳаларни молиялаштириш давомида турли касб вакилларига эхтиёж туғилади).
Банк ўзига керакли ходимларни таклиф/жалб қилиш учун йирик халқаро нашрлардан ва аъзо мамлакатларнинг тегишли анъанавий ёки электрон нашрларидан ҳамда бандликка алоқадор йирик веб-сайтлардан фойдаланади (яъни ўзига керакли ходим бўйича талабларини эълон қилади). Албатта бундай эълонлар биринчи навбатда Банкнинг қуйидаги веб-сайтида эълон қилинади: http://www.isdbcareers.com/careers/isdb/VacancySearch.aspx . Номзодлар ушбу эълонларга жавобан онлайн ариза топширишлари мумкин.
Бошқа халқаро ташкилотлар каби, Ислом тараққиёт банкида ҳам иш ўринлари сони бўйича қандайдир аниқ чекловлар/лимитлар йўқ, Банкда эхтиёжга қараб доимий равишда турли, шу жумладан қисқа муддатли бўш иш ўринлари/лавозимлар пайдо бўлиб туради ва Банк шунга кўра эълон бериб боради. Бугунги кунда Банкда мингдан ортиқ одам (нафақат мутахассислар, балки оддий ишчилар ҳам) ишлайди.
Банк ходим танлашда номзоднинг фақат билим ва тажрибасини эмас, балки унинг маънавий жиҳатлари/фазилатларини ҳам инобатга олади, чунки Банк оддий молия муассасаси эмас, балки халқаро ислом муассасаси сифатида ўз қадриятлари ва обрў-эътибори ҳақида ҳам қайғуради.
Шу ўринда бир нарсани айтиб ўтишни лозим деб билдик, инсон қайси соҳада бўлмасин (динимиз нуқтаи назаридан ҳалол бўлган йўналишларда) астойдил билим олишга, кўникмалар хосил қилишга, кейинчалик эса тажрибасини оширишга жиддий эътибор қаратиши керак, чунки ҳар қандай инсон, биринчи навбатда ўзини мусулмон деб ҳисоблаган одам ўз соҳасини билимдони/устаси бўлсагина яхши натижага эришади, ўзига, оиласига ва умматга манфаати тегади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб, “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур” – (Мужодала сураси, 11-оят) деган.