Зироат маҳсулотларидан олинадиган закот –Ушр деб номланади. Демак, моҳиятан ушр ҳам закотнинг бир кўриниши экан. Лекин закотдан баъзи ўзига хос жиҳатлари билан фарқ қилади. Қуйида ушбу асосий фарқларни кўрсатиб ўтамиз:
- Ушр дегани “ўндан бир” деган маънога эга, яъни закотда нисобга етганига бир йил тўлган мол мулкнинг қирқдан биридан закот тўланиши белгиланган бўлса, ушрда табиий равишда суғориладиган ердан (яъни лалми ердан) олинган хосилнинг ўндан бири (10%) ҳақдорларга берилади. Ҳайвон ёки турли техник мосламалар ёрдамида (яъни муайян хатти ҳаракат ва харажатларни амалга оширган ҳолда) суғорилган ердан олинган хосилнинг йигирмадан бири (5%) ушр сифатида ажратилади. Агар экинни бир сафар ёмғир суви суғорса, кейинги сафар сарф-харажат ва хатти-ҳаракатлар қилиб суғорилса унда 7,5%* ушрга ажратилади.
- Ушр тўлаш учун мол-мулк нисобга етганига бир йил тўлиши керак деган талаб йўқ. Шариатда ушр фарз бўлиши учун ҳам миқдор-нисоб белгиланган, лекин у маълум муддат ушр тўловчининг қўлида мулк бўлиб туриши шарт қилинмаган. Деҳқончилик маҳсулотларининг нисоби беш васақдир (бир васақ 122,4 килограмм, беш васақ эса 612 килограммдир). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Миқдори беш васаққа етмагунча (экинларда) закот вожиб эмасдир» (Муттафақун алайҳ).
- Закот бир йилда бир марта тўланади, ушр эса ҳар хосилдан берилади.
- Ушрда ҳожати аслиядан ташқари (ортиқча) мол-мулк бўлиши лозим деган шарт ҳам йўқ.
- Ушр беришда бой ёки камбағаллик инобатга олинмайди. Ҳар икки тоифа ҳам ушрни адо қилишлари шарт. Лекин ушр берган инсон камбағал бўлса, бошқалар берган ушрни ёки закотни қабул қила олади, аммо закот берган бойнинг закот олиши мумкин эмас.
* уламолар шундай жавоб беришган, лекин амалиётда ҳосил неча кун табиий равишда, неча кун сунъий равишда суғорилди деб ҳисоб-китоб олиб бориш қийин. Унинг устига, лалми ерлар одатда сув тортиб суғорилмайди. Бундай ҳолатда аниқ хисоб-китоб қилолмасдан адашиб кетилса, ҳақдорларнинг ҳақига хиёнат бўлиб қолиши мумкин. Зеро, уламолар: “Мўмин кишининг моли нисобга етса, унинг моллари орасига садақа олишга ҳақдор кишининг ҳақи қўшилиб қолади. Закотини чиқарса, моли покланади, кўпаяди, хонадонига барака киради. Аксинча бўлса, гуноҳкор бўлади”, деб таъкидлайдилар. Валлоҳу аълам.