Савол:
Ассалому алайкум! Тикувчига буюртма берилган, Made in Kyrgizstan ёки бошқа давлат номи кўрсатилган этикеткаларни буюртмачи тикувчига берган тикилаётган кийимларга қўшиб тикиши учун. Аслида бу кийимлар тикувчилар томонидан Ўзбекистонда тикиляпти. Ушбу ёрлиқлар тикиб сотилган маҳсулотлардан олинган даромад жоизми? Тикувчига, буюртмачига, сотувчига ҳалол бўладими ёки ҳаром бўладими?
Жавоб:
Ва алайкум ассалом! Бу ёлғон ва макр.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким алдаса, биздан эмасдир», деганлар.
Абу Довуд, Муслим ва Термизий ривоят қилишган.
Валлоҳу аълам!
Ислом молияси изоҳи:
Демак, ёлғон, макр ишлатиш орқали топилган даромад шу жараёнда билиб туриб иштирок этганларга ҳалол бўлмас экан. Фиқҳ уламолари қуйидаги фиқҳий қоидани собит қилганлар: “Ҳаромга олиб борадиган ҳар нарса ҳаромдир“. Алалхусус, ҳаром ишлаб орттирилган гуноҳ фақат у гуноҳни қилган кишига эмас, балки у ҳаромни қилган кишига моддий ва маънавий жиҳатдан ёрдам берганлар ҳам гуноҳга шерик саналадилар. Бундай бир ишда ҳар кишининг гуноҳи у ҳаромга қатнашиш нисбатига кўра бўлади. Масалан: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалом ичкилик ичганни, уни ишлаб чиқарганни, ташиганни, ўзи учун кўтариб юрганни, ундан келган маблағни еганни лаънатлаганлар. Фоизда ҳам ҳукм бир хил: фоизни олган, берган, котиблик қилган, гувоҳлик берган ва бу жараёнда қатнашган киши бир хил даражада гуноҳкор ва лаънатланган саналади.
Шу тариқа маълум бўладики, ҳаромга олиб борадиган иш ва бу ишда иштирок этиб ёрдам бериш ҳаромдир. Ҳаром бир ишда ёрдам қилиш билан қатнашган ҳар бир киши ҳам гуноҳга шерикдир.
Ислом очиқча ҳаромга олиб борган ҳар воситани ҳаром қилгани каби шайтоний ҳийла ва яширин йўллар билан у ҳаромни ишлаш учун ҳийла қилишларни ҳам ҳаром қилгандир. Гуноҳ саналган ҳийлалардан бири эса ҳаром бўлган бир нарсани асл исмидан бошқа бир исм қўйиш ва ҳақиқий сифатини сақлаб қолган ҳолда фақатгина шаклини ўзгартиришликдир. Масалан, фоизни олиш-бериш учун бир қанча ҳийлали йўллар қўлланилса ва шаробни (ҳалол кўрсатиш учун) бир туркум исмлар қўйилса ҳам фоизнинг ва шаробнинг асл гуноҳи давомий ва боқийдир.
Ҳаром масаласидаги Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаламнинг қуйидаги ҳадисларини ҳар биримиз яхши англаб етишимиз лозим:
“Умматимдан бир тоифа келадики, шаробга асл исмидан бошқа исмлар кўяди ва уни ҳалоллаштиради“. (Аҳмад ривояти).
“Бутун бир иштиёқ билан ҳаж ва умра учун йўл азобларини чекиб келган бир инсонни тасаввур қилинг. Қўлларини самога узатиб “Ё Роббим! деб ёлворгани ҳолда егани ҳаром, ичгани ҳаром, кийгани ҳаром ва ҳар турли озиғи ҳаром бўлган кишини тасаввур қилинг. Бундай бир одамнинг дуоси қандай қабул бўлсин?” (Муслим ва Термизий ривоят қилишган).
Бошқа бир ҳадисда шундай марҳамат қилинади: “Ҳаромдан мол тўплаб садақа қилган инсон бу садақасидан ҳеч бир ажр қозона олмас. Устига-устак гуноҳи ҳам бўйнида боқий қолар“. (Ибн Хазм, Ибн Ҳиббон ва Ҳаким ривоят қилишган).
“Ҳаром йўл билан топилган молини садақа қилган ҳар қулнинг бу садақаси қабул бўлмайди. Ундан бир қисмини инфоқ этиб, бошқасини қолдирган бўлса қолган қисмида ҳам ўзи учун хайр йўқдир. Ҳаммасини ўзида қолдирса, ўзини кун ўтган сайин оташга яқинлаштирган бўлади. Аллоҳ таоло ёмонни ёмон билан эмас, ёмонни яхши билан кетказар. Шунга ўхшаш бир ёмонлик бошқа бир ёмонликни кетказмас“. (Аҳмад).
Манба: https://savollar.islom.uz ва https://islom.uz да қўйилган мақолалар асосида тайёрланди.