Бугунги кунда турли хил чегирмалар, акциялар ва уларнинг турлари савдо-сотиқни жадаллаштирувчи воситалардан бўлиб қолди. Маркетинг ва реклама компаниялари, сайёҳлик агентликлари ёки савдо марказлари томонидан чиқарилган чегирма карталари ва промо купонлари ҳам бунинг яққол мисолидир. Ушбу карта ва купонлар эгасига бир қатор компаниялардан маҳсулот ёки хизматлар харид қилишда маълум чегирмалар берилишига сабаб бўлади.
Бундай карта ва купонлар асосан икки турга бўлинади:
- маълум муддатга, нақд пул эвазига бериладиган чегирма карталари;
- мижозга рағбатлантириш сифатида бериладиган бепул карталар. Одатда ушбу карталар купон деб ҳам номланади ва харидорнинг харидлари маълум чегарага етганидан сўнг бепул берилиши мумкин.
Нақд пул эвазига бериладиган карточкаларни ислом уламолари жоиз эмас, дейишади, чунки улар шариатга бир неча жиҳатдан мос келмайди: Бундай айирбошлаш ноаниқлик ва таваккалчиликка асосланган бўлиб, “ёки зарар, ёки фойда кўриш” тамойилига қурилган бўлади. Агар мижоз ушбу карталарнинг қайта ишлаш ва чиқариш харажатларидан каттароқ миқдорда маблағ тўлаган бўлса ёки улар йиллик обунани тўлаш эвазига ишлаб чиқарилса, бу турдаги карталар, албатта, тақиқланади, чунки у қимор ўйинлари каби бўлади.
Мижозга рағбатлантириш сифатида берилган купонлар, агар улар савдо маркази ёки компания томонидан, совринли ўйинда қатнашиш ёки чегирма олиш учун бепулга берилса, улар жоиздир. Шу билан бирга, улар мижозга нархларни пасайтириш ёки унга мукофот бериш ваъдасини берган ҳисобланадилар.
Юқоридаги фикр Жаҳон Мусулмонлар Лигаси Ислом Фиқҳи Ассамблеяси №(103) (2/18) томонидан қабул қилинган ва унда шундай дейилган:
“Биринчидан: Юқорида қайд этилган чегирма карталарини муайян нарх ёки йиллик обуна эвазига чиқариш ёки сотиб олиш мумкин эмас, чунки бу ғарар (мавҳумлик)ни ўз ичига олади, яъни бунда харидор пул тўлайди ва бунинг эвазига нима олишини аниқ билмайди (харажат аниқ, лекин фойда мавҳум).
Иккинчидан: Агар бу карточкалар текинга чиқарилган бўлса (купон), уларни чиқариш ва қабул қилиш жоиздир, чунки улар совға ёки эҳсонга тенгдир.”
Валлоҳу аълам.
Манба: Ifta’ Department of Jordan