AAOIFI Бош Ассамблеяси (Олий кенгаши)
Бош Ассамблея AAOIFIнинг энг юқори босқичи (инстанцияси) ҳисобланади. Акциядорлар йиғилишига ўхшаб, Бош Ассамблея йиғилиши AAOIFI аъзолари учун олий кенгаш (машварат) вазифасини бажаради. Бош Ассамблея йиғилиши, жумладан, AAOIFI Низомига ўзгартиришлар киритиш, янги аъзоларни қабул қилиш, Васийлик кенгашини тайинлаш ва йиллик молиявий ҳисоботларни қабул қилиш ваколатига эга.
Бош Ассамблея барча таъсисчилар, тўлақонли, ваколати чекланган, кузатувчи аъзолар ҳамда тартибга солувчи ва назорат қилувчи бўлинмалардан иборат.
Ваколати чекланган ҳамда кузатувчи аъзолар Бош Ассамблея йиғилишларида қатнашиш ҳуқуқига эга, аммо овоз бериш ҳуқуқига эга эмас. Бош Ассамблея AAOIFIнинг олий ҳокимияти ҳисобланади ва йилига камида бир марта чақирилади.
Бош Ассамблеянинг ваколатлари:
– AAOIFI низомига киритилган ўзгартиришларни тасдиқлаш;
– Бош Ассамблеянинг янги аъзоларини қабул қилиш тўғрисидаги аризаларни тасдиқлаш;
– Васийлик кенгаши аъзоларини тайинлаш;
– Васийлик кенгашининг ҳисоботини, AAOIFI молиявий ҳисоботини ва ташқи аудитор ҳисоботини тасдиқлаш;
– Ташқи аудиторни тайинлашга розилик бериш ва унинг хизмат ҳақини белгилаш;
Васийлик кенгаши
Васийлик кенгаши ҳар беш йилда Бош Ассамблея томонидан тайинланадиган ўн тўққиз нафаргача аъзодан, шу жумладан Бош котибдан иборат бўлиб, улар кейинги кенгаш аъзолари тайинланмагунча ўз фаолиятини давом эттирадилар. Васийлик кенгаши аъзолари қуйидаги тоифалар орасидан уларнинг географик жойлашувини ҳисобга олган ҳолда сайланади:
1. Ислом молия муассасаларини вакили бўлган ўнтагача аъзо, шу жумладан таъсисчи аъзолар ва улар билан бир хил ҳуқуқларга эга бўлган беш нафар аъзо.
2. Бухгалтерия ҳисоби ва аудит бўйича икки нафаргача амалиётчи аъзолар, бунда уларнинг асосий (профессионал) фаолияти ислом молия муассасалари билан боғлиқ бўлиши керак.
3. Ислом молия муассасаларининг молиявий ҳисоботларидан фойдаланувчилардан битта аъзо.
4. Тартибга солувчи ва назорат қилувчи бўлинмаларнинг уч нафаргача вакили.
5. Шариат фиқҳи бўйича икки мутахассис.
Васийлик кенгаши аъзолари Бош Ассамблея томонидан одатда 5 йил муддатга тайинланади
Васийлик кенгашининг вазифалари
AAOIFI Васийлик кенгаши AAOIFI амалиётларини назорат қилишни таъминлайди.
Васийлик кенгаши AAOIFI стандартлари кенгашларини, яъни Шариат Кенгаши, Бухгалтерия ҳисоби ва аудит стандартлари кенгаши ва Бошқарув ва ахлоқ стандартлари кенгашини тайинлаш учун жавобгардир.
Васийлик кенгаши, шунингдек, AAOIFI молиялаштириш манбаларини тартибга солиш, AAOIFI стандартларини қабул қилиш учун тегишли ташкилотларга мурожаат қилиш, AAOIFI иш режаси ва бюджетини тасдиқлаш ва Бош котибни тайинлаш учун жавобгардир. Унинг масъулиятига, шунингдек, Бош Ассамблея томонидан якуний тасдиқлаш/қабул қилиш учун йиллик молиявий ҳисоботларни кўриб чиқиш ва БАга тақдим қилиш киради.
Васийлик кенгашининг ваколатлари
Васийлик кенгаши қуйидаги ваколатларга эга:
(А) ушбу Низом қоидаларига мувофиқ AAOIFI техник кенгашлари аъзоларини тайинлаш ва аъзоликни тугатиш.
(Б) AAOIFI учун молия маблағлари жалб қилиш ва бу молия маблағларини инвестиция қилиш.
(C) йиллик молиявий ҳисоботни текшириш учун ҳар йили ташқи аудиторни тайинлаш ва унга ҳақ тўлаш бўйича тавсия бериш.
(Д) AAOIFI иш режасини ва йиллик бюджетини тасдиқлаш.
(Е) Васийлик кенгашининг йиллик ҳисоботини, молиявий ҳисоботини, ташқи аудиторлик ҳисоботини тасдиқлаш ва уларни Бош Ассамблеяга тасдиқлаш учун тақдим этиш.
(Ф) AAOIFI низомига ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар қилиш.
(Г) AAOIFI Кенгашлари ва қуйи қўмиталари аъзоларига ўз вазифаларини бажариш чоғида қилган харажатларини қоплаш учун (ушбу кенгашлар ва қуйи қўмиталар аъзолари ўз ишларини бепул бажаришларини ҳисобга олган ҳолда) керакли миқдорда ҳақ тўлаш масаласини ҳал қилиш.
(Ҳ) Бош котибни тайинлаш ва унинг ўз вазифаларини бажариш шарт-шароитларини белгилаш/ўрнатиш
(И) AAOIFI томонидан чиқарилган баёнотлар, стандартлар ва йўриқномаларни қабул қилиш учун ислом молия муассасалари фаолият юритадиган мамлакатларда стандартларни жорий этиш учун масъул бўлган тегишли идораларга мурожаат қилиш.
Бироқ, на Васийлик кенгаши ва на унинг қуйи қўмиталари, шу жумладан Ижроия қўмитаси, AAOIFIнинг бошқа кенгашлари ишига бевосита ёки билвосита аралашмайди ёки уларга бирон бир тарзда раҳбарлик қилмайди.