Аввалги мақоламизда Сукукнинг инвестор ва SPV ўртасидаги муносабатига кўра бир неча турлари мавжудлиги ҳақида маълумот берилиб, уларнинг фақатгина номлари келтирилган эди. Ушбу ва келгуси бир неча мақолаларимизда уларнинг энг йирик ва асосийларига алоҳида тўхталиб ўтамиз.
Музораба, мушорака, муробаҳа, ижара ва салам каби атамалар ислом молиясида келишув турларини англатади ҳамда улардан фойдаланган ҳолда молиявий инструментлар ишлаб чиқилади (Ислом молияси телеграм саҳифаси ёки сайтига кириб калит сўзларни киритиб ушбу ислом молияси маҳсулотлари ҳақидаги мақола ва маълумотларни топишингиз мумкин).
Музораба сукуки
SPV музориб сифатида, сукук эгалари эса инвестор/роббул мол сифатида қатнашишади. Инвестор лойиҳа доирасидаги активлар (SPV активлари)нинг эгаси ҳисобланади. Лойиҳа бошқаруви, фойда ва зарар тақсимоти музораба келишувининг тартиб-қоидалари асосида амалга оширилади. Сукукда номинал (бошланғич) қийматнинг қайтиши ва даврий фойда тўланиши кафолатланмаган, балки лойиҳанинг истиқболига боғлиқ бўлади, яъни риск/хатарга асосланади. Келишув муддати якунида SPV инвестордан лойиҳани ўша пайтдаги бозор нархида сотиб олади ва бу нарх ўзида сукук сўндирилиш/қопланиш қийматини акс эттиради.
Аввало инвестиция жалб қилмоқчи бўлган корхона ташаббускор сифатида SPV ташкил этади. SPV ҳузурида шариат кенгаши тузилади ва қонунчилик талаби ёки жамият ихтиёрига кўра андеррайтер (чиқарилган сукукнинг муайян миқдорини сотиб олиб, кейинчалик уни инвесторларга сотиш йўли билан жойлаштириш мажбуриятини оладиган кафил) ва рейтинг агентликлари жалб қилиниши мумкин. Ундан сўнг жараён қуйидаги тартибда давом этади:
1. SPV сукук чиқаради ва сармоядорлар уни сотиб олишади. Сукук орқали келиб тушган маблағ белгиланган лойиҳага киритилади. Лойиҳа суммаси тўлалигича сукук орқали қопланади.
2. Бизнес лойиҳа муваффақиятли амалга ошган тақдирда соф фойда аввалдан келишилган нисбатда тақсимланади сукук эгаларига даврий фойдадан улуш берилади. Бунда ҳар бир сармоядор жами улушнинг сукукларига мос равишда ҳиссасини олади. Лойиҳа фойда билан чиқмаса сукукдан даврий даромад ҳам шаклланмайди.
3. Сукук муддати якунлангандан кейин SPV сукук эгаларига лойиҳанинг бозор қийматини тўлаб бериш билан сукукларни сўндиради (яъни лойиҳани бозор нархида сотиб олади).
Музораба сукуки билан иккиламчи бозорда олди-сотди жараёнларини амалга ошириш мумкин. Бунда инвестор лойиҳа активларидаги ўз улуши билан савдо қилган ҳисобланади.
Мушорака сукуки
SPV ва инвесторларлар ўзаро шерик сифатида иштирок этади ҳамда SPV активларига ҳам биргаликда мутаносиб улушда эгалик қиладилар. Лойиҳа бошқаруви, фойда ва зарар тақсимоти мушорака келишувининг тартиб-қоидалари асосида амалга оширилади. Бошқа барча масалалар музораба сукуки каби амалга оширилади.
Бунда ҳам инвестиция жалб қилмоқчи бўлган корхона ташаббускор сифатида SPV ташкил этади. Ундан сўнг жараён қуйидаги тартибда давом этади:
1. SPV сукук чиқаради ва инвесторлар уни сотиб олади. Сукук орқали келиб тушган маблағ белгиланган лойиҳага киритилади. Бунда SPV ҳам ўз ёнидан сармоя қиритади лойиҳа суммасининг қолган қисми сукук орқали қопланади.
2. Бизнес лойиҳа муваффақиятли амалга ошган тақдирда соф фойда аввалдан келишилган нисбатда тақсимланади, сукук эгаларига даврий фойдадан улуш берилади. Бунда ҳар бир инвестор жами улушнинг сукукларига мос равишда ҳиссасини олади. Лойиҳа фойда билан чиқмаса сукукдан даврий даромад ҳам шаклланмайди.
3. Сукук муддати якунлангандан кейин SPV лойиҳанинг бозор қийматини аниқлайди ва сукук эгаларига лойиҳадаги улушларига мос нисбатда баҳоланган қийматдан тўлаб бериш билан сукукларни сўндиради (яъни лойиҳадаги улушларини бозор нархида сотиб олади).
Муаллиф: Сирожиддин Аброров
Тошкент давлат иқтисодиёт университети
“Молия” кафедраси доценти,
иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)