Сукукларнинг фаолият мақсадига кўра турли хил таснифларга ажратилиши унинг амалиётда фойдаланилиши ва лойиҳани молиялаштириш учун турларини танлашда муҳим аҳамият касб этади.
Сукук операцияларини амалга оширишда юқори аниқликни талаб қилувчи ўзига хос жиҳатларининг мавжудлиги сабабидан одатда эмитент учун алоҳида SPV ташкил этилади. SPV бизнес лойиҳа ва молиявий амалиётларни самарали бошқариш имкониятини яратади.
Сукукнинг инвестор ва SPV ўртасидаги муносабатига кўра бир неча турлари мавжуд бўлиб, ҳар бири ўзига хос механизм асосида амалга оширилади. Улар қуйидагилардан иборат:
– мудораба сукуки;
– мушорака сукуки;
– муробаҳа сукуки;
– ижара сукуки;
– салам сукуки;
– истисно сукуки.
Сукукни хатарнинг инвесторларга ўтиш даражасига кўра икки турга ажратиш мумкин:
– активларга асосланган (Asset-based);
– активлар гарови билан таъминланган (Asset-backed).
Активларга асосланган сукукларда сармоядорлар сукук чиқарувчи эмитент рискини қабул қилиб олади ва улар рискда шерик ҳисобланади. Активдан молиялаштириш амалга оширишда фойдаланилади. Бу турдаги сукукларга мудораба сукуки, мушорака сукуки ва ижара сукукини мисол қилиш мумкин.
Активлар гарови билан таъминланган сукукларда инвесторлар актив билан боғлиқ хатарни қабул қилиб олади. Эмитент фаолияти билан боғлиқ хатарлар сармоядор зиммасига ўтмайди. Айнан шу турдаги сукуклар активларни секюритизацияси учун (яъни сукук асосида сармоя жалб қилиш) хизмат қилади. Муробаҳа сукуки, салам сукуки ва истисно сукуки унинг таркибига киради.
Сукуклар иккиламчи бозордаги ўрнига кўра икки турга бўлинади:
– иккиламчи бозорда сотиладиган;
– иккиламчи бозорда сотилмайдиган.
Ислом молия тизимидаги қимматли қоғозларнинг бошқа қимматли қоғозлардан фарқли жиҳатларидан бири, уларнинг айрим турлари иккиламчи бозорлардаги муомаласига рухсат этилмаслигидадир. Ислом молияси тамойилларига кўра қарзларни иккиламчи бозорларда сотиш мумкин эмас. Шу боис муробаҳа сукуки, салам сукуки ва истисно сукуки жойлаштирилгандан улар сўндирилгунга қадар (яъни қайтарилмагунча) эгаси ўзгармайди.
Назарий жиҳатдан муробаҳа сукукида актив сукук эгалари номига ўтиб, эмитент номига ўтгунга қадар сертификатнинг иккиламчи бозорига рухсат бериш мумкин. Аммо бу жараён бугунги кунда автоматлаштирилган ҳолда тезкорлик билан амалга оширилганлиги сабабли амалиётда олди-сотди амалиётлари учун деярли ўрин қолдирмайди. Салам ва истисно сукукида ҳам шунга ўхшаш ҳолатни кузатиш мумкин. Маҳсулот тайёр бўлиб инвестор номига ўтгандан сўнг, шариат нуқтаи назаридан қимматли қоғоз савдосини амалга ошириш мумкин. Амалиётда маҳсулот тайёр бўлиши билан бозор нархида сотилиб, маблағдан сукукни сўндириш/қайтариш учун фойдаланилади. Бу эса, иккиламчи савдога ўрин қолдирмайди.
Сармоядор иккиламчи бозорни ҳам ҳисобга оладиган бўлса, у ҳолда савдога рухсат этиладиган мудораба сукуки, мушорака сукуки ва ижара сукукидан фойдаланиш тавсия этилади. Бу турдаги сукукларда сармоядорлар моҳиятан активлардаги ўз улушларини сотган ҳисобланадилар.
Сукуклар эмиссиясининг туб моҳияти ва бош мақсади сармоя жалб этиш эканлиги ҳисобга олинса, сармоядорлар учун қимматли қоғознинг жозибадорлиги муҳим аҳамият касб этади. Жозибадорликнинг бош кўрсаткичи сифатида молиялаштирилувчи лойиҳа истиқболи ва сармоядорлар учун тахминий даромад даражаси ҳисобланади. Даромад даражаси қанчалик юқори бўлса, сукуклар эмиссияси учун талаб шунчалик ортиб боради. Шу жиҳатларни инобатга олган ҳолда, сукукларни тадқиқ қилиш, ўрганиш ва амалиётда фойдаланиш учун сукукларни таснифлашда уларнинг даромад даражаси аниқлиги ва сўндирилиш тўлови мавжудлигига кўра турлари ҳам мавжуд.
Сукукларни даромад даражасининг аниқлигига кўра 2 турга ажратиш мақсадга мувофиқ:
– даромадларни юқори даражада аниқлик билан тахмин қилиш имконияти мавжуд;
– даромад даражаси лойиҳа билан боғлиқ хатарга боғлиқ.
Даромадларни юқори даражада аниқлик билан прогноз қилиш имконияти мавжуд сукуклар таркибига ижара сукуки ва муробаҳа сукуклари киради. Бу ижара ва кечиктирилган тўловларнинг аввалдан белгиланиши ва эмитент учун кредиторлик қарздорлигини ифодалаши билан изоҳланади. Инвесторлар тўлов миқдори ва муддатидан хабардорлиги туфайли уларнинг даромад даражаси аниқлиги юқори бўлади.
Даромад даражаси лойиҳа рискига боғлиқ сукуклар таркиби мудораба сукуки, мушорака сукуки, салам сукуки ва истисно сукукидан ташкил топади. Сукуклар учун даврий тўлов (даромад) даражаси лойиҳа истиқболи билан бевосита боғлиқ бўлиб, аввалдан маълум бўлмайди. Лойиҳанинг риски бевосита сукук билан боғлиқ хатарни ифодалайди. Шунга кўра сукукларнинг даромад даражаси фақатгина рискка асосланган кафолатланмаган таминий кўрсаткичларидан иборат бўлади.
Сўндириш тўлови мавжудлигига кўра 2 турга ажратиш мумкин:
– сўндириш учун алоҳида тўлов мавжуд бўлмаган;
– сўндириш учун алоҳида тўлов тўланадиган.
Муробаҳа сукуки активни бўлиб тўлаш шарти билан сотиш мазмунини англатганлиги учун барча тўловлар сотув нархини ифодалайди ва сукук номинал (бошланғич) қиймати ва даромадини ўз ичига олади. Сўнгги транзакция билан келишув якунига етади ва қимматли қоғознинг муомала муддати якунига етади ҳамда сўндирилган ҳисобланади. Сертификат сўндирилиши учун алоҳида тўлов амалга оширилмайди.
Салам сукукида сўндирилиш қиймати сифатида маҳсулотнинг бозор нархи тушунилиб, сотувдан келган тушум сукук эгаларига тақсимланади ҳамда сукук сўндирилади. Сукукларнинг қолган турлари: мудораба сукуки, мушорака сукуки ва ижара сукукида сўндирилиш муддати келганида лойиҳа ва активнинг бозор нархида эмитент томонидан сотиб олиниши унинг сўндирилишини англатади.
Муаллиф: Сирожиддин Аброров
Тошкент давлат иқтисодиёт университети “Молия” кафедраси доценти,
иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
[1] Жадвал муаллиф томонидан тузилган.