Vakif Katilim банкини айланма маблағлар (сармоя) билан таъминлаш мақсадида Ислом тараққиёт банки (ИТБ) Туркия ҳукуматининг кафолати остида Вақф мудирлигига 300 млн. АҚШ доллари миқдорида узоқ муддатли молиявий ёрдам ажратди. ИТБ ва Туркия Вақф мудирлиги ўртасидаги битим ислом молияси маҳсулотларидан бири бўлган – чекланган мудораба асосида тузилди. ИТБ ажратган маблағлар ҳисобидан Туркия Вақф мудирлиги янги Вақф шерикчилик банки (Vakif Katilim bankasi)га асос солди, ажратилган маблағлар Вақф мудирлиги томонидан чекланган мудараба келишувига биноан устав капитали сифатида Вақф шерикчилик банкига киритилди ва Vakif Katilim банкига Мудориб, яъни ИТБ томонидан ажратилган маблағларни бошқариш/тасарруф этиш вазифаси юкланди. ИТБ робб ул-мол (сармоядор) сифатида ажратилган маблағни фақат бир мақсадда – Вақф шерикчилик банкини ташкил этиш учун йўналтиришни белгилаб берганлиги учун ушбу битим чекланган мудораба шаклини олди. Қуйидаги суратда ушбу келишувнинг қисқача чизма шаклидаги кўриниши акс эттирилган:
Айтиб ўтиш лозим, ушбу битим тузилгунга қадар ҳам Туркия Вақф мудирлиги банкларни бошқариш бўйича етарли тажрибага эга эди. Масалан, мудирлик Kuveyt Türk Katılım Bankasıнинг сармоядорларидан бири ҳисобланади (2020 йил январ ҳолатига кўра, банкнинг 18,72% эгалиги мудирликка тегишли). Вақф мудирлигининг ўз банк активларини бошқариш бўйича мавжуд тажрибаси янги шерикчиликка асосланган банкни яратишда ва унинг муваффақиятини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Вақф шерикчилик банки (Vakif Katilim bankasi) ишга тушганига кўп ўтмасдан Вақф мудирлигига дивидендлар (яъни олинган фойдадан улуш) тўлашни бошлади. 2018 йилнинг ўзида Вақф мудирлиги 20,000 дан ортиқ(!) талабага, шу жумладан бошқа мамлакатлардан келган (халқаро) талабаларга грант ва стипендиялар ажратди, 5,000 нафар етим ва ногирон инсонларга моддий ёрдам кўрсатилди, ҳар ой ижтимоий ҳимояга мухтож 20,315 оилага озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Бундан ташқари 2018 йилда Шимолий Кипр Турк Республикаси, Босния ва Герцеговина Республикаси, Косово Республикаси ва Шимолий Македония Республикасидаги эҳтиёжманд оилаларга жами 26,000 та озиқ-овқат пакетлари етказиб берилди. Истанбулда Eyüp İmaretда ҳар куни 2,000 кишига иссиқ овқат берилди. Бундан ташқари, 202 та вақф мулклари таъмирдан чиқарилди.
Вақф шерикчилик банки (Vakif Katilim bankasi) 2016 йилда ўз фаолиятини расман бошлаган бўлиб, 2019 йилда банк 1,300 дан ортиқ ходимларни иш билан таъминлади, қисқа вақт ичида бўлинма/филиаллари сони 100 тадан ошди. Жами активлари ҳажми 4,8 млрд. АҚШ долларини ташкил этди ва хизмат кўрсатилаётган мижозлар сони 270,000 кишидан ошди. Энг муҳими, Вақф шерикчилик банки (Vakif Katilim bankasi) активлари ҳажми 3 йил давом этган давомли ўсишдан сўнг 2019 йилда Туркиядаги ислом банклари активларининг 10,6 %ни ташкил етди. Шунингдек, Банк ислом қимматли қоғозлари – Сукукларни мунтазам равишда чиқаришни ҳам йўлга қўйди (халқаро тажриба шуни кўрсатадики, сукуклар вақф муассасалари учун янги лойиҳаларни амалга оширишда жуда қулай бўлган маҳсулотдир) ва шу орқали Туркия ислом молияси маҳсулотлари ривожига ва турли-туман бўлишига муносиб ҳисса қўшди. Туркия Шерикчиликка асосланган банклари ассоциацияси маълумотларига кўра, Вақф шерикчилик банки (Vakif Katilim bankasi) 2019 йилда шерикчилик асосидаги банклар орасида энг кўп ҳажмда Сукук (9,01 млрд. турк лираси) чиқарган.
Сукук эмиссиялари ва банк фаолияти тўғрисида қуйидагича баёнот берилган: “Бизнинг мақсадимиз нафақат шерикчиликка асосланган банк тармоғида катта улушга эга бўлиш, балки умумий банк тармоғи ва мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришдир. Биз маҳаллий ва хорижий сармоядорларни жалб қилиш ва уларни шерикчиликка асосланган молиялаштириш тизимига йўналтириш, маблағ манбаларини диверсификация қилиш ва тўпланган маблағларни кўпроқ инсонларга манфаат етказадиган лойиҳаларга сафарбар этиш учун ҳаракат қиламиз”.
2019 йилда ташкил этилган II Истанбул Иқтисодиёт йиғилиши давомида Вақф шерикчилик банки (Vakif Katilim bankasi) Туркиядаги “Энг муваффақиятли шерикчиликка асосланган банк” мукофотига сазовор бўлди.
Бундан ташқари, Вақф шерикчилик банки (Vakif Katilim bankasi) Туркияда банк соҳасида оз сонли илмий-тадқиқот марказларидан бирига асос солишга эришди. Илмий-тадқиқот марказининг асосий мақсади – финтек (янги молиявий технологиялар)ни ривожлантириш ва янги технологик компанияларга кўмак беришни мақсад қилади. Банк, шунингдек, Туркиядаги янги тузилаётган корхоналарни қўллаб-қувватлаш учун кичик миқдордаги венчур капитал жамғармасини ҳам ишга туширди (венчур лойиҳаларни молиялаштириш – турли соҳалардаги янги йўналиш/лойиҳаларни тўғридан тўғри молиялаштириш бўлиб, бундан лойиҳалар соҳада янгилик яратишга қаратилган бўлганлиги сабаб сармоядор учун юқори хатарга эга бўлади, лекин шу билан бирга лойиҳанинг муваффаққияти сармоядорга жуда катта фойда келтиради).
2020 йил 3-кварталдаги банк ҳисоботига кўра, банкнинг жами активлари ҳажми 53,3 млрд турк лираси (7,4 млрд. АҚШ доллари)га етди.