Давлат думаси депутати Расул Боташевнинг сўзларига кўра, ушбу ташаббус Марказий банкда ташкил этилган махсус комиссия томонидан муҳокама қилинмоқда.
Россияда шариат меъёрларига асосланган ҳолда уй-жой сотиб олишни молиялаштиришни кўзда тутувчи махсус ипотекани йўлга қўйиш режалаштирилмоқда, дея хабар беради Kun.uz нашри. Бунда ссудага фоиз қўйилмайди, балки уй-жойнинг таннархи ва унинг сотилиш нархи ўртасидаги тафовут миқдори ҳисобга олинади. Бу ҳақда Бошқирдистон ташқи иқтисодий алоқалар давлат қўмитаси маълум қилди.
Қайд этилишича, ҳозирда ҳалол ипотека ва ислом банкларига бўлган талаб ўсиб бормоқда. Давлат думаси депутати Расул Боташевнинг сўзларига кўра, ушбу ташаббус Марказий банкда ташкил этилган махсус комиссия томонидан муҳокама қилинмоқда.
«Ҳалол мавзуси бу нафақат озиқ-овқат маҳсулотлари, балки турмуш тарзи ҳамдир. Мазкур бизнеснинг ривожи истеъмолчилар ишончига боғлиқ, шу боис уни диний-ахлоқий қадриятларни ҳисобга олган ҳолда олиб бориш лозим», — деди Россия мусулмонлари диний бошқармаси раиси Талгат Тожиддин Уфада бўлиб ўтган халқаро бизнес ҳафталигида.
Россияда аввалроқ ёшлар учун имтиёзли ипотека дастури эълон қилинганди.
Бугунги кунда Россияда тахминан 20 млн. мусулмон яшайди. Мамлакатда ислом молияси тамойилларига мувофиқ бўлган молиявий амалиётлар ўтказиш 90 йилларининг ўрталарида бошланган бўлса, 2015-2016 йилларда мамлакатда ислом молия тизимини тўлақонли жорий қилиш бўйича йўл харитаси ишлаб чиқилган. Ўзбекистонда 30 миллиондан ортиқ киши ислом динига эътиқод қилади, ислом молияси маҳсулотларига аҳоли тарафидан ҳам, тадбиркорлар томонидан ҳам эхтиёж юқори, анъанавий молия маҳсулотларига муқобил бўлган ислом молия маҳсулотлари ҳам етарли, масалан худди шу ипотекани ислом молия тизимида бир неча усул билан, жумладан “Мушорака мутанақиса”, “Ижара мунтаҳия бит-тамлик” ёки “Муробаҳа” (агар уй тайёр бўлса) молия маҳсулотлари орқали амалга оширса бўлади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ислом молия тизимини мамлакатимизда жорий қилиш масаласи қанчалик тез ижобий хал қилинса, аҳолимиз ва тадбиркорларимиз эҳтиёжлари шунчалик тез қондирилади ва бунинг натижаси албатта иқтисодиётнинг ривожида акс этади. Зеро, аҳоли ва тадбиркорлар манфаатига хизмат қилувчи ҳар бир хатти-ҳаракат тез орада мамлакат иқтисодиёти ривожида ўз ижобий аксини топади, бунга шубҳа йўқ.