Қуйида, 2007 йилда Дубай ислом банки ташаббуси билан тузилган Dar Al Sharia – шариат уламолари, ислом ҳуқуқи ва молияси бўйича мутахассислардан иборат кенгаш томонидан чиқарилган фатвони ўзбек тилига ўгириб саҳифамиз ва сайтимизга ўқувчиларига тақдим қиламиз.
Савол:
Ислом банкига бир йил муддатга омонатга пул қўйган мижоз пулини ва у бўйича кўрилган фойдани шартномада кўзда тутилган муддатдан аввал қайтариб олиш истагини билдирди.
Банк шариат кенгашига ушбу масала, яъни мижоз қўйилган омонатни муддатидан аввал фойдаси билан олиши мумкинлиги юзасидан мурожаат қилган.
Маълумот:
Муддатли омонатлар одатда ислом банклари томонидан мудораба шартномаси асосида қабул қилинади. Бунда банк пул маблағларини мудориб, яъни бошқарувчи сифатида қабул қилиб олади ва уларни бирор бизнес/тижорат лойиҳасига киритади. Ушбу бизнес лойиҳа натижасида олинган фойда банк ва омонтга пул қўйган мижоз ўртасида аввалдан келишилган нисбатда тақсимланади.
Жавоб:
Омонатга пул қўйган мижоз Робб ул-мол (яъни маблағ эгаси) ҳисобланади ва омонат орқали олинган фойдани банк билан бўлишиши керак. Шу билан бирга зарар фақат мижозга бўлади. Албатта бунда банк мижознинг пулини инвестиция қилишда ўз вазифасини суйистеъмол ёки лоқайдлик қилмаган бўлиши керак.
Агар омонат қабул қилинган мудораба шартномаси муддатсиз бўлса у ҳолда томонлар ушбу шартномани истаган пайтларида якунлашлари мумкин. Бундаги ягона шарт – иккинчи томон бундан зарар кўрмаслиги керак.
Агар мудораба шартномасида бирор бир муддат кўзда тутилган бўлса, у ҳолда ушбу муддатга риоя қилиш томонлар учун мажбурий ҳисобланади. Шу сабабли, агар мижоз мудораба шартномаси асосида қўйилган омонатни муддатидан аввал олмоқчи бўлса, банк мижознинг ушбу талабини рад қилиш ҳуқуқига эга.
Шу билан бирга, банк мудориб сифатида мижознинг омонатга қўйилган пул маблағларини муддатидан аввал олиш ҳақидаги талабини қондириши ҳам мумкин. Бу банкнинг ихтиёридаги масала.
Одатда ислом банклари мижозларнинг бундай (яъни омонатга қўйилган маблағларни муддатидан аввал олиш ҳақидаги) талабларини қондиришади. Улар буни мижозларнинг пул маблағларига бўлган эхтиёжларини қондириш мақсадида қилишади.
Албатта омонатларни муддатидан аввал олиш улар бўйича фойда даражасини тушишига сабаб бўлади. Чунки бунда мудораба шартномаси янги муддатларни инобатга олган ҳолда қайта ҳисобланади ва тўланиши керак бўлган фойда, шу жумладан мудораба шартномаси доирасида мижозга аввал тўлаб берилган пуллар (фойда) ҳам қайта ҳисобланади.
“Ислом молияси” саҳифасидан қўшимча изоҳ:
Худди шу фатвода кўриб ўтилган ҳолат тадбиркор (иш юритувчи томон) ва сармоядор (Робб ул-мол) ўртасида тузиладиган мудораба шартномаси доирасида ҳам бўлиши мумкин. Бунда сармоядор ва тадбиркор (мудориб) маълум муддатга келишган ҳолда мудораба шартномаси тузишади (масалан 1 йилга) ва ушбу муддат ичида мудориб сармоядорга олинган фойдадан келишилган улуш беради. Агар сармоядор ўз сармоясини муддатидан аввал бизнесдан чиқариб олишни истаса томонлар қуйидагича йўл тутишлари мумкин:
- Олиб борилаётган тадбиркорлик лойиҳаси (а) бозор қийматида, (б) келишилган бошқа нархда баҳоланади ва сармоядорнинг улушига тенг миқдордаги ҳисоблаб қайтарилади. Бунда қайтарилаётган улуш нақд пул ёки фаолиятдаги активларнинг бир қисми кўринишида бўлиши мумкин. Сармоядор улушни муддатдан олдин олаётгани учун лойиҳага зарар етказмайдиган қилиб муайян муддат (масалан, 1 ой, 3 ой, 6 ой ёки келишилган бошқа муддат) ичида олиб чиқишни келишишлари мумкин.
- Киритилган сармояни, ҳамда кўрилган фойдадан келишилган улушни сармоядорга муддатидан аввал қайтармайди, яъни сармоядор келишилган муддатни кутишига тўғри келади.
Эслатма: Ушбу фатво ислом молияси ташкилотлари дуч келадиган баъзи амалий жиҳатларни тушунтириб бериш мақсадидагина тақдим қилинган. Бу ерда баён этилган фатво Дар ал Шариа томонидан уларнинг мижоз ташкилотлари учун қабул қилинган ва улар ўз фаолиятлари давомида дуч келаётган муаммоларни акс эттиради.
Манба:https://daralsharia.ae/