2015 йилда КТ Банк томонидан Германия ва евроҳудудда ислом банк хизматлари кўрсатилиши бошлангандан бери Германиялик омонатчилар ва инвесторлар унинг даромадлилиги ва барқарорлиги жиҳатидан афзалликларини тобора кўпроқ англаб етишмоқда. Ўтган тўрт йил давомида ислом банк маҳсулотлари, хизматлари ва омонат имкониятлари ғарбнинг анъанавий банкчилиги муҳитида маънавий/аҳлоқий банк тармоғи сифатида шаклланди.
Мусулмон жамоатчилиги билан бир қаторда Германиялик чакана ва корпоратив мижозлар, ҳамда инвесторлар учун янги имкониятлар эшиклари очилди. Евроҳудудда биринчилардан бўлган ислом банки нафақат Германияда, балки қўшни давлатларда ҳам ўз мижозлари сафининг барқарор равишда кенгайиб боришига эришди. Бунинг учун барча воситалардан, жумладан ҳудудий банк филиаллари имкониятлари ва замонавий рақамли технологиялардан фойдаланилди.
Маблағларни жамғариш ва депозитга қўйиш ҳақида гап кетганда, Германияликларнинг ёндашуви мусулмонларнинг иқтисодий қадриятларига ўхшаш. Германияликлар тежамкор халқ. Молиявий хавфсизликка интилиш, қатъий интизом ҳамда қарз бўлиб қолишдан сақланиш ва маблағларни жамғариш фикрида бўлиш мамлакатда омонат жамғармаларининг кўрсаткичи юқори эканлигида акс этади.
Мавжуд маблағларни бошқаришдаги бундай ёндашув ўз жамғармаларини нақд пулда, олтинда ёки банклардаги омонат ҳисоб рақамларида (депозитларда) сақлашни афзал кўрадиган Туркия фуқароларникига ўҳшаб кетади.
Германияликлар молиявий активларининг 40% ни нақд кўринишда ёки омонат шаклида (банкларда) сақлашади ва бу эса инфляциянинг ўсиши таъсирида ўз активларининг қийматини хавф остида қолдиришларига сабаб бўлади. Маълумки Евроҳудудда банк фоизлари кўрсаткичи хатто манфий даражага етиб келган ва бундай иқтисодий пасайиш Германиялик омонатчилар учун ўзига хос муаммолар туғдирмоқда.
Банк фоизлари даражасининг пасайиши, аҳолини тежаш ва жамғаришдан қайтариб, истеъмолни кредит ҳисобидан қондиришга, яъни қарзга яшашга ундамоқда.
Ўз молия маблағларини анъанавий усул ва маҳсулотларга асосланган ҳолда бошқаришни мақсад қилган омонатчилар ўз маблағларини банкларда (яъни депозитда) сақлашда давом этсалар, даромаднинг пастлиги, йўқотиш хавфи ёки банк хизматлари учун тўловларнинг ошиб бориши каби ҳолатларга дуч келишмоқда.
Шундай пайтда, ислом молияси омонатлари нафақат Германияда яшовчи мусулмонлар, балки Германиялик барча омонатчилар учун ҳам самарали ечим эканлиги маълум бўлди. КТ Банкнинг янги молиявий технологиялар асосида иш юритувчи молия ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этган муддатли омонатлари анъанавий омонат муқобили бўлган ислом молия маҳсулоти намунаси сифатида тобора оммалашиб бормоқда. Мазкур омонат тури ҳозирги қийин иқтисодий шароитда германияликлар ва мусулмонларнинг маблағларни жамғаришга бўлган истакларини рағбатлантирмоқда.
Ушбу муддатли омонат ҳисоб-рақамларига қўйилган маблағлар қайтарилиши КТ Банк тарафидан кафолатланади. Шунингдек, Германия Банклари Компенсация Тизимининг аъзоси бўлган КТ Банк сармоялар ҳавфсизлигини таъминлаш мажбуриятини ҳам олган ҳолда, мижозларининг 100 000 EURO (110,067 АҚШ доллари)гача бўлган омонатларини кафолатлайди.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ислом молияси евроҳудудда жорий қилинганидан бери, у нафақат ўз яшовчанлигини, балки даромад нуқтаи назаридан анъанавий банк хизмат ва маҳсулотларига муқобил манба бўла олишини кўрсатди.
Ахмет Кудси Арслан
КТ Банкнинг Бошқаруви раиси
Манба: Islamic Finance News