Аввал ҳам ислом молияси саҳифамизда “Такофул” (Ислом шариатига мувофиқ суғурта) ҳақида мақолалар жойлаган эдик (шу мавзудаги биринчи мақола: https://islommoliyasi.uz/uz/takoful-kirish/)
Мазкур мавзунинг долзарб эканлиги ва юртимиз аҳолисининг ушбу ислом молияси маҳсулоти борасида етарлича билимга эга бўлиши, соҳанинг жадал ривожланишига сабаб бўлади деган умидда такофул жамғармаси бошқаруви турлари ҳақида қўшимча маълумотлар тақдим этишга қарор қилдик.
Ислом шариатига мувофиқ суғурта – Такофул (التكافل) сўзи араб тилидаги кафала (الكفالة) – “кафиллик”, “бир-бирига кафолат бериш” сўзидан олинган. Ўз ўрнида, такофул жамоавий суғурта деб ҳам қаралади, лекин ҳамма жамоавий суғурталар ҳам шариатга мувофиқ келавермайди.
Такофул жамғармаси, бир томондан, кишиларнинг мулкини ҳимоялаш воситаси ҳисобланса, бошқа томондан анъанавий суғурталашнинг муқобили сифатида кўплаб давлатларда кенг тарқалмоқда. Такофул – суғурталаш тизими молиявий ва бошқа соҳалардаги (туризм, пенсия суғуртаси, омонат суғуртаси) суғурта қопламаларига эҳтиёж туфайли заруратга айланди.
Такофул жамғармаларини бошқаришга турлича ёндашувлар мавжудлиги сабаб, ушбу фаолият бир нечта турга бўлинади. Қуйида асосий услуб/турларини кўриб чиқамиз:
- Соф музораба. Такофул-жамғарма бошқарувининг ушбу тури иштирокчилар яъни жамғарма сармоядорларининг бадаллари ҳисобига шаклланади. Компания мана шу жамғарманинг бошқарувчиси сифатида иштирок этади. Сармоя қилиш натижасида олинган фойда иштирокчилар ва такофул-оператор ўртасида аввалдан келишилган улушларда тақсимланади. Иштирокчиларнинг фойда улуши қўшилган бадаллардан қопламалар тўлови амалга оширилади, сўнг ортиб қолган маблағ такофул-жамғармага қайтарилади.
- Вакиллик (агент). Ушбу усулда суғурталовчи, иштирокчиларнинг вакили вазифасида иштирок этишини англатади. Такофул-жамғармага келиб тушган маблағларни бошқариш унинг вазифасига киради. Такофул-оператор тўланган бадалларнинг муайян қисмини комиссия кўринишида (мукофот) олади. Иштирокчилар маблағларидан қопламалар тўлангач, ортиб қолган миқдор (кўрилган фойда ҳам қўшилган бўлади) буткул иштирокчиларга тегишли бўлади.
- Аралаш (гибрид) усул. Мазкур турдаги бошқарув амалда вакиллик ва соф музораба усулига хос бўлган барча хусусиятларни ўзида жамлайди. Бир тарафдан компания иштирокчилар бадалларни тўлаганидан сўнг дарҳол амалиёт харажатларини қоплашга йўналтирилган комиссион мукофотни олади. Бошқа тарафдан, бошқарувчи оператор такофул-жамғарма маблағларини инвестиция қилишдан олинган фойдага муайян улуш кўринишида талабгор бўлиши мумкин. Фақиҳларнинг фикрига кўра аралаш усулнинг асосий афзаллиги шундаки, компания бу ерда иштирокчиларга тўлиқ тегишли бўлган ортиқча миқдорга талабгор бўла олмайди.
Биринчи ҳолатда, компания такофул-жамғармани бошқаргани учун комиссион мукофот олади ва инвестиция ҳисобига кўрилган даромаддан ҳисса олиш ҳуқуқига эга бўлмайди. Иккинчи турда эса, компания ўз хизматлари учун алоҳида белгиланган мукофот олмайди, аммо, инвестиция орқали кўрилган фойданинг маълум (келишилган) қисмини олади. Аралаш усул қўлланганда эса, такофул-оператор унисини ҳам, бунисини ҳам олиши мумкин, шу орқали компания иштирокчилар маблағларини бошқаришдаги вакиллик комиссияси билан муваффақиятсизликдан ўзини сақлаган бўлади.
Манба: Е.А Байдаулет. Исломий молия асослари.