Мол эгаси — ислом ҳуқуқи нуқтаи назаридан молнинг ҳақиқий/қонуний эгаси бўлган кишидир. Масалан, кимдир ўғирлаб ёки талончилик қилиб бирор нимага эга чиқса ҳам, у ўша молнинг эгаси ҳисобланмайди. Агар харидор мол ўғирланганлигини билса у бу молни сотиб олишга ҳаққи йўқ, чунки бундай савдо битимига рухсат берилмаган ва у шаръий жиҳатдан кучга эга бўлмайди.
Молни тасарруф қилиш ҳуқуқи берилган шахс (киши) ҳам борки, у молнинг ҳақиқий эгаси рухсати билан унинг номидан молга эгалик қилади (а) ва унинг фойдасига сотади (б). Масалан, А томон Б томонга ўзининг автомашинасини сотиб беришни илтимос қилиши мумкин, бу ҳолатда Б томон А томоннинг фойдаси/манфаати йўлида ҳаракат қилади.
Лекин, доим ҳам молни тасарруф қилиш учун, ўша молнинг эгаси бўлиш шарт эмас. Шариат етимнинг васийи бўлган кишига ўша етим (яъни, балоғатга етмаган отаси йўқ бола)нинг молини тасарруф қилиш, яъни, сотиш, олиш, сармоя қилиш ҳуқуқини беради. Унга (яъни васийга) бу ҳуқуқни етим бола эмас, балки шариат беради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, «Ўзингники бўлмаган нарсани сотмагин» дедилар (Термизий ва Ибн Можжа ривояти).
Ушбу ҳадисга асосан, сотувчи ўзига тегишли бўлмаган ёки савдо пайтида ихтиёрида (қўлида) бўлмаган молни сотолмайди. Масалан, харидорга тақдим қилиш имконияти мавжуд бўлмаган мол савдоси (масалан, ўғирлаб кетилган автомашина), гарчи савдо битими молнинг ҳақиқий эгаси томонидан тузилаётган бўлса ҳам ботилдир, чунки бу ҳолатда молни харидорга тақдим қилиш имконияти йўқ.
Мана энди қуйидаги ҳолатларни таҳлил қиламиз:
1. Бир одам дўконга келиб муайян русумдаги бир телефон сотиб олмоқчи бўлади ва сотувчи билан шундан телефонни сотиб олишга келишади, яъни улар мол ва унинг нархи бўйича келишувга эришишади. Сотувчи харидорга бироз кутиб туринг дейди ва қўшни дўконга кириб харидор сўраган русумдаги телефонни пулини бироздан кейин бериш шарти билан олади ва харидорга олиб бориб сотади. Бундай савдо шариатда тақиқлангандир, чунки бунда сотувчи ўзининг эгалигида ёки тасарруфида бўлмаган молни сотмоқда.
2. Бир одам дўконга келиб муайян русумдаги бир телефон сотиб олмоқчи бўлади ва сотувчига шундай телефон сотиб оламан дейди. Сотувчи ва харидор телефон нархини келишишади. Сотувчи харидорга бироз кутиб туринг дейди ва қўшни дўконга кириб харидор сўраган русумдаги телефонни сотиб олади (у ҳатто ўша телефонни насияга сотиб олиши ҳам мумкин) ва харидорга олиб бориб сотади. Бундай савдо жоиздир, чунки бу ҳолатда сотувчи биринчи телефонни сотиб олди ва кейин харидорга сотди. Ушбу ҳолатнинг биринчи ҳолатдан фарқи шундаки, бунда сотувчи телефонни сотиб олади, яъни телефон энди уники ва демакки телефон билан боғлиқ барча хатарлар (ташиш ва сақлаш каби) унинг зиммасига ўтади. Энди, агар харидор телефонни сотиб олиш фикридан қандайдир сабаб билан қайтиб қолса ҳам у (яъни, сотувчи) телефонни пулини қўшни дўконга тўлаши керак бўлади.
Ушбу бироз мураккаброқ ҳолатни енгиллатишнинг бир йўли, ўша дўконларга мол тарқатувчи (молнинг эгаси) ўша бозордаги сотувчиларни ўзининг молини сотишга вакил қилиб тайинлайди, яъни томонлар ўртасида шундай келишув бўлади. Мана шунда, бозордаги шундай келишув аъзолари бўлган сотувчилар бир-бирларининг молини ўша вакиллик келишуви асосида сотаверишади (яъни, молни бир-биридан сотиб олишнинг зарурати бўлмайди).
3. Шунингдек, фиқҳда «мол эгасининг рухсатисиз олди-сотди қилиш» тушунчаси ҳам бор.
Бунда киши мол эгасининг рухсатисиз, аммо унинг фойдасига олди-сотди қилади. Баъзи олимлар бундай савдо жоиз эмас дейишса, бошқалари агар кейин мол эгаси бундай савдони маъқулласа жоиз дейишади.
Улар бу фикрни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадислари билан қувватлашди:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Урва (р.а.)га бир динор бериб бир қўй сотиб олишни айтадилар. Урва (р.а.) бир динорга икки қўй сотиб оладилар, кейин икки қўйдан бирини бир динорга сотадилар ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига бир қўй ва бир динор билан қайтадилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу савдони маъқуллайдилар ва Урва (р.а.)нинг ҳақига дуо қиладилар.
Бунда:
1. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бошқа бир кишига ўзларининг номларидан сотиб олиш ваколатини бердилар;
2. Урва (р.а.) айтилганидан (яъни, ваколат берилганидан) кўпроқ, яъни битта эмас, иккита қўй сотиб олдилар ва кейин улардан бирини сотиб юбордилар, ваҳоланки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у кишига бундай ваколат бермагандилар. Аммо бу савдо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг фойдаларига бўлди ва у киши бу савдони маъқулладилар.
Сулаймон Ар-Руҳайлийнинг “Савдога оид фиқҳий қоидалар” китоби асосида тайёрланди