Ушбу қоида савдо битимларида танлов ҳуқуқи, яъни келишувни амалга ошириш ёки бекор қилиш ҳуқуқи ҳақидадир. Мақоланинг биринчи қисмида дастлабки 3 та танлов ҳуқуқи ҳақида эди. Унинг қолган турлари қуйидагилар:
4. Қалбакилаштириш билан боғлиқ танлов ихтиёри
Сотувчи молда мавжуд бўлмаган, яъни сохта сифатлар билан молини сотувга қўйганда биз кўриб чиқаётган ҳолат юзага келади. Масалан, маҳсулотнинг бошқа бир машҳур компания савдо белгиси (бренди) остида ёки номини ўша машҳур компания маҳсулоти номига жуда ўхшаш қилиб (масалан бирор ҳарфини ўзгартириб) бозорга чиқарилиши, ёки молни қимматроққа сотиш мақсадида мол ишлаб чиқарилган мамлакат ўрнига бошқа давлат номини кўрсатиш (дейлик, Хитой маҳсулотига Италия ёки Германияда ишлаб чиқарилган деб ёзиб қўйиш) мана шундай сохтакорликлар сирасига киради.
Аввалги қоидада сигир ва бошқа уй ҳайвонларининг нархини кўтариш мақсадида маълум муддат сутини соғмай, елинини тўлдириш ҳам сохтакорлик ҳисобланиши айтилганди. Шу каби қалбаки мол сотиб олган харидорда танлов ихтиёри бўлади, яъни у битимни бекор қилиши ҳам ёки кучда қолдириши ҳам мумкин.
5. Айбли мол билан боғлиқ танлов ихтиёри
Бундай ҳолат сотувчи ўзига маълум ва молнинг нархини туширадиган айб/нуқсонини яширган пайтда юзага келади.
Бу айб ёки камчилик молнинг қийматини тушириш-туширмаслигини қандай аниқлаш мумкин? Бу борада урфга қаралади. Хўш, бу ҳолатда урф қандай бўлади? Бу ҳолатда дуч келган одамга эмас, муаммони аниқлай олиш кўникмасига эга бўлган одамларга мурожаат қилиш лозим. Улар молнинг ўша нуқсон/айби унинг нархига қай даражада таъсир этиш-этмаслиги ҳақида хулоса берадилар.
Сотувчи молининг айбини билган тақдирда, уни ошкор қилиши, харидорни огоҳлантириши вожиб/ мажбурийдир, нуқсонни беркитиш тақиқланади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Сотувчи ва харидор то (келишув жойидан) тарқалгунларига қадар уларнинг (савдони бузиш) ихтиёри ўзларидадир. Агар рост сўзласалар ва молнинг айбини айтсалар, уларнинг бу савдоларига барака берилади. Агар молнинг айбини яширсалар ва ёлғон сўзласалар, бу савдоларининг баракаси бўлмайди” (Бухорий ва Муслим ривояти).
Баракадан маҳрум бўлиш жазодир. Жазо бор экан, демак бу иш ман этилган, ҳаром ҳисобланади.
Шундай қилиб, харидор олди-сотди вақтида молнинг айби ҳақида огоҳлантирилмаган бўлса, битимни бекор қилиш ёки кўрган зарарини қоплаш учун товон/бадал талаб қилишга ҳақлидир. Агар харидор молнинг айбини била туриб сотиб олган бўлса, у ҳолда унинг бундай танлов ҳуқуқи бўлмайди.
Молнинг айбидан бехабар ҳолда уни сотиб олган харидорнинг танлов ҳуқуқи қуйидагилардан иборат:
1. Молни сотувчига қайтиб бериб, пулини қайтариб олиш;
2. Молни ўзида қолдириш, аммо айби эвазига товон/бадал ундириш (الارش).
Хўш, товон миқдори қанча бўлади? Товон миқдори, нуқсонли мол ва шундай бенуқсон мол нархи ўртасидаги тафовут миқдорида бўлиши лозим (яъни харидор нуқсонли молни ўзида қолдириши ва бунинг эвазига бадал олиши мумкин).
Сотувчи молнинг кейинчалик аниқланиши мумкин бўлган айбини ўзидан соқит қиладиган ҳолатлар ҳам учрайди. Мисол учун, сотувчи истеъмолда бўлган бирор нимани сотар экан, ша нарсанинг кейинчалик аниқланиши мумкин бўлган камчиликларни савдо пайтида ўзидан соқит қилади. “шу нарса (масалан совутгич)ни шу туришида сотяпман, кейин бирор айби чиқса, жавобгарликни зиммамга олмайман”, дейиши мумкин. Яъни, молнинг камчилигини тилга олмайди, аммо ўзидан кейин аниқланиши мумкин бўлган нуқсонни зиммасидан соқит қилади.
Мазкур ҳолатнинг ҳукми қандай? Бунда 3 хил вазият юзага келиши мумкин:
1. Агар харидор молнинг айбидан хабардор бўлса ва сотувчи бунинг учун жавобгарликни ўзидан соқит қилган бўлса, бундай келишув бажарилиши лозим бўлади. Харидор кейинчалик молдан нима айб топса ҳам, харидни қайтариб бера олмайди.
2. Агар сотувчи молининг айбини била туриб, уни харидордан беркитса ва айни пайтда жавобгарликни ўзидан соқит қилиши жоиз эмас. Сабаби, бу ҳолда сотувчи молнинг камчилигини қасддан яширган ҳисобланиб, харидор маҳсулотни қайтариб беришга ёки товон талаб этишга ҳақли бўлади. Дейлик, сотувчи телефоннинг батареяси тез ўтириб (тугаб) қолишидан хабари бўла туриб, буни харидордан яшириб сотса, ўша телефонни сотиб олган одам телефонни қайтариб бериши ёки товон олиши мумкин.
3. Агар сотувчи молнинг айбидан бехабар ҳолда, келгуси жавобгарликни ўзидан соқит этиб молини сотса, шунингдек кейинчалик молни айби чиқиб қолса уни қайтариб олмаслик шартини қўйса ҳам бундай савдо битими ҳақиқий ҳисобланади ва бажарилади. Агар келгусида молнинг айби аниқланса харидор товон талаб қилолмайди. ва молни қайтариб беролмайди.
Тез-тез учраб турадиган яна бир ҳолат – “сотилган мол қайтариб олинмайди ва алмаштириб берилмайди” деган шарт билан сотилиши. Бундай вазиятларда ҳам юқорида келтирилган ҳукмлар тадбиқ этилади.
Лекин бугунги кунда дорихоналарда шундай талаб қўйилади (яъни “сотилган дори-дармон қайтариб олинмайди ва алмаштириб берилмайди”). Бу одамларнинг соғлигига бевосита алоқаси бўлган нозик масала бўлганлиги учун, яъни дори-дармон сохталаштирилиши ва бу бирор инсоннинг ҳаётига зомин бўлиши мумкинлиги билан боғлиқ масала бўлганлиги учун, бу ерда «икки зарардан бирини танлашга тўғри келиб қолса, енгилроғи танланади» деган машҳур шаръий қоида амал қилади (яъни харидорнинг моддий зарар кўриши инсоннинг соғлиги ёки хатто ҳаёти ҳавф остида қолиши олдида ҳеч нарса эмас дейиш мумкин).
Сўнгги савол – сотилган мол айбини аниқлашнинг муддати чегараланганми? Агар нуқсон олди-сотдидан кейин эмас, ўша вақтда ҳам мавжуд бўлгани, сотувчи буни яширганини исботлашнинг иложи бўлса, муддат борасида ҳеч қандай чеклов йўқдир.
6. Молнинг таърифга мувофиқ келмаслиги билан боғлиқ танлов
Бу ҳолат молнинг ҳақиқий сифати ва таснифи берилган таърифга мос келмаганида юзага келади. Унинг 3 хил кўриниши бўлиши мумкин:
1. Молнинг ўзи мавжуд ва харидор маҳсулот ва унинг сифатини шахсан кўриши мумкин. Бунда сотувчининг молга берадиган таърифи эмас, харидорнинг молни ўз кўзи билан кўриб, сифатини ўрганиш имконияти аҳамиятга эгадир.
2. Мол мавжуд, аммо унинг сифати, ўзига хос хусусиятларини кўриб, хулоса чиқаришнинг иложи йўқ. Масалан, автомашина сотаётган одам унинг ҳамма қисмлари янги эканлигини айтади. Бироқ харидорнинг ўша жойда бунга ишонч ҳосил қилишининг иложи йўқ. Шу боис сотувчининг сўзлари инобатга олинади.
3. Савдо битими жараёнида йўқ бўлган молга таъриф берилади. Бунда ҳам сотувчининг молга таърифи, мол юзасидан айтганлари инобатга олинади.
Молнинг сифати / ўзига хос жиҳатлари таърифланганидан кўра яхшироқ ёки ёмонроқ бўлиши мумкин. Агар молнинг ҳақиқий ҳолати унга берилган таърифдан яхшироқ чиқса харидорда танлов ҳуқуқи бўлмайди, чунки у бундан ҳеч қандай зиён кўрмайди. Аммо харидор молнинг сифати таърифланганидан кўра яхшироқ эканлиги унга зарар келтираётганлигини исботлай олса, у ҳолда харидор танлов ҳуқуқи эга бўлади.
Агарда мол сифатининг номутаносиблиги харидорга зарар келтирса, молнинг сифати таърифланганидан пастроқ/ёмонроқ бўлса, харидорда молни қайтиб бериш ҳуқуқи юзага келади.
7. Молнинг нарх-навоси бўйича ихтилоф билан боғлиқ танлов ихтиёри
Бундай вазият сотувчи ва харидор ўртасида нарх-наво масаласида ихтилоф келиб чиққанида юзага келади. Масалан, харидор сотувчи молнинг нархи 1 млн.сўм деди деса, сотувчи эса 1,5 млн.сўм деганлигини айтса, ва ўртада гувоҳлар ҳам, бирор исбот-далил ҳам бўлмаса, у ҳолда бу вазиятнинг ечими борасида икки хил фикр айтилган, жумладан:
1) бу вазиятда даъвогар бўлмиш харидор ҳам, жавобгар ҳисобланмиш сотувчи ҳам Аллоҳ номи билан қасам ичиб, олди-сотди пайтида келишилган нархни овоза қилишади. Агар иккиси ҳам қасам ичиб, ўз гапида тураверса, келишув бекор қилинади.
Иккинчи фикр – сотувчининг гапи (айримлар “ва сотувчининг қасами”, деб қўшимча қиладилар) инобатга олинади. Агар сотувчи қасам ичса, харидор молни айтилган нархга олишга мажбур бўлади, акс ҳолда келишув бекор қилинади. Бу фикр кучлироқ ҳисобланади, чунки мол сотувчига қарашли ва савдо-сотиқ унинг розилиги билангина амалга оширилиши мумкин.
Сулаймон Ар-Руҳайлийнинг “Савдога оид фиқҳий қоидалар” китоби асосида тайёрланди