Кириш
Қуйида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида Мадина шаҳрида ислом иқтисодиётининг қандай қилиб пайдо бўлгани, унинг қандай бошқарилгани, шунингдек молиявий муносабатларимизда аҳамият касб этувчи омиллар ҳақида жуда яхши маълумотлар келтирилган.
Сийрат илмининг молиявий муносабатлар қисмига бағишланган, Муфтий Фараз Адамнинг ушбу мақоласи нафақат бизнес олами вакиллари, балки барча-барча мусулмонлар жуда фойдали бўлишига ишончимиз комил, чунки ҳаётимизни молиявий-иқтисодий муносабатларсиз тасаввур қилиш мумкин эмас.
Ислом иқтисодиётининг пайдо бўлиши
Исломга биринчи кирган саҳобалар 13 йил давомида Макка шаҳрида турли тазйиқларга учраб яшадилар ва Аллоҳ таолонинг амри билан Маккадан шимолроқда жойлашган, ўша вақтларда Ясриб номи билан танилган кичик бир шаҳарчага кўчиб ўтдилар (Ибн Касир, ал-Бидоя ва ан-Ниҳоя).
Натижада кам сонли мусулмонлар жамоаси бирор азиятларсиз, бемалол Аллоҳ таолога ибодат қилиш имконига эга бўлдилар.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилишлари муҳожир (Маккадан борган мусулмонлар) ва ансорлар (Мадина шаҳридан бўлган ва исломни қабул қилган саҳобалар)ни жуда севинтирди ва ислом иқтисодиётининг ривожланишига туртки бўлди.
Аслида, Мадина шаҳри илк мусулмонлар учун пойтахт бўлиши замирида бир қанча иқтисодий омиллар ҳам ётар эди. Масалан, Мадина шимол ва жанубдан келадиган барча савдо карвонлари учун чорраҳа бўлган, шунингдек шаҳар соҳилдан унчалик узоқда жойлашмаган ва шаҳарда Маккада бўлмаган нарса – ривожланаётган агроиқтисодиёт мавжуд эди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, дастлаб, учта масжид – Қубо, Бану Салим ва Масжиду Набавийга асос солишлари билан ислом иқтисодиёти ҳам шаклланишни бошлади (Ибн Касир, ал-Бидоя ва ан-Ниҳоя). Ўша вақтнинг муҳити мазкур уч масжид билан боғлиқ бўлиб, инсонларга ўзгаришлар ва янги тизим ҳақида тасаввур ҳосил қилиш имконини берарди. Масжидлар ислом иқтисодиётининг асоси бўлиб хизмат қилди, чунки у ерда ислом динига мувофиқ савдо-сотиқ қилиш, ислом иқтисодиёти ва молиясининг асосий тушунча ва тамойиллари, шу билан бирга бозор иштирокчилари (тожирлар ва харидорлар)да яхши фазилатларни шакллантириш бўйича билимлар ўзлаштирилар эди.
Сиёсий барқарорлик – асосий омиллардан бири
Ҳар қандай иқтисодиёт сиёсий барқарорликсиз таназзулга юз тутиши мумкин, шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи навбатда Мадинадаги асосий жамоалар билан сулҳ туздилар ҳамда муҳожир ва ансорлар ўртасида биродарлик алоқаларини ўрнатдилар (Ибн ал-Қаййим, Заад ал-Маъад Фи Хадий Хайр ал-Ибод).
Улар ўртасида боғланган ришта ҳам ижтимоий, ҳам иқтисодий битим бўлди. Ривоятларда келишича, мадиналик мусулмонлар ўз бойликлари ва қўл остидаги мулкларини муҳожир биродарларига совға сифатида тақдим этишган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу тадбирлари бор-йўқ нарсасини Маккада қолдириб, Мадинага кўчиб келган мусулмонларни ансорлар томонидан сармоя билан таъминланишларига сабаб бўлди. Бундай сармоядорлар замонавий иқтисодиётда “angel investor” ёки “business angel” деб ҳам номланади.
Янги бозор масканига асос солиш
Ўша вақтда Мадинада 4 та бозор мавжуд эди. Улар: Зубала, Қайнуқодаги Вади Бусан, Ас-Сафосиф ва Музаҳим (ёки Зуқоқдеб ҳам номланган) бозорлари бўлиб, улардан иккитаси яҳудий қабилалар томонидан, қолган иккитаси эса мушриклар томонидан назорат қилинарди (Бадр Абдулбосит, ал-Тарих аш-Шамил ли ал-Мадина ал-Мунаввара).
Ушбу тўртта бозор Мадинанинг турли минтақаларида, аҳоли зич истиқомат қиладиган ҳудудларда жойлашган эди. Бу бозорлар уларга кириш учун сунъий тўсиқлар кўплиги, юқори даражадаги бож ва солиқлар ҳамда у ердаги диёнатсиз амалиётлар билан машҳур эди.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ислом иқтисодиётининг ривожи бозорларга чамбарчас боғлиқлигини ва ўша вақтда мавжуд бўлган бозорлар адолатсизликларга тўла эканлигини яхши билар эдилар. Шу сабаб Набий алайҳиссалом зудлик билан янги бозор ташкил этишга киришдилар.
Ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсан ўзлари бозор учун мубосиб жойни излаганлар. Шу сабаб 2 та жойни ўзларининг мезонлари ва талабларига жавоб бермагани учун танламаганлар. Шундан сўнг саҳобалардан бирлари келиб, Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ўзи топган жойни кўришларини сўраган. Айтилган жойни кўздан кечиргач, Набий алайҳиссалом:“Бу жой сизларнинг бозорларингиз, бу ерда савдо тўхтатилмаслиги, ҳеч кимнинг савдо қилишига тўсқинлик қилинмаслиги, адолатсиз ишлар бўлмаслиги ва солиқлар олинмаслиги керак” деб эълон қилганлар (ИбнМожа, Сунан ибн Можа, Ибн Шаббоҳ, Тарих ал-Мадина, Ал-Мақризий, Имта ъал-Асмаъ, Ал-Самхуди, Хуласатул Вафаълардан олинган).
Бозор учун танланган ер шаҳарнинг шимолий-ғарбий қисмида, иқтисодий жиҳатдан муҳим стратегик аҳамиятга эга жойда эди. Бу жой, одатда, савдо карвонлари келиб тушадиган кенг очиқ майдон ҳисобланарди. Бозор тоғ довони ёнида, шаҳарга “кириш дарвозаси”га яқин жойда барпо этилган эди (Абд ал-Азиз Азиз Абдуллоҳ б. Идрис, Мужтама ъал-Мадина фиъ Аҳд ал-Расул).
Ушбу махсус жой нафақат маҳаллий савдогарларни ўзига жалб этди, балки бошқа минтақадаги савдогарлар учун ҳам ўз эшикларни очди (бугунги тилда экспорт ва импорт деб аталадиган жараён бошланишига сабаб бўлди).
Бозор қоидалари
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз кўрсатмаларида Мадина Ислом бозорининг қандай фаолият юритишига оид баъзи муҳим иқтисодий тамойилларни баён қилганлар. Уларга қуйидагилар киради:
- Бозорни юритувчи кучлар – талаб, таклиф, рақобат ва бошқалар, марказдан бошқариладиган режали тизимга бўйсунмасдан, шариатда белгиланган қоидалар доирасида эркин ишлашига рухсат берилди.
- Янги иштирокчиларнинг бозорга киришига ғов бўладиган тўсиқлар олиб ташланди. Шундай қилиб, Набий алайҳиссалом кераксиз рухсатномалар бериш (бугунги кунда лицензиялаш деб аталади) каби чекловларни олиб ташладилар ва мавжуд ширкатларнинг даромадларини ҳимоя қилиш мақсадида уларга имтиёз беришга ҳам рухсат бермадилар (муайян тоифаларга турли имтиёзлар бериш ва лицензиялаш амалиёти рақобатни чеклашга, натижада эса истеъмолчи-харидорларнинг маҳсулот ва хизматларни баланд баҳода харид қилишларига олиб келади). У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамма учун бозорда тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ҳуқуқ ва имкониятини тақдим қилдилар ва барча бозор иштирокчилари учун тенг шароит яратдилар.
- Бозорга киришдаги тўсиқларни олиб ташлаш яна бир муҳим иқтисодий тамойил – рағбатлантиришга ишора қилади. Бозорга эркин кира олиш тадбиркорлар учун асосий рағбат бўлди (юқорида айтиб ўтилганидек, Мадинадаги бошқа бозорларда савдо-сотиқни бошлаш учун турли тўсиқлар мавжуд эди). Мана шу тадбир орқали Набий алайҳиссалом иқтисодиётни қандай рағбатлантириш кераклигини ўргатдилар.
- Адолатсиз амалиётлар тақиқланди ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича тартибнинг биринчи белгилари қонуний тарзда мустаҳкамланди.
- Бозор эгалари томонидан бозор иштирокчиларига сунъий равишда ўйлаб топилган турли хусусий солиқлар солиш тақиқланди (ўша пайтда Мадинадаги бошқа бозорларда савдо солиқлари билан бир қаторда кириш солиқлари ҳам мавжуд эди). Чунки бу бозор эгаларининг хазинасини тўлдирадиган хусусий солиқлар эди. Бундай солиқлар фуқароларни ижтимоий-иқтисодий ҳимоясини таъминлашга қаратилмаган бўлиб, улар одамлар орасида қайта тақсимланмас эди. Янги ташкил этилган “Ислом бозори”да бундай худбин солиқ тартиби тақиқланди. Шундай қилиб, Пайғамбаримиз алайҳиссалом томонидан амалга оширилган тадбирлар охир-оқибат инсонларнинг сармоя киритиш ёки савдо-сотиқ қилиш натижасида оладиган даромадлари ошишига, ялпи ички маҳсулотнинг ва иқтисодий ўсишнинг кучайишига олиб келди (ва албатта, бу жамият тараққиётига хизмат қилди).
Тартибга солиш тизими
Ушбу янги бозор ва йирик савдо марказининг ташкил этилиши меъёрий-ҳуқуқий асос ишлаб чиқишни ҳам тақозо этди. Набий алайҳиссалом зудлик билан бозор ишларини назорат қилиш учун меъёрий-ҳуқуқий асос ва тартибга солувчи тизим сифатида янги муассасани ташкил этдилар.
Ушбу муассаса Ҳисбадеб номланган ва набавий иқтисодиётнинг яна бир асоси бўлиб хизмат қилган. Ҳисбанинг вазифаси бозорда қонунни, тартибни ва адолатли савдони таъминлаш ва назорат қилишдан иборат эди (Ал-Қарний, Ал-Ҳисба фил-Мозий вал-Ҳозир).
Ижтимоий ҳимоя тизими
Иқтисодиётнинг жадал ривожланиши ҳолатида молиявий қийинчиликларга дуч келган, қарздор ёки муҳтож бўлиб қолган, ҳамда фавқулодда вазиятларда қолиб кетганлар ҳам бўлишини Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам жуда яхши тасаввур қилар эдилар (чунки ҳамма ҳам тожир ёки тадбиркор бўлолмайди, кимдир муаллим, кимдир эса ҳаммол бўлиши мумкин, яна кимдир жисмоний нўқсони туфайли ёки беморлиги туфайли муайян ишларни қилиш имкониятидан маҳрум бўлади).
Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалам давлат хазинасидаги маблағларнинг катта қисмини муҳтожларга ва қийналиб кун кўраётганларга ёрдам беришга ажратганлар. Ушбу манбалар Закот, Садақа, Луқта (йўқолган ва топилган нарсалар), Хирож (ер солиғи), Жизя (ғайридинлардан уларни ҳимояси учун олинадиган тўлов), Ғанима ва Файъ (уруш ва сарияларда олинган ўлжалар) ҳисобидан шакллантирилган (Ал-Косоний, Бадоиъус Саноий).
Ҳар бир фуқарога қашшоқлик домидан чиқиб кетиши учун кўпроқ имконият яратиш мақсадида дастлабки таъминот ва қўллаб-қувватлаш кафолатланган. Масжидда уйсизлар келиб яшашлари мумкин бўлган вақф уйлари (вақф шаклидаги бошпана) яратилган. Бу жой ас-Суффадеб номланган(Ал-Солиҳий, Субуҳ ал-Ҳуда вар-Рошад).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам инфратузилмани шакллантириш ва яхши ҳолатда ушлаб туриш учун давлат хазинасидан маблағ ажратардилар. Набий алайҳиссалом бу ишлари орқали иқтисодиётни ривожлантириш учун яхши инфратузилма муҳимлигини амалда кўрсатиб берганлар.
Хулоса
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай қилиб кучли иқтисодиёт, дин ва диндорларни (фуқароларни) ҳимоя қилишнинг асоси эканлигини амалда кўрсатиб бердилар. Ушбу ривожланишда энг кўп тилга олинадиган нарса шуки, Набий алайҳиссалом масжидлар бунёд этганларидан сўнг дарҳол бозорни ва бошқа иқтисодий муассасаларни ташкил этишни бошлаганлар. Биз иймон нафақат ибодат қилишни, балки кучли ва ишлайдиган иқтисодий тизим қуришни ҳам талаб қилишини пайғамбаримизнинг ушбу хатти-ҳаракатларидан ўрганишимиз лозим.