Бошқарув лавозимига ҳар қандай тайинлов шерикчилик шартномасидан ташқари алоҳида шартнома асосида амалга оширилади. Бошқарувчининг иш ҳақи, у қайси тартибда ва қандай битим асосида тўланишидан қатъий назар (қуйида бунинг уч хил кўриниши берилган), корхонанинг жорий ҳаражатлари ҳисобидан, яъни соф фойда тақсимотига қадар амалга оширилиши керак.
Бошқарувчи билан вакиллик шартномаси
Вакиллик шартномаси бўйича тўлов аниқ бир миқдорда ёки маълум бир миқдорнинг муайян фоизига тенг миқдорда ёки маълум бир ўлчов бирлигига боғланган бўлиши мумкин. Бундан ташқари, томонлар дастлаб келишилган (иш ҳақи сифатидаги) тўловга қўшимча равишда ишнинг самардорлиги учун алоҳида устама тўланишини кўзда тутишлари мумкин. Бундай қўшимча тўлов, бошқарувчи ўз зиммасидаги вазифаларни ўрнатилганидан зиёда қилиб (яъни ортиғи билан) бажарган ҳолатда берилиши мумкин.
Бошқарувчи билан ижара (меҳнат) шартномаси
Бу турдаги келишувда бошқарувчига унинг хизматлари учун аниқ белгиланган ҳақ тўланади, лекин бизнес лойиҳани амалга оширишда кўрилган фойда ёки зарар мазкур бошқарувчига тақсимланмайди (яъни унга нисбатан татбиқ қилинмайди). Лекин бошқарувчи унга тўланадиган қатъий белгиланган ҳақдан ташқари қўшимча равишда моддий рағбатлантирилиши мумкин.
Бошқарувчи билан мудораба шартномаси
Мудораба шартномаси тузилган вақтда томонлар фойдани тақсимлаш шартлари ва нисбатларини аниқ белгилаб олишлари шарт. Шу билан бирга, шартнома кучда бўлган даврнинг исталган пайтида тарафлар ўзаро келишган ҳолда фойдани тақсимлаш нисбатларини ва битимнинг амал қилиш муддатини ўзгартиришлари мумкин (албатта бундай ўзгаришлар ёзма равишда амалга оширилиши керак бўлади).
Агар томонлар фойда тақсимотини бошидан бошлаб келишиб олишмаган бўлса, фойдадаги улуш, ўша жойнинг одатдаги амалиёти (урф-одати) асосида аниқланади. Агар бу борада урф-одат мавжуд бўлмаса, мудораба шартномаси ботил деб ҳисобланади ва мудориб вазифасини бажарувчи томон ўз хизматлари учун ўша пайтдаги бозор нархида, яъни шундай иш (меҳнат/хизмат/фаолият) учун ўша пайтда бозорда қанча ҳақ тўланаётган бўлса шунча миқдорда ҳақ олиши керак бўлади. Анъанавий мушорака битимида мушорака сармояси тўлиқ тикланмай туриб (яъни шерикчиликдаги умумий сармоя, корхона фаолияти давомида кўрилган зарарни қоплаш учун сарфланса, мушорака сармояси қайта тиклангунга қадар) ҳеч қандай фойда тақсимланиши ёки унга даъво қилиниши мумкин эмас. Кўрилган молиявий зарарлар келгусидаги фойда ҳисобидан ёпилиши кўзда тутилиши лозим. Агар мудориб лоқайдлик/бепарволик, нотўғри/ноқонуний хатти-ҳаракатлар ёки битим шартларини бузиш каби ҳолатларга йўл қўймаган бўлса, унда у (яъни мудориб) ҳеч қандай йўқотиш учун жавобгар бўлмайди.
Фойданинг миқдори на мудориб учун ва на бошқарувчи шерик(лар) учун кафолатланиши ёки мутлақ миқдорларда белгиланиши мумкин эмас. Шунингдек тикилган сармоянинг муайян фоизи сифатида ҳам белгиланиши ҳам мумкин эмас (яъни тикилган сармоянинг ўзи тўлов олиш учун асос бўлолмайди, фақат кўрилган фойдадангина улуш олиш мумкин). Турли ҳолатларда турли хил нисбатларнинг белгиланишига ҳам рухсат этилади.
Агар корхонани бошқариш аввал бошдан олинган фойданинг маълум фоизини тақсимлаш эвазига амалга оширилишига келишилган бўлса, у ҳолда бундай бошқарувчи мудориб сифатида таснифланади ва у фақат олинган фойданинг (агар у мавжуд бўлса) олдиндан келишилган муайян бир қисмигагина ҳақдор бўлади ва унга унинг бошқарув хизматлари учун қўшимча ҳақ тўланмайди.
Бироқ, мудориб ўзи истиқомат қиладиган шаҳар ташқарисига қилган хизмат сафарлари давомидаги харажатларни (меҳмонхона, озиқ-овқат, йўлкира каби) қоплашни талаб қилиши мумкин.
Агар корхона фаолияти турли манбалардан молиялаштирилса ёки мудориб корхонанинг фақат бир муайян тармоғинигина бошқарса (масалан, корхона учта алоҳида тармоқ (йўналиш)дан иборат бўлса ва мудориб улардан фақат биттасинигина бошқарса), мудориб унинг фойдадаги улуши унинг ўзи бошқараётган тармоқнинг ялпи даромадига асосланишига розилик бериши мумкин (бошқа тармоқлар натижасидан қатъий назар), бунда шартномани бажаришга бевосита алоқадор ҳаражатларни чегириб (чиқариб) ташлагандан кейин қолган фойда назарда тутилади. Томонлар ўртасида фойда тақсимланишида билвосита харажатлар тегишли тармоқлар бўйича тақсимланган ҳолда камайтирилиши мумкин.
Агар мудориб бир нечта лойиҳани бошқарса ва корхона шу мудориб бошқарган баъзи лойиҳаларида зарар, бошқаларида эса фойда кўрган бўлса, ушбу мудориб бошқарган лойиҳа доирасида кўрилган даромад биринчи навбатда айнан ўша мудориб бошқарган лойиҳа зарарини қоплаш учун йўналтирилади, фойданинг қолган қисми эса (агар қолса) томонлар ўртасида келишилган нисбатга кўра тақсимланади. Лекин бу мудориб бошқармаган лойиҳа(лар) фойдасига ҳам, зарарига ҳам тегилмайди.