Агар Сармоядор (Робб ул-мол) Мудориб билан муайян / аниқ бир бизнес юзасидан келишса ва айнан ўша бизнесга пул тикса, буни номи «чекланган мудораба» (араб тилида «Мудораба ал-муқойяда») дейилади. Лекин сармоядор мудорибга тикилган сармоя доирасида мудориб истаган ҳар қандай ҳалол бизнес тури билан шуғулланиш ваколатини берса, у ҳолда бунинг номи «чекланмаган мудораба» (араб тилида «Мудораба ал-мутлақа») дейилади.
Сармоядор бир бизнес лойиҳа доирасида бир неча мудориб билан мудораба шартномаси тузиши ҳам мумкин, яъни у бир неча мудорибга маблағ тақдим қилади ва улар тақдим қилинган сармояни ушбу лойиҳа доирасида ҳамкорлар сифатида тасарруф қилишади. Ушбу мудораба шартномаси доирасида олинган фойда томонлар ўртасида келишилган нисбатда тақсимланади.
Мудориб бизнес доирасида ўзи лозим топгандек фаолият юритиши мумкин, аммо агар бирор ноодатий/ноёб амалиёт бажариш зарурати туғилса у ҳолда мудориб сармоядорнинг розилигини олиши керак бўлади.
Фойда тақсимоти
Мудораба шартномаси шаръий жиҳатдан кучга эга бўлиши учун томонлар (яъни Сармоядор ва Мудориб) фойда тақсимоти ҳақида келишиб олишлари зарур. Шариатда фойда тақсимоти масаласида аниқ бир кўрсатма йўқ. Бу масала мудораба иштирокчилари ихтиёрига қолдирилгандир. Улар фойдани тенг бўлишлари ҳам, турли нисбатда бўлишлари ҳам мумкин.
Фойдадаги улуш, олинган ҳақиқий фойда асосида тақсимланади, яъни фойда кўрилса фойдадан аввалдан келишилган миқдорда улуш ажратилади, агар фойда кўрилмаса улуш ажратилмайди. Шунингдек, томонлар қатъий миқдордаги тўловлар қилинишига келишиши мумкин эмас.
Масалан, томонларнинг бирига ҳар ойда 100 доллар миқдорида фойда берилишига келишиш ёки Сармоядор бизнесга киритган сармоясининг муайян бир фоизини (масалан 20%) фойда сифатида олишига келишиш мумкин эмас. Бундай келишув ботил (ножоиз) саналади. Фойдадаги улуш фақат олинган ҳақиқий фойдага нисбатан аввалдан келишилган нисбатда тақсимланиши мумкин. Бу нисбат 20% га 80% ҳам, 40%га 60% ёки бундан бошқача бўлиши ҳам мумкин.
Шунингдек, томонлар турли бизнес тури учун фойда нисбати турлича бўлишига келишишларига ҳам мумкин. Масалан робб ул мол мудорибга, «Агар ун билан савдо қилсанг фойдадан 40% бераман, агар буғдой билан савдо қилсанг 25% бераман», дейиши мумкин.
Мудориб, фойдадаги келишилган улушдан ташқари маош ёки мукофот талаб қилиши мумкин эмас. Ушбу масалада барча мазҳаблар якдиллар.
Ҳанафий мазҳаби уламолари мудораба доирасида мудориб хизмат сафарига борган пайда унинг бевосита шу сафар доирасидаги барча харажатлари, шу жумладан еб-ичиши, меҳмонхонада харажатлари олиб борилаётган бизнес ҳисобидан қопланади, табиийки ўзи муқим бўлиб турган жойда бундай харажатлар мудорибнинг ўз ҳисобидан амалга оширилади деб ҳисоблайдилар.
Агар мудораба доирасида баъзи бизнес йўналишларда зарар, баъзиларида эса фойда кўрилса, олинган фойда кўрилган зарарларни қоплашга йўналтирилади, агар фойда ортиб қолса у ҳолда қолган фойда томонлар ўртасида келишилган нисбатда тақсимланади.