Кириш
Криптовалюталар дунё миқёсида тобора оммалашиб бормоқда. Криптовалютадан келиши мумкин бўлган даромадлар мусулмон сармоядорларни ўзига жалб қилаётган бўлса, токенлар* ишлаб чиқариш орқали маблағ йиғиб олиш имконияти мусулмон тадбиркорларнинг ушбу соҳага қизиқишлари ортишига сабаб бўлмоқда. Шу билан бирга, «Криптовалюта ва токенлар савдоси шариат талабларига мувофиқми?» деган савол тез-тез ва давомли равишда сўраладиган саволлардан бирига айланиб улгурди. Ушбу мақолада криптовалюта ва токенларнинг моҳиятини шариат нуқтаи назаридан таҳлил қилишга ҳаракат қиламиз.
Тадқиқотимиз давомида криптовалюта ва токенларнинг бир қанча турлари мавжуд эканлиги маълум бўлди. Токен савдоси ва блокчейн асосидаги лойиҳалар турли усуллар асосида амалга ошириладиган бир шароитда, барча криптовалюталар учун ягона қоида таклиф қилиш тўғри бўлмаса керак. Чиқарилаётган токенлар ўз кўриниши ва вазифаларига кўра бир-биридан кескин фарқ қилиши мумкин. Бугунги кунда токенларнинг турли хили мавжуд бўлиб, шулардан асосий учтасини номини келтириб ўтамиз:
- «Сармоя» (Security) токенлари — қайсидир маънода қимматбаҳо қоғозларга ўхшайди;
- «Хизмат» (Utility) токенлари — амалга оширилаётган лойиҳа доирасида тақдим қилинаётган хизматлардан фойдаланиш имкониятини тақдим этади;
- «Ҳақиқий» криптовалюта (real cryptocurrencies) ёки «тўлов» токенлари (Payment tokens) — ушбу турдаги токенлар ўз блокчейн (муайян қоида асосида узлуксиз кетма кетликка эга маълумотлар бўғимларидан тузилган занжир) тизимига эга бўлиб, улар кўпинча тўлов воситаси сифатида кўрилади.
Назарий жиҳатдан, токен эгаси корхонада улушга эга бўлиши, бирор хизмат ёки ускунадан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлиши, корхона мулки (актив)га ёки пул оқимларига даъвогарлик қилиши мумкин.
Токенлар сармояни кўпайтиришнинг янгича/замонавий/инновацион усули бўлиб, агар улар тўғри тизимлаштирилса уларни шариат талабларига мослаштириш мумкин.
Криптовалюта ўзи нима?
Криптовалюта – бу виртуал, яъни жисмонан эмас, балки рақамли тарзда мавжуд бўлган валютанинг бир кўриниши бўлиб, бунда криптография (маълумотлар махфийлиги ва яхлитлигини таъминловчи тизим) орқали криптовалютани сарфламоқчи бўлган шахсни, у ушбу ишни амалга ошириш ҳуқуқи бор ёки йўқлиги текшириб олинади.
Ўз моҳиятига кўра, криптовалюталар муайян кетма-кетликда интернет орқали амалга ошириладиган битимлар тизими бўлиб, бунда ўзаро боғлиқ бўлмаган икки томон ўртасидаги ўтказмалар осон ва хавфсиз равишда амалга оширилиши таъминланади (яъни қийматларнинг бир томондан иккинчи томонга хавфсиз равишда ўтиши кафолатланади).
Криптовалюталар билан амалга ошириладиган амалиётлар марказлашган тизим орқали назорат қилинмагани учун (ушбу тизим марказлашмаган компьютерлар тармоғи орқали фаолият олиб боради) мазкур технология анъанавий молиявий воситачиларга бўлган талаб/эҳтиёжнинг йўқолишига сабаб бўлмоқда ва шу билан бирга сотувчи ва харидорларга криптовалютадан фойдаланган ҳолда тўғридан-тўғри тўлов амалга ошириш имконини берувчи янги тизимни таклиф қилмоқда. Анъанавий пуллар каби, криптовалюталар ҳам биржаларда олди-сотди қилиниши, электрон ҳамёнлар орқали бошқарилиши ва тўлов тизимлари орқали сарфланиши мумкин. Бироқ бошқа турдаги электрон тўловлардан фарқли равишда, криптовалютада амалга оширилган ўтказмалар мажбурий тарзда бекор қилина олмайди.
Криптовалюталар амалда қандай ишлайди?
Криптовалюта иштирокидаги ўтказмалар, одатда банк ёки марказий бошқарув идорасига мурожаат қилмаган ҳолда (яъни марказлашмаган peer-to-peer тизими орқали) амалга оширилади. Ҳар бир ўтказма барча фойдаланувчилар учун очиқ бўлган оммавий рўйхат (ёки блокчейн)да қайд қилинади. Тўлов қилишни хоҳлаган фойдаланувчи интернет ёрдамида тўлов қўлланмаси ишлаб чиқади ва тармоққа қўяди. Шундан кейин криптография технологияси ёрдамида ушбу ўтказма яроқли эканлиги аниқланади (яъни тўловчида шу валюта борлиги). Бу тизим анъанавий банк депозитларидан ўзгача ишлайди. Анъанавий банклар ҳар бир ўтказмани рақамли ёзувини ўзида сақлайди ва бу қайдларнинг ҳақиқийлиги ва сақланишини кафолатлайди ва бунга банк масъул ҳисобланади.
Одатда, криптовалюталар тармоғи ўз фойдаланувчиларига ўзаро ўтказмаларни амалга ошириш имконини берадиган ва “жуфт калит” (key pair) сифатида маълум бўлган криптографик тизимдан фойдаланади. “Жуфт калит” криптографияси ҳар бир фойдаланувчига икки қисм (бўлак)дан иборат криптографик калит тақдим этади. “Жуфт калит” нинг бир бўлаги фақатгина ўз фойдаланувчиси/эгасига маълум бўлади (“шахсий/ёпиқ калит” каби), иккинчи – “умумий/очиқ” калит эса каттароқ жамоа билан алоқа ўрнатиш мақсадида ишлатилади.
“Жуфт калит” криптографияси хабарларни шифрлаш/ кодлаш ёки уларнинг ҳақиқийлиги/тўғрилигини аниқлаш/тасдиқлаш учун ёки бир вақтнинг ўзида шу икки вазифани бажариш учун қўлланилади. Криптовалюталарда “жуфт калит” криптографияси кодлашдан кўра кўпроқ тўлов қўлланмаси (кўрсатмаси) тўғрилигини тасдиқлаш учун ишлатилади. Тўловчилар ўзларининг шахсий калитларидан фойдаланган ҳолда, тўловларни амалга ошириш учун рақамли “имзо” қўйишади, тўловни қабул қилувчи томон эса “очиқ” калит ёрдамида тўлов қўлланмасининг ҳақиқийлигини (ишончлилигини) тасдиқлайди.
Содда қилиб айтганда, тўлов амалга оширилгандан кейин тегишли миқдордаги маблағ тўловчининг ҳамёнидан олиб, тўловни қабул қилувчининг ҳамёнига ўтказилиши бўйича сўров (талаб) тармоққа юборилади. Ушбу сўров тармоққа жойланади ва криптовалюта ишлаб чиқувчи – “miner”лар ўтказма/битимларни амалга ошириш ҳуқуқини қўлга киритиш ва шунга мувофиқ равишда блокчейнни янгилаш / қайта юклаш учун мусобақалашишади.
Блокчеин қайта юклангач, ўтказма тасдиқланади ва ортга қайтмайди (яъни жараён узил-кесил амалга ошган) деб ҳисобланади. Мазкур жараён криптовалюта турига қараб, ўртача 10 сониядан 10 дақиқагача вақт олиши мумкин.
Криптовалюталарнинг шариат нуқтаи назаридан таҳлили
Bitcoin, Litecoin, Ripple каби криптовалюта тангалар бўлиб, улар фақат рақамли қийматнинг ўзгаришини кўрсатадиган блокчейнлар бўйича битимларда қайд этилади. Бу тангалар рақамли (онлайн) валюта вазифасини бажаради ва фақат “peer-to-peer” тўлов тизими сифатида ишлатилади (яъни уларнинг бошқа вазифалари бўлмайди).
Валюта тангаларининг икки турм мавжуд: бири савдогарлар томонидан қабул қилинадиган тангалар ва савдогарлар ва тармоқдан ташқаридаги компаниялар томонидан қабул қилинмайдиган тангалар.
Бугунги кунда биткоин бир қатор мамлакатларда, веб-сайтларда ва дўконларда тўлов воситаси сифатида қабул қилинмоқда. Microsoft, Subway, Reddit, Virgin Galactic, Expedia ва бошқа кўплаб дўконлар ва трансмиллий компаниялар Биткоинда тўловларни қабул қилишни бошладилар.
Litecoin ва Ripple каби тангалари эса хозирча трансмиллий компаниялар томонидан тўлов воситаси сифатида қабул қилинмаяпти. Лекин шу билан бирга, бу тангалар ўз тармоқларида айирбошлаш ва ҳисоб-китоб воситаси сифатида ишлатилмоқда.
Шариат нуқтаи назаридан, ҳар икки турдаги валюта тангалари тўлов тизими сифатида фойдаланиш мақсадида чиқарилган ва тўлов тизими сифатида тан олингани сабабли, улар ҳам валюта ҳисобланади. Ушбу тангалардан фойдаланувчилар орасида Таъамул (умумий/одатий фойдаланиш) ва Истилоҳ (ижтимоий келишув/розилик) га кўра ушбу тангалар валюта ва муомала воситасидир.
Асосий фарқ шундаки, Биткоин Litecoin ва Ripple-дан фарқли ўлароқ, кенгроқ миқёсда қабул қилина бошлади, натижада Биткоин «ал-Урф ал-ъаам» (кенг тарқалган урф-одат) қоидаси асосида валютага айланган бўлса, ўз тармоқларидагина тўлов воситаси бўлган валюта тангалари ал-Урф ал-Хос (хос урф) қоидасига кўра валюта ҳисобланмоқда. Ал-Урф ал-Хос (хос урф) фақат бир тоифа одамлар доирасига хос бўлган амалиёт ёки тушунчаларни англатади. Ушбу ўзига хослик манзил (жойлашув), касб, бирор бир жамиятга аъзолик ёки бир гуруҳ одамлар ўртасидаги келишув натижаси бўлиши мумкин. Шайх Мустафо аз-Зарқа бундай “Урф” нинг турлари сон-саноқсиз бўлиши мумкинлигини таъкидлайди, чунки одамлар эҳтиёжлари ва уларнинг манфаатлари (Масалиҳ) макон ва замонга қараб ўзгариб/кўпайиб бораверади. Шундан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, тез орада блокчейн асосида бирор бир алоҳида урфнинг тури шаклланиши мумкин.
Буюк Британиялик олим, муфтий Фараз Адам 2017 йилнинг август ойида Биткоинга бағишланган катта ва мазмунли мақола ёзган эди. Олим ушбу мақоласида Биткоин ҳақиқатда ҳам ҳуқуқий жиҳатдан мол (бойлик маъносида) хусусияти мавжуд, аммо валюта хусусияти мавжудлиги бирмунча баҳсли масала дейди. Шунингдек, Биткоин шариатнинг мақсадларидан бўлган мол-мулкни асраш ва умумий иқтисодий ривожланишга хизмат қилмаслигини таъкидлайди. Кейинроқ, муфтий Фараз Адам биткоин шахсий бойликни кўпайтириш учун хизмат қилувчи сармоя воситаси ва бу шариат нуқтаи назаридан қонуний ҳисобланиши мумкин деган фикрни илгари сурган. Шу билан бирга, олим турли соҳа мутахассислари ушбу масала юзасидан ўз фикрларини билдиришларини ва ўзининг Биткоин борасидаги фикрларини фатво эмас, балки тадқиқот сифатида қабул қилишларини сўраган.
Албатта бундай чуқур фикр-мулоҳаза, илмий далилларга асосланган муносабат таҳсинга сазовордир.
Фараз Адам бошқа мутахассислар билан ҳамкорликда ушбу йўналишдаги тадқиқотларини давом эттиради ва 2018 йилда фиқҳий жиҳатдан Биткоин юзасидан олимларда уч хил қараш мавжуд дейди:
- Биткоин мол (бойлик) ҳам эмас, пул бирлиги ҳам эмас;
- Биткоин мол (бойлик), аммо пул бирлиги эмас;
- Биткоин ҳам мол (бойлик), ҳам пул бирлиги.
Биринчи қарашга кўра Биткоиндан бирор усулда фойдаланиш шариатга зиддир. Муфтий Фараз фикрига кўра бундай қараш ҳақиқатдан йироқ. Биткоин мавжудлиги, унинг рақамли маълумотлардан иборатлиги, унга эгалик қилиш, айирбошлаш мумкинлиги ушбу қарашни воқеликка зид эканлигидан далолат беради.
Иккинчи гуруҳ олимлари фикрига кўра биткоин мавжуд ва у крипто-актив (мол-мулк) ҳисобланади, аммо пул вазифасини бажариши мумкин эмас. Бошқа сўз билан айтганда унга эгалик қилиш ва бойлик сифатида сақлаш мумкин, аммо алмашув воситаси сифатида фойдаланиш мумкин эмас. Ушбу олимлар фикрига кўра биткоин Таъамул (кенг/умумий фойдаланиш) ва Истилоҳ (ижтимоий келишув/розилик) жиҳатларига эга эмас. Айтиш мумкинки, бу ўтиш даврига тегишли ва бу икки хусусият ҳам вақт ўтган сари ривожланиб бориши мумкин. Фараз Адам ушбу гуруҳ олимларига жавобан, бу фикрни тўғри деб бўлмайди, чунки агар охир-оқибат Биткоинларни валютага айлантириш имкони бўлмаса одамлар улар билан савдо қилмаган бўларди, дейди.
Учинчи гуруҳ олимларининг фикрига кўра Биткоин бошиданоқ тўлов воситаси сифатида яратилган ва бугунги кунда Истилоҳ (ижтимоий келишув/розилик) даражасига етган.
Маълумки, бирор нарса бойлик (мол) саналиши учун унга эгалик қилишга хоҳиш/талаб бўлиши ва уни сақлаш мумкин бўлиши лозим. Биз ҳозир кўриб турибмизки, Биткоин каби марказлашмаган криптовалюталар пул тизимига талаб бор, шунингдек уларни рўйхатдан ўтказиш ва сақлаш тизими ҳам мавжудлиги юқорида баён қилинди. Шу сабабли биткоин каби криптовалюталар “тақаввум” (ҳуқуқий қиймат) хусусиятига эга.
Бизнингча, Муфтий Фараз Адамнинг биткоин борасидаги қуйидаги фикрлари эътиборга лойиқ: “Қиймат ҳақидаги тушунчаларни ҳам қайта кўриб чиқиш вақти келди. Замонавий технологиялар бизнинг ҳаёт тарзимизни ўзгартириб юбормоқда. Масалан бугунги кунда банклар қийматларни акс эттириш учун оддий рақамларлардан фойдаланадилар ва ушбу рақамлар давлатлар томонидан кафолатланади. Қурилган тизим шундайки, жамият ҳам ушбу рақамларда акс этган қийматларга ишонч билдиради ва шу рақамлар одамлар томонидан қабул қилинади. Агар мавжуд тизимга ишончли, ҳавфсиз, оддий-содда муқобил тизим яратилган экан, нима учун бундай тизим акс эттирган рақамлар қийматга эга бўлмаслиги керак? Агар ушбу тизим одамлар учун мақбул экан, демак бундай валюталар шариат нуқтаи назаридан (тўлов воситаси сифатида) қабул қилиниши мумкин”.
* Токен, криптовалюта бўлмаган ҳисоб бирлиги бўлиб, у рақамли дунёда қимматбаҳо қоғозлар ўрнини босувчи восита сифатида кўрилади. Улардан ташқари токенларнинг турли хиллари, масалан, work tokens, utility tokens, asset-backed tokens, revenue tokens, equity tokens, buy-back tokens бўлиши мумкин.
Шунингдек, электрон калит вазифасини бажарувчи ихчамгина ускуна ҳам токен деб аталади (унинг ёрдамида фойдаланувчининг хавфсизлиги таъминланади).
2 comments
Qolgan ma‘lumotlarni ham intizorlik bilan kutib qolaman, juda zo‘r mavzu bo‘yicha maqola tayorlayapsilarakan
Agar Bitcoinni, masalan 10k ligida olgan bo’lsam, va u vaqt o’tib 30k ga yetgan bo’lsa, bu xuddi investitsiya hisobida olinib 20k foyda halol hisoblanadimi? Maqola uchun rahmat 😉