Одатда, кўчмас мулк олди-сотдиси жараёнида томонлар битимдан кўзланган мақсадга эришиш учун гаров пули (заклад), бўнак (аванс), ҳамиш-жиддия (кафолат пули), тўлов шакли ва воситаси юзасидан келишиб олишади. Аммо баъзида томонлар ушбу масалаларни тўғри тушунишмайди, масалан биринчи берилган пул қайси мақсадда берилган: кўчмас мулкни банд қилиш учун гаров сифатидами ёки тўловнинг бир қисми бўлган бўнак сифатидами? Шу сабабли, бирор сабаб билан шартнома бекор қилинса, томонлар ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқ билмаганликлари сабаб ўртада зиддият ва муаммолар келиб чиқади. Шунинг учун, биз томонлар битимни тузишдан олдин ёки олди-сотди шартномаси тузиш мобайнида амалга ошириладиган тўловлар хусусида тушунча ҳосил қилиш учун қуйидагиларни келтириб ўтмоқчимиз:
Кўчмас мулкни банд қилиш учун берилган пул – бу мижоз тарафидан кўчмас мулк эгасига кўчмас мулкни маълум муддат сотувга қўймаслиги (яъни банд қилиб туриши) учун гаров сифатида амалга ошириладиган тўловдир. Бундай ҳолатда томонлар олди-сотди шартномаси тузмайдилар, балки шу пул олинганлиги қайд қилинади (ўрнатилган тартибда нотариал идорада расмийлаштирилади ёки гувоҳлар иштирокида далолатнома тузилади). Шундай қилиб, гаров сифатида берилган пул бўлажак (эҳтимолий) харидорга кўчмас мулкни келишилган нарх ва муддатда сотиб олиш ҳуқуқини беради. Агар харидор белгиланган муддатда ўз ҳуқуқидан фойдаланмаса, гаров пули сотувчида қолади ёки у ўз ихтиёри билан харидорга қайтиб беради (яъни бу унинг ихтиёрида).
Олди-сотди жараёнида қўлланадиган яна бир тўлов тури – ислом молиясида “ҳамиш жиддия” деб аталадиган ва ўзбек тилига “кафолат пули” деб таржима қилинадиган тўлов бўлиб, бундай тўлов, мижоз ўз нияти жиддийлиги ва олди-сотдини амалга ошириш учун молиявий имкониятлари мавжудлигини тасдиқлаш мақсадида олди-сотди шартномасини тузишдан олдин амалга оширилади. Харид қилишдан воз кечилган тақдирда, сотувчи мулкни учинчи томонга сотиш зарурати пайдо бўлади ва шу жараёнда сотувчи муайян қўшимча харажатлар қилиши, яъни зарар кўриши мумкин. Ана шу кўрилган бевосита зарар берилган кафолат пулидан ушлаб қолинади ва қолган пул ҳамиш жиддия берган томонга қайтарилади.
Бўнак (араб тилида “урбун” дейилади) – бу олди-сотди шартномаси доирасида кўчмас мулк нархининг олдиндан тўланадиган қисми сифатида амалга оширилади. У харидорга келишилган муддат ичида кўчмас мулк бўйича олди-сотди битимини тузиш ёки уни бекор қилиш ҳуқуқини беради. Аммо агар у шартномани бекор қилишга қарор қилса, сотувчи урбунни ўзида олиб қолиш ҳуқуқига эга. Шу ерда, урбун Ҳанафий мазҳабида қўлланилмаслиги ҳақида айтиб ўтиш лозим.
Кўриб турганингиздек, битим тарафлари мижоз томонидан тўланадиган маълум бир ҳақни қандай белгилашига қараб, унинг ҳукми (шаръий ҳукми) юзага келади. Шунинг учун, битим амалга ошмай қолган тақдирда пайдо бўлиши мумкин бўлган низоларнинг олдини олиш ва томонлар ўз ҳуқуқларини билишлари учун кўчмас мулк бўйича у ёки бу тўлов нима мақсадда амалга оширилаётгани хусусида олдиндан келишиб олишлари мақсадга мувофиқдир.