Мушораканинг яна бир тури «мушарака мутанақиса», яъни «камайиб борувчи мушорака» дейилади. Мушораканинг ушбу турининг моҳияти қуйидагича: сармоядор ва унинг мижози бирор мол-мулк эгалигида ёки тижоратда шерик сифатида иштирок этадилар. Бунда сармоядорнинг мулкдаги улуши бир неча қисмларга бўлинади ва мижоз ушбу қисмларни маълум муддат ичида (бирма-бир) сотиб олади. Келишилган муддат ичида сармоядорнинг барча улушини сотиб олган мижоз мулкнинг / корхонанинг тўлиқ / якка эгасига айланади.
Камайиб борувчи мушорака ушбу тамойил асосида турли молиявий муносабатларда, турли шаклларда қўлланиши мумкин. Қуйида бунга айрим мисолларни келтириб ўтамиз:
- Ислом молия муассасалари ушбу мушорака туридан асосан уй-жой сотиб олишни молиялаштиришда фойдаланишмоқда. Бундай мушоракада, уй сотиб олишни ҳоҳлаган, аммо етарли маблағи бўлмаган мижоз сармоядорга/молия муассасасига мурожат қилади. Уй-жой баҳосининг йигирма фоизи мижоз томонидан, қолган саксон фоизи сармоядор томонидан тўланади. Шундай қилиб, уй-жойнинг йигирма фоизига мижоз ва саксон фоизига сармоядор эгалик қилади. Ушбу кўчмас мулк биргаликда сотиб олингандан сўнг мижоз уйдан турар жой сифатида фойдаланади ва сармоядорнинг улушидан фойдалангани учун унга ижара ҳақи тўлайди. Бунда, сармоядорнинг кўчмас мулкдаги улуши ҳар бири ўн фоизни ташкил қилувчи саккиз қисмга бўлинади. Мижоз сармоядор билан ҳар бир қисмни ҳар уч ойда сотиб олишга келишиб олади. Биринчи уч ой ўтгандан сўнг мижоз сармоядор улушининг бир қисмини мулк баҳосининг ўндан бирини (1/10) тўлаб сотиб олади. Шундан сўнг сармоядорнинг мулкдаги улуши саксондан етмиш фоизга тушади ва мижознинг сармоядорга тўлайдиган ижара ҳақи ҳам мос равишда камаяди. Иккинчи муддат охирида мижоз сармоядорнинг улушидан яна бир қисмни сотиб олади ва ўзининг улушини қирқ фоизга етказади, сармоядорнинг улуши эса олтмиш фоизга тушади, ижара ҳақи ҳам шунга яраша камаяди. Ушбу жараён шу тартибда икки йил давом этади ва муддат якунида мижоз сармоядорнинг барча улушини сотиб олиб, ўзининг улушини 100%га етказади.
Ушбу шартнома сармоядорга мулкдаги улуши эвазига ижара ҳақи тўловлари шаклида даромад олиш ва шу билан бирга, улушини қисман-қисман ва мунтазам равишда мижозга сотиш орқали киритган сармоясини тўлиқ равишда қайтариб олиш имконини беради. - Шартли равишда А деб аталувчи шахс йўловчиларга транспорт хизматлари кўрсатиш орқали даромад топиш мақсадида такси (автомашина) сотиб олмоқчи, аммо унинг бунга етарли маблағи йўқ. А шартли равишда Б деб аталувчи томон билан такси автомашинасини шерикчиликда сотиб олишга келишади. Автомашина баҳосининг йигирма фоизини А, саксон фоизини эса Б тўлайдиган бўлди. Автомашина харид қилингандан кейин йўловчиларга хизмат кўрсатиш орқали бир иш кунида бир миллион сўм соф фойда кўриш кутилмоқда. Автомашинанинг саксон фоизига эгалик қилгани учун кунлик фойданинг саккиз юз минг сўми Бга, йигирма фоизига эга бўлган Ага эса кунлик фойданинг икки юз минг сўми тегиши керак бўлади. Айни пайтда Бнинг автомашинадаги саксон фоиз улуши тенг саккиз қисмга бўлинади. Уч ойдан сўнг А томон Б томон улушидан бир қисмини сотиб олади. Бнинг улуши тегишли равишда етмиш фоизга тушиб, Анинг улуши ўттиз фоизга чиқади ва А кунлик фойданинг уч юз минг сўмига ҳақдор бўлади. Бнинг кунлик оладиган фойдаси эса саккиз юз мингдан етти юз мингга тушади. Ушбу жараён давом этиб, икки йиллик муддатдан кейин автомашина тўлиқ Анинг мулкига айланади. Б эса юқорида айтилганидек кунлик фойдадан ўзига тегишли улушни олиб туради, ҳамда шу муддат давомида киритган сармоясини тўлиқ қайтариб олади.
- А тайёр кийимлар тижоратини йўлга қўйишни режалаштирмоқда, лекин унда бу ишга етарли маблағ йўқ. Б икки йил давомида унинг тижоратида иштирок этишга розилик билдирди. Керакли сармоянинг қирқ фоизини А, қолган олтмиш фоизини Б киритадиган бўлди. Томонлар қуйидагича келишув тузишди:
– тижорат мушорака асосида бўлади;
– кўриладиган фойда ўзаро келишилган нисбатда тақсимланади;
– Бнинг тижоратдаги улуши тенг олти қисмга бўлиниб, А бу қисмларни босқичма-босқич сотиб олади;
– иккинчи йилнинг охирида барча улуш Ага ўтади.
Кўриб турганимиздек, шу икки йил давомида Б шерикчилик даврида мунтазам равишда олиб турган фойдадан ташқари киритган сармоясини ҳам чиқариб олади.