Шариат ислом динининг ажралмас бўлаги бўлиб, Қуръони карим ва Пайғамбар Муҳаммад соллалаҳу алайҳи васалламдан келган саҳиҳ ҳадислар, шунингдек Қуръон ва суннатга асосланган мужтаҳид олимларнинг фикрларига (ижтиҳод) асосланган қоидалар мажмуидир.
Ислом олимлари барча амалларни “Ибодат” ва “Муомалат” деб номланган икки турга ажратадилар. Ибодат амаллари намоз, рўза ва ҳаж кабилар бўлиб самимий, риёдан ҳоли ва фақат Аллоҳ учун бажарилади. Ибодат амаллари Ислом динининг манбаларидан тўғридан-тўғри келиб чиқади, ҳамда бу амалларни бажариш учун албатта муайян далилга асосланиш шартдир.
Ислом ҳуқуқшунослигида машҳур бўлган усуллардан бири (усул ал-фиқҳ) шуки, ибодат масаларида бирор амални ибодат деб бажариш тақиланади, илло манбалардан шу нарсага буюрилган ёки рухсат берилгани аниқ бўлмаса. Масалан, инсон ўзича кўпроқ ибодат қилмоқчиман деб аср намозини беш ёки олти ракаат ўқийман дейишлиги ёки менинг қудратим етади деб рўзани қуёш ботгунгача эмас, хуфтонгача тутаман дейишлиги мумкин эмас.
Муомалат деб одамлар ўртасида вужудга келадиган барча алоқаларга айтилади, хусусан хўжалик ва савдо-сотиқ муносабатлари, ислом молияси мавзулари муомалатга тегишлидир. Ибодатдан фарқли ўлароқ, муомалат масалаларидаги умумий тамойил шуки, тақиқланмаган барча амаллар рухсат этилгандир. Муомалат фиқҳи муайян даражада қайишқоқ бўлиб, макон ва замонга қараб ўзгариши мумкин. Жамиятнинг ривожланиши учун зарур шароитларни яратиш, замонавий масалаларни ҳал қилишга зарурат туғилганда ислом ҳуқуқшунослигининг шариат манбаларидан фойдаланиб янги ҳукмлар чиқарилади. Бундай ҳукмларни тиббиёт, озиқ-овқат мавзуларидан тортиб давлат тузилиши, солиқлар, молия мавзуларида кўплаб топиш мумкин.