2021 йил давомида Ўзбекистонда Ислом молияси соҳасида қатор янгиликлар амалга ошди. Ушбу сарҳисобда қисқа сатрларда асосий воқеаларни ёдга оламиз.
«Музларнинг эриши»
2020 йил 21-декабрь
Ўзбекистон президенти илк бора Ислом молиясини қўллаб-қувватлаш бўйича бўйича расмий тадбирда нутқ сўзлади. Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга мурожаатида: «Ўзбекистонда ислом молиявий хизматларини жорий этиш бўйича ҳуқуқий базани яратиш вақти-соати келди. Бунга Ислом тараққиёт банки ва бошқа халқаро молия ташкилотлари экспертлари жалб этилади» – деди.
«Давлат идоралари ҳам соҳага қизиқишни бошлашди»
2021 йил 29-январь
Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги бошчилигида Ўзбекистон молиячилар ва таҳлилчилари учун Ислом молиясидан семинар ташкил қилинди.
«Ислом дарчалари»
2021 йил 2 февраль
«Ислом тараққиёт банки» гуруҳи таркибига кирувчи «Хусусий тармоқни ривожлантириш Ислом корпорацияси» (ICD) Ўзбекистоннинг бир неча тижорат банкларида ислом молия маҳсулотлари ва хизматларини тақдим этувчи дарчаларни очиш бўйича фаолиятини кенгайтирди.
«Такофул кириб келмоқда»
2021 йил 3-март
Анъанавий суғуртага муқобил ҳисобланган Ислом молияси йўналиши – такофул бўйича «Ўзбекистонда ислом молияси ва такофул» мавзусида анжуман бўлиб ўтди.
«Аёлни ўқитиш – миллатни ўқитиш»
2021 йил 6-март
Аёллар учун «Ислом молияси ёхуд тижорат ва ишлаб чиқариш ҳақида тасаввур» ва «Оила бюджетини ислом молияси жиҳатдан ташкил этиш» мавзуларида тренинглар ташкил қилинди.
«Қимматбаҳо қоғозлар»
2021 йил 10-март
Акцияларга инвестиция қилишда динимиз талабларини ўрганиш учун онлайн вебинар ташкил қилинди.
«Банкларда семинарлар»
2021 йил 23-март
Россиялик мутахассис Мадина Каллимуллина Ўзбекистон тижорат банкларида банк ходимлари учун семинарлар бўлиб ўтди. Семинарлар Хусусий тармоқни ривожлантириш ислом корпорацияси (ICD) ва Ислом тараққиёт банки институти (IsDBI) ҳамкорлигида ташкил қилинди.
«Ислом – камбағалликка қарши»
2021 йил 15-апрель
Исломнинг иқтисодий механизмлари камабағалликни йўқотишда катта хизмат қилиши мумкин. Закот, вақф, садақа, қарзи ҳасан, такофул бўйича суҳбат ташкил қилинди.
«Закотга оид – Рамазон туҳфаси»
2021 йил 20-апрель
Закот ҳисоблаш ва тўлаш қоидалари бўйича Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим мудири, Тошкент ислом институти ўқитувчиси, Муҳаммад Айюбхон домла Ҳомидов иштирокида “Zakotim” туркум суҳбатлари тайёрланди.
«Давлат телеканалида Ислом молияси мавзуси»
O’zbekiston24 телеканалида “Ислом молияси – анъанавий банкинг учун янги имконият” мавзусида Жаҳонгир Имомназаров интервью берди. Суҳбат давомида Ислом молиясини юртимизда жорий этишнинг афзалликларига тўхталиб ўтилди.
«Zakotim – онлайн закот калькулатори»
2021 йил 11-май
Моли нисобга етган мусулмонларга закот миқдорини аниқ ва осон ҳисоблаб чиқиш имкониятини берувчи «Закотим» онлайн дастури ишлаб чиқилди.
«Ҳамкорлик»
2021 йил 31-май
Ислом тараққиёт банки гуруҳига кирувчи Хусусий тармоқни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси (ICD) ва Azon New Media корхоналари ўртасида ҳамкорлик ва Ислом молиясини тарғиб қилиш бўйича шартнома имзоланди.
«Партиялар ҳам Ислом молиясини қўллаб-қувватлайди»
2021 йил 2-июнь
ЎзЛиДеП пресс-клубида Ўзбекистон банк тизимига ислом молиясини жорий қилиш истиқболлари муҳокама қилинди. Муҳокама қизғин баҳс-мунозара, танқидларга бой бўлди.
«Анъанавий банкда 10 кунлик тренинг»
2021 йил 21-июнь
“Ипотека-банк” АТИБ ходимлари учун “Ислом молияси ва банкчилиги” мавзусида 10 кунлик семинар-тренинг бўлиб ўтди.
«Исломда мерос масаласи»
2021 йил 1-июль
Халқимиз учун ғоят муҳим бўлган ва доимо долзарб мавзу бўлган мерос илми бўйича силсилавий мақолалар эълон қилинди. Хусусан, мерос илми асослари, меросхўрларнинг мартабалари, меросдан ман қилувчи омиллар, фарзандлар, ота-она, эр-хотин мероси, бизнесда мерос масалалари ва бошқа мавзулар ўрганилди.
«Қўшнилар тажрибаси»
2021 йил 3-июль
Банк соҳасида ислом молиясининг жорий этилиши бўйича Марказий Осиё мамлакатлари тажрибаси кўриб чиқилди.
«Ислом молияси қиморга қарши»
2021 йил 9-июль
Мамлакат бўйлаб қиморда ютқазган кишиларнинг ўз жонига қасд қилаётганлиги бўйича хабарлар кўпайди. Ислом молияси қимор динимизда қаттиқ тақиқланганини ва бу бўйича фатволарни эсга олди.
«Халқаро ислом молия ташкилотлари билан ҳамкорлик»
2021 йил 12-июль
AAOIFI – Ислом молияси муассасаларининг бухгалтерлик ҳисоби ва аудити ташкилотининг ўқув қўлланмалари рус тилига таржима қилиш бошланди. Лойиҳа бўйича ўтказилган тендерда МДҲ мамлакатларидан қатнашган ташкилотлар орасида Ўзбекистоннинг “Islamic Business and Finance” корхонаси ғолиб чиқди.
«Россия тажрибаси»
2021 йил 17-июль
Россиялик олима Мадина Каллимуллина билан Россияда Ислом молиясини жорий қилиш бўйича тажриба, ҳалол стандарти, Ислом молияси стандартлари ва иқтисод мавзуларида суҳбат ташкил қилинди.
«Ислом молияси — бу фақат молия эмас!»
2021 йил 19-июль
MFaktor лойиҳасида Ислом молияси бўйича Хондамир Нусратхўжаев иштирокида суҳбат бўлиб ўтди.
«ASSOODIQ» лойиҳаси тренинглари»
2021 йил 29-июль
“Ислом молияси ёхуд тижорат ва ишлаб чиқариш ҳақида тасаввур” тренинглари ташкил қилинди. Унда Абдулманнон Абдуллоҳ домла томонидан тадбиркорларга Ислом молиясидаги тақиқлар, воқеълик ва ечимлар ҳақида дарслар ўтилди.
«Ўзбекистонда илк бор Ислом тараққиёт банки анжумани»
2021 йил 2-сентябрь
Анжуманда Президент Мирзиёев иштирок этиб нутқ сўзлади, Қуръон тиловат қилинди. Ўзбекистонда ИТБ иштирокида қатор инвестиция лойиҳалари амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.
«Ислом молияси учун қонуний асос яратиш»
2021 йил 4-сентябрь
Ўзбекистонда Ислом банки ва молия соҳасининг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқишни қўллаб-қувватлаш учун Ислом тараққиёт банки томонидан 265,000 АҚШ доллари миқдорида техник ёрдам гранти ажратилди.
«Тадбиркорларда Ислом молиясига эҳтиёж катта»
2021 йил 12-сентьябрь
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги биносида “Ислом молияси асослари ва ҳалол савдо фаолияти” мавзусида амалий семинар ташкил қилинди. Семинар Islamic Business and Finance (IsBF) компанияси мутахассислари ҳамда Ислом тараққиёт банки ва унинг шўъба корхоналарида фаолият олиб бораётган мутахассислар томонидан ўтказилди.
«Талабалар Ислом молиясига қизиқади»
2021 йил 5-октябрь
Тошкент молия институтида “Ўзбекистонда ислом молияси истиқболлари” мавзусидаги мастер-класс ўтказилди.
«Ислом банки ва молияси форуми»
2021 йил 21-октябрь
Ал-Ҳуда Ислом банки ва иқтисодиёти маркази 2021 йил 21 октябрда Тошкентда «2-МДҲ мамлакатлари Ислом банки ва молияси форуми» ташкил этилди. Соҳадаги фаол иш олиб бораётган ташкилотлар, шу жумладан IsBF компанияси ва унинг раҳбари Жаҳонгир Имамназаров тақдирланди.
«Марказий банк раиси ислом молияси юзасидан»
2021 йил 22-октябрь
Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов аввалига микромолия ташкилотларига, сўнг тижорат банкларига ислом молияси бўйича операцияларни амалга ошириш ҳуқуқи берилиши мумкинлигини айтиб ўтди.
«Исломда солиқ масалалари»
2021 йил 16-декабрь
Солиқ масалалари бўйича Ислом тарихидаги илк адабиёт Абу Ҳанифанинг машҳур шогирдларидан бўлган имом Абу Юсуф томонидан ёзилган “Китоб ал-харож” ўзбек тилида нашрдан чиқди.
«Ислом инвестиция компанияси очишга келишилди»
2021 йил 23-декабрь
Ўзбекистонда Ислом молияси тамойилларига мувофиқ фаолият юритувчи илк инвестиция компанияси ташкил қилишга келишилди. Ушбу лойиҳа Ўзбекистон Республикаси тўғридан тўғри инвестициялар жамғармаси ва “Islamic Business and Finance” компанияси ҳамкорлигида амалга оширилиши кўзда тутилган.
«Ўзбекистонлик мутахассисларнинг халқаро сертификати»
2021 йил 10-декабрь
Илк ўзбекистонлик мутахассислар AAOIFI – Ислом молияси муассасаларининг бухгалтерлик ҳисоби ва аудити ташкилотининг CSAA – Certified Shariah Advisor and Auditor (Сертификатланган шариат маслаҳатчиси ва аудитори) халқаро сертификати талабларини бажардилар. Сертификатларга Хондамир Нусратхўжаев, Олимжон Иргашев ва Музаффар Ҳусниддинов эга бўлдилар.
«Ислом молияси илк бора қонунчиликда»
2021 йил 28-декабрь
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаш фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қуйи палата томонидан тасдиқланди. Унда исломий молиялаштиришни амалга ошириш қоидалари ва принципларининг манбаси сифатида халқаро ташкилотлардан “Ислом молия институтлари учун Бухгалтерия ҳисоби ва аудит ташкилоти” (AAOIFI) ва “Исломий молия хизматлари кенгаши” (IFSB) томонидан белгиланиши кўзда тутилган.