AAOIFI – Ислом молияси соҳасида шариат стандартлари ишлаб чиқиш, мувофиқлаштириш ва тартибга солиш билан шуғулланувчи етакчи халқаро ташкилотнинг 12 сонли стандарти, 3.1. бандига мувофиқ Мушорака инан (ёки Шарикат ал-инан) – икки ҳамкор ўртасидаги шерикчилик бўлиб, бунда ҳар бир шерик муайян маблағни маълум бир иш/лойиҳага тикади ва ана шу ўртада шаклланган сармояни келишилган усулда тасарруф қилади. Фаолият давомида/натижасида олинган фойда келишилган нисбатда, зарар эса ҳар бир томоннинг киритган улушига мос равишда тақсимланади. Кўпчилик “мушорака” атамасининг маъносини тушунишади, аммо “инан”нинг маъноси кўпчиликка маълум бўлмаслиги мумкин.
Давримизнинг таниқли ислом ҳуқуқшунос олимларидан бўлган Ваҳбаҳ Ал-Зуҳайли (1932-2015) ўзининг машҳур “Ислом ҳуқуқшунослигида молиявий амалиётлар” (1 том) китобида “инан” атамасини ёнма-ён чопаётган (ёки бир аравага қўшилган) икки отга ўхшатади. Зуҳайлий шундай ёзади: “Икки шерикнинг ҳар бири “тизгин”ни ушлаб туради ва шу орқали шеригининг ўртадаги сармоя/мулк устидан мустақил ҳаракат қилишини чеклаб туради”. Мана шу таъриф “Мушорака инан”ни “Чекланган шерикчилик” деб таснифлаш тўғрилигини билдиради, назаримизда.
Шерик бўлган томонлар учун жуда қулай бўлган ушбу турдаги шерикчилик ислом иқтисодиёти ва молиясида жуда кўп қўлланилади, чунки бунда томонларнинг умумий сармоядаги улуши катта кичиклигининг аҳамияти йўқ (барибир томонларнинг ҳар бири ўз улуши доирасидан ўтиб шериги улушини тасарруф қилиши имконияти чекланган). Исломдаги ҳар қандай шартнома/битимда бўлгани каби “Мушорака инан” ҳам ҳамкорлар ўртасида ихтиёрий таклиф ва қабул ва тегишли шартнома имзолаш орқали кучга киради.
Бундай шерикчиликда муҳим эътибор қаратилиши керак бўлган яна бир муҳим масала, бу ўртадаги сармоя/мулкнинг ҳамкорлар тарафидан шакллантирилишидир. Бунда бир тараф маблағ ёки мулк киритиб иккинчи тараф бу масалани кейинроққа суриши тўғри бўлмайди, шунинг учун иккинчи тараф ҳам маблағ / мулк киритиш имконияти пайдо бўлгунча шерикчилик фаолияти бошланмай туриши лозим бўлади.
Томонларнинг улуши пул маблағлари кўринишида ҳам, муайян мулк кўринишида ҳам бўлиши мумкин (бир гуруҳ ҳуқуқшунослар пул кўринишида бўлгани дуруст дейишади). Агар қайсидир томон ўз улушини мулк кўринишида киритса, у ҳолда шерикчилик шартномаси кучга кирадиган кун ушбу мулкнинг бозор нархи чиқарилиши/аниқланиши ва қайд қилиниши керак бўлади.
Бунинг сабаблари қуйидагича:
- агар мулкнинг бозор нархи аниқ бўлмаса, у ҳолда бу мулк билан киритилган сармоянинг қиймати (демакки томонлардан бирининг улуши) ноаниқ/мавҳум бўлишига сабаб бўлади. Маълумки ислом молиясининг энг асосий тамойилларидан бири мавҳумлик-ғарарга йўл қўймасликдир;
- чунки агар сармоя сифатида киритилган мулкнинг ўзидан (мулк шаклида) шерикчилик мақсадларида фойдаланиб бўлмаса, у ҳолда бу мулк сотилиб ўртадаги шерикчилик сармоясини шакллантириш учун ишлатилиши мумкин бўлиши керак.
Дубай ислом иқтисодиётини ривожлантириш маркази катта маслаҳатчиси Суҳайл Зубайрининг “Мушорака инан” бўйича ёзган мақоласи асосида тайёрланди.