Нақд пулларни жалб қилиш вақф муассасаларининг молиявий фаолиятларидан бири бўлиб, 2 асосга таянади:
1) Жалб қилинаётган (янги) маблағлар ҳажмини ошириш ва уларни жалб қилиш манбаларини диверсификация қилиш (яъни маблағлар турли манбалардан жалб қилинишини таъминлашга ҳаракат қилиш)*. Бу ўринда вақф муассасалари вақф қилувчиларнинг қўйган шартлари, ният ва режаларига жиддий эътибор қаратишга ҳаракат қилишади, чунки вақф берувчининг нияти/фикри жуда муҳим.
* албатта вақфлар молиявий манбалари турини кўпайтиришга ҳаракат қилиши муҳим, аммо бизнинг ҳолатда бу энг долзарб масала эмас. Чунки бугунги кунда (яъни пандемия туфайли иқтисодий қийинчилик юзага келган даврда) вақф жамғармалари учун асосий масала ҳалол манбалардан имкон қадар кўпроқ маблағ жалб қилиш ва йиғилган маблағларни тезроқ ҳақдорларга етказиш бўлиб турибди.
2) Вақф ёки хайрия маблағларини жалб этиш усуллари/кўринишларини белгилаб олиш ва ривожлантириш. Бу жараён 2 хил усулда амалга оширилиши мумкин:
а) вақф фондини ташкил этиш ва унинг таркибида қарзи ҳасан беришга ихтисослашган бўлим/шуъба очиш;
б) вақф сукуклари, вақф акциялари шаклида қимматли қоғозлар чиқариш.
Ушбу икки усулда ҳам нақд вақфлар муаббад (бир умрлик) ёки муваққат (вақтинчалик) шаклда бўлиши мумкин.
Юқорида таъкидланган “вақф жамғармаси” тушунчаси нақд пул кўринишидаги вақфлардан иборат бўлиб, унинг шариатда рухсат этилганлиги нақд вақфларнинг жоиз эканлиги билан боғланади. Қуйида вақф жамғармаларига берилган бир таърифни келтириб ўтишни лозим топдик:
Вақф жамғармалари – бу бир қанча шахслардаги нақд пулларни хайрия мақсадида тўпловчи ва мазкур маблағларни сармоя (инвестиция) қилувчи муассаса бўлиб, маблағнинг ўзи ёки улардан олинган даромад ва самара/фойда муайян шахсларга ёки бирон бир жамоага, жамият манфаатларини кўзлаб, инфоқ қилинади. Бу орқали вақф бўйича яна бир суннат қайта тикланади ва жамият ва унинг аъзолари (умумий ёки хос) манфаати йўлида хизмат қиладиган хайрия мақсадлари амалга оширилади. Бундай жамғарма доирасида бошқарув идораси (органи) ташкил этилади ва ушбу идора жамғарма ишларини юритиш, жамғарма маблағларини муҳофаза этиш, уларни сармоя қилиш, сармоя киритилган лойиҳалардан олинган даромадларни режа бўйича тақсимлаш каби ишлар билан шуғулланади (Ваҳба Зуҳайлий*). Ушбу таърифда эътибор қаратилган энг муҳим жиҳат – бу вақф жамғармаларининг асосий вазифаси: йиғилган маблағларни инвестиция қилиш, яъни вақф қилинган пулларни кўпайиши/ўсишини таъминлашдир.
Фикримизча, ушбу таъриф вақф жамғармаларига берилган тушунарли таърифдир. Демак, вақф жамғармаларининг мақсади иқтисодий ва ижтимоий аҳамиятга эга инвестиция лойиҳаларини топиш, ишлаб чиқиш, вақф мулкларини ўсишини таъминлаш орқали молиявий даромад олиш ва уларни вақфга ҳақдор инсонларга етказишдан иборат. Вақф жамғармалари маблағлари якка шахслар, корхоналар, давлат идоралари, махаллий ва халқаро ташкилотлар ёрдамида шакллантирилиши мумкин. Ушбу маблағлар жамғарма томонидан, одатда, қарзи ҳасан кўринишида ҳақдор инсонларга ва кичик бизнес вакилларига берилиши мумкин.
Юртимизда қарзи ҳасан беришга ихтисослашган вақф жамғармалари тузиш ёки мавжуд жамғармалар қошида алоҳида бўлим/шуъбалар очиш мумкин. Қарзи ҳасан қуйидаги тоифаларга ажратилса, мақсадга мувофиқ бўлади:
1. шартома асосида таълим олаётган талабаларга, битирганидан сўнг бир неча йил ичида қайтариб бериш шарти билан;
2. даволаниш мақсадида молиявий ёрдамга муҳтож инсонларга;
3. жамиятга фойда келтирадиган лойиҳа устида ишлаётган илмий тадиқоқ муассасалари ходимлари/олимларга, (чунки мусулмонлар бу соҳада оқсамоқда);
4. уй-жойга эҳтиёжи бор инсонларга;
5. янги иш бошлаётганларга;
6. истиқболли ва ижтимоий аҳамияти юқори бўлган ижтимоий ва тижорий лойиҳаларга эга ишончли тадбиркорларга;
7. ва бошқа тоифа инсонларга берилиши мумкин.
Нақд пул кўринишидаги вақфларни жорий этиш мумкин бўлган яна бир лойиҳа: хорижий давлатлардаги нуфузли олийгоҳлар, одатда, ўқишга кирган талабалардан гаров сифатида йирик миқдордаги хорижий валютадаги пул маблағларини омонат (депозит)га қўйишни сўрашади. Билим ва салоҳияти кучли, аммо моддий томондан қийналаётган ёшлар ва уларнинг ота-оналари учун мана шундай вақфларни тузиш ҳам давлат ва уммат учун ниҳоятда яхши натижалар бериши мумкин. Буни амалий жихатдан қуйидагича ташкил қилиш мумкин: бир неча (ёки бир неча юз) бой-бадавлат ёки ўзига тўқ инсонлар нақд вақф фондига маблағ ажратадилар, йиғилган пуллар чет элдаги университетга кирган талабанинг ҳисоб рақамига қарзи ҳасан кўринишида қўйилади (ёки ушбу вақф жамғармаси ўша хорижий таълим муассасига ёзма кафолат беради, яъни ўша талабага вақф жамғармаси кафил бўлади). Талаба муайян муддат ичида гаровга қўйилган омонатни жамғармага қайтариб беради ва бу пуллар яна бошқа талаба учун қарзи ҳасан сифатида бериб турилади. Натижада, бир қанча талабалар ўқиш имкониятига эга бўлади, вақф қилувчилар эса вақф қилган муддат давомида савоб олиб туриш бахтига мушарраф бўлишади.
Қарзи ҳасанни ўз вақтида қайтариб бермаслик каби ҳолатлар кўпайса, вақф фонди қарзи ҳасан олувчилардан гаров талаб қилишга ҳақли бўлади.
Қарзи ҳасаннинг қайтарилиш муддати қарз шартномасида қайд этилади. Бизнинг вазиятда, пул қадрсизланиши (инфлация)ни инобатга олган ҳолда қарзи ҳасанни доллар, евро каби халқаро валюталарда бериш ёки шу валюталарда қайд этиш мумкин (асос: Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳматуллоҳу алайҳнинг “Қарз ва унга боғлиқ масалалар” китоби, 97-99-бет). Шунда пулнинг қадрсизланиши туфайли вужудга келадиган хатар даражаси камаяди.