Пул кашф этилгунига қадар одамлар (яъни турли жамият вакиллари) маҳсулотга маҳсулот айирбошлаш усули (бартер)дан фойдаланишган ва бу жамиятдаги ўзаро алмашинувга асосланган савдонинг энг биринчи ва содда шакли ҳисобланади. Лекин икки томоннинг истак ва эҳтиёжлар бир-бирига мос келмаса, бу савдо усули иш бермайди. Пул ана шу чекловни енгиб ўтиш мақсадида муомилага киритилган.
Аввалига одамлар айирбошлаш учун бозорда харидоргир бўлган арпа, какао донлари, маккажўхори, гуруч ва шунга ўхшаш бошқа озиқ-овқат маҳсулотларидан фойдаланишган. Кейинчалик савдога олтин ва кумуш тўлов бирлиги («биметаллизм») сифатида кириб келган ва кенг тарқалган. Одатда ушбу икки металл тангалар шаклида қуйилган. Олтин ҳа, кумуш ҳам узоқ муддат муомалада бўла олгани, ихчам ва камроқ миқдорга осонгина тақсимланиш хусусиятига эга бўлганлиги учун жамиятда жуда оммалашган. Шу ҳусусиятлари сабаб, асрлар давомида олтин қиймат жамғарувчи сифатида бойликни сақлашнинг қулай воситаси ҳам ҳисобланган. Олтин миқдори чекланган бўлиб табиий равишда қиммат, кумуш эса олтиндан арзон ва миқдори кўп бўлгани учун «ликвид» (яъни доимий равишда сотилувчи ва сотиб олинувчи, яъни қисқа муддатда кўп марта қўлдан қўлга ўтувчи) пул бирлиги саналган ва одатда кундалик савдо учун фойдаланилган.
Қиймати ва ҳажми сабаб кўпчилик фойдаланувчилар олтин тангаларини сақлашда заргарларга ишонишган, чунки энг хавфсиз сақлаш тизими заргарларда бўлган. Шундай қилиб, бу хавфсиз жойлар «пул омборлари»га айланган. Олтиндан фойданувчилар ўртасидаги ўтказмаларни осонлаштириш мақсадида заргарлар томонидан олтин тилҳатлари муомалага киритилган. Вақт ўтиши билан жамиятда заргарлар томонидан тақдим қилинган олтин гувоҳномалар (сертификатлар) олтин каби қийматга эга дея тан олинган. Шундай қилиб, ушбу “рамзий пуллар” пул ривожланишининг иккинчи босқичи сифатида намоён бўлган.
Даромадларини ошириш мақсадида заргарлар уларга сақлашга берилган ва вақтинча фойдаланилмаётган олтинларни одамларга қарзга беришни бошлашган ва улар (яъни заргарлар) аста секин омонатчилар ва қарздорлар ўртасидаги воситачига айланишган. Заргарлар қарздорлардан фоиз ундиришар ва ўз омонатчиларига олтинларини сақлашда давом этганликлари учун камроқ фоиз (омонат фоизи) тўлашарди. Ҳар йили олтиннинг озгина қисмигина (ҳисоб-китобларга кўра, 15 фоизга яқини) омонатчилар тарафидан қайтариб олинган, катта қисми эса омборхоналарда сақланишда давом этган. Заргарлар эса янада кўпроқ даромад олиш мақсадида, ўзларида сақланаётган олтин миқдоридан кўра кўпроқ миқдордаги олтин учун қарз тилҳатлари шаклидаги патталар (квитанциялар) беришни бошлашган. Буни, қоғоз ва кредит пуллар яратишнинг илк намунаси дейиш мумкин.
Қоғоз ва кредит пуллари… келинг, бу сўзларнинг таърифини (маъно-моҳиятини) кўриб чиқайлик.
Иқтисодиётнинг қон томири ҳисобланувчи пул, доимий муҳокамаларнинг долзарб мавзуси бўлиб келган. Чархпалак сувсиз ишламагани каби иқтисодиёт ҳам пулсиз ишламайди. Пул деганда маҳсулот ва хизматлари учун тўлов воситаси сифатида қабул қилинган нарса тушунилади. Бугунги кунга келиб қоғоз пуллар бутун дунёда кенг тарқалган тўлов воситасига айланган.
Пулнинг энг муҳим ҳисобланувчи учта асосий вазифасини тушуниб олишга ҳаракат қиламиз:
- айирбошлаш (алмашув) воситаси (бу вазифаси мавжуд бўлмаганида барча операциялар бартер кўринишида ўтказиларди);
- қиймат жамғарувчи (яъни бошқа кўплаб активлар сингари у ҳам вақт ўтиши билан ўз қийматини сақлаб туради, бироқ пул бошқа активларга қараганда кўпроқ ликвидликка эга);
- қиймат ўлчови (барча маҳсулот ва хизматларнинг қиймати пулда акс этади. У маҳсулот ва хизматларнинг пулда акс этишида умумий мувофиқлаштирувчи бирлик бўлиб хизмат қилади).
Пулнинг бугунги кундаги ҳолатга етгунича бўлган ривожланиш / тараққиёт босқичлари (эволюцияси):
- маҳсулот (кўринишидаги) босқичи: пул, қачонлардир мўйна, арпа, гуруч ва кейинчалик олтин ва кумуш каби қимматли маҳсулот/буюмлар кўринишида мавжуд бўлган;
- савдо маҳсулоти пуллари босқичи: пул, бу босқичда қоғоз пулларга айланган, бироқ бу пуллар олтин билан таъминланган ва ҳақиқатан ҳам уларни исталган вақтда олтинга алмаштириб олиш мумкин бўлган.
- қоғоз пул босқичи: қоғоз ва электрон пуллар ҳамма жойда тарқалган, бироқ бу пуллар ҳаддан ташқари қадсизланиб кетмаслиги учун уларни ўта кўп миқдорда босиб чиқармаслик ҳақидаги ҳукумат ваъдасидан ташқари ҳеч нарса билан мустаҳкамланмаган.
- виртуал пул ва криптовалюталар – ҳозирги кунда пайдо бўлиб, шаклланиб бораётган ушбу босқич, пул доим ҳам бир шакл ва кўринишда бўлмаслигини кўрсатади ва бу жараён айнан сиз ва бизнинг кўз ўнгимизда юз бераётганлиги эътиборлидир.
Қоғоз пуллар бу – ички қийматга эга бўлмаган (бу муҳим!) ҳар қандай пул бирлиги (валюта). У фақатгина ҳукуматнинг босиб чиқаралаётган (қоғоз) пул бирлиги қонуний тўлов воситаси экани ҳақидаги ҳужжат/баёноти билан таъминланган бўлади ва унинг (пулнинг) қиймати ушбу ҳукуматга бўлган ишончга асосланади. Пул бирлигининг қадри йўқолмаслиги учун ҳукумат уни қалбакилаштирилишидан ҳимоя қилиши ва босиб чиқарилган пул ҳажмини назорат қилиши ва масъулият билан бошқариши лозим.
Қоғоз пуллар босиб чиқариш бўйича назорат, ҳамда қисман заҳира тўплаш билан боғлиқ банк амалиётлари асосан ушбу ваколатга эга бўлган марказий банклар томонидан амалга оширилади.
Ҳар қандай иқтисодиётдаги пулларнинг катта қисми банклар томонидан банк омонатлари кўринишида яратилишини ўқиб ҳайрон қолсангиз керак. Гап шундаки, банклар ҳар сафар кредит берганида янги пуллар ҳосил бўлади. Бу жараён қандай амалга ошишини яхшироқ тушуниб олиш учун қуйидаги ҳаволани очиб ўқинг:
2014 йилнинг март ойида Англия банки “Замонавий иқтсодиётда пулларнинг яратилиши” номли ҳисоботини чиқарди. Унда қуйидаги фикр баён этилган:
“Ҳар сафар, йирик тижорат банклари янги кредит (қарз) берганида банк омонатлари кўринишидаги пулларни яратади”. Пулларнинг пайдо бўлиши ҳақидаги ушбу таҳлилий ҳисобот билан танишиш учун қуйидаги ҳаволага босинг:
https://www.bankofengland.co.uk/quarterly-bulletin/2014/q1/money-creation-in-the-modern-economy.
Агар ҳукумат кўпроқ пул босиб чиқаришга қарор қилса, иқтисодиётда пул кўпаяди. Бунда маҳсулотнинг бозордаги қиймати ўзгармайди, аммо пул бирлигининг харид қобилияти пасаяди, яъни бозордаги ўша-ўша маҳсулот учун кўпроқ пул тўлаш керак бўлади, бу эса пулнинг қадрсизланиши (инфляция)ни келтириб чиқаради.
Оддий иқтисодий шароитда пул ҳажми маҳсулот ишлаб чиқаришга қараганда тезроқ ўсганида пул қадрсизланади, аммо бу бироз содда тасаввур. Пул ҳажми асосан янги қарзлар пайдо бўлиши ҳисобига ўсади, бу эса охир оқибат активларнинг нархи пуфак каби шишишига олиб боради.
Иккинчи жаҳон урушидан кейинги Венгрияда юз берган кучли пул қадрсизланишини мисли кўрилмаган гиперинфляция дейиш мумкин. Ўшанда (1946 йилнинг июль ойи) 41,900,000,000,000,000% пул қадрсизланиш кўрсаткичи қайд этилган, бу эса нархлар ҳар 15,3 соатда икки баравар ошган дегани (истасангиз, Зимбабведаги 500 миллиард фоизлик ҳаддан ташқари кучли инфляция ҳақида ҳам ўқишингиз мумкин).
Агар қоғоз пул бирликлари ҳеч қандай қадрга ва ички қийматга эга бўлмаса, унда нима учун улар бутун дунёда қабул қилинган? Қоғоз пул бирликлари ҳали-ҳануз асосий икки сабаб билан муомалада қолмоқда:
- пулнинг қиймати уни муомалага чиқарувчи давлат (эмитент)га бўлган ишончгагина боғлиқ, бу эса давлатдан бирор бир қўшимча харажат ёки мажбурият талаб қилмайди;
- қоғоз пулларни муомалага чиқариш осон ва қулай.
Мобил ва электрон пуллар
21 асрга келиб пулнинг икки илғор кўриниши оммалашди: мобил тўловлар ва криптавалюталар. Мобил тўловлар орқали одатда смартфон ёки планшетдаги иловалар орқали маҳсулот ва хизматлар учун пул тўлаш ёки бошқа одамларга пул ўтказмаларини осонлик билан амалга ошириш мумкин. Дунёда Apple Pay, AliPay каби хизматлар, Ўзбекистонда эса PayMe, Click каби мобил тўлов иловалари тадбиркор ва харидорлар ўртасидаги муҳим бўғинга айланиб бормоқда.
Электрон пуллар компьютерларда ёзилган рақамлардир. Дунёдаги энг йирик пул амалиётлари шу рақамларни бир ҳисобдан бошқа бир ҳисобга кўчириш орқали амалга оширилади.
Криптовалюта
Виртуал валюталар орасида энг машҳури 2009 йилда Сатоши Накамото тахаллусли одам яратган дея ҳисобланадиган Биткоиндир. Криптовалюталар жисмоний шаклга эга эмас. Молиячи мутахассислар, криптовалюталарни қуйидаги жиҳатларига кўра бошқа пуллардан афзал деб ҳисоблашади:
- улар билан турли амалиётларни бажариш арзонроқ;
- ҳавфсизлик ва махфийликни таъминлаш осонроқ;
- молиявий мустақиллик талабларига жавоб беради
- амалиётларни тезроқ ўтказиш мумкин;
- халқаро тўловларни амалга ошириш енгилроқ (давлатлараро тўловлар тез ва арзонроқ амалга оширилади);
- давлатлар эмиссия қилган миллий валюталардан фарқли равишда марказлашмаган ҳолда ишлайди.
Хулоса ўрнида
Қадимги мутафаккирлар Птоломей модели деб аталувчи космологик моделни ишлаб чиқишган. Унга кўра, ой, қуёш, юлдузлар ва сайёралар муаллақ турувчи Ер атрофида айланади (яъни Ер осмон марказидир). Бу таълимот янглиш бўлиб чиқишига қарамай, ишлаб чиқилган модел мавсумлар, сайёраларнинг ҳаракатланиши ва ҳолатини белгилаш (ҳисоблаш)нинг ишончли усули бўлиб қолмоқда. Аммо вақт ўтиши билан янги модель (усул)лар пайдо бўлди ва улар инсониятга янада кўпроқ имконият тақдим этди ва ҳатто (илгари имконсиздек кўринган) Ойга ҳам етиб боришга имкон берди.
Птоломей модели билан бўлгани каби пулни моддий маҳсулотлар ўртасидаги айирбошлаш (олиш/сотиш) воситаси эмас, балки уни ўзини маҳсулотга айлантирган замонавий молия тизими албатта мукаммал тизим эмас. Чунки бу тизим турли ижтимоий-иқтисодий ва ҳатто атроф-муҳит билан боғлиқ муаммолар сабабчисидир (қимматбаҳо қоғозлар бозори, кўчмас мулк бозори ва бошқа турдаги бозорлардаги спекулятив ўйинлар натижасида юзага келувчи молиявий инқирозлар, уларнинг кетидан келувчи депрессиялар каби). Бироқ ҳозирча бу жаҳонда қабул қилинган ва ишлаб турган тизимдир, ва биз бундан яхшироқ тизимни жорий қилмагунимизча ундан фойдаланиб туришимизга тўғри келади.