Сўнгги бир неча кунда оммавий ахборот воситалари томонидан Ўзбекистонда ислом банк тизимини жорий этиш бўйича қонун қабул қилингани ҳақида хабарлар берилди. Энди, ушбу қонун доирасида ҳал қилинадиган масалалар ҳақида маълумотлар берилмоқда. Хусусан, янги қабул қилинган Қонун билан ҚҚСдан озод қилинадиган амалиётлар рўйхати эълон қилинди:
- Ислом қимматли қоғозлари — сертификатлар билан боғлиқ амалиётлар ҚҚСдан, исломий молия фаолияти доирасида банк ва микромолия ташкилотлари томонидан ишончли бошқарув шартномалари (музораба) асосида кўрсатиладиган пуллик хизматлар ҳам солиқдан озод этилади;
- Мол-мулкни исломий ижара асосида беришда ижара тўловлари суммаси билан сотиб олиш нархи ўртасидаги ижобий фарқ ҳам ҚҚСга тортилмайди;
- Бундан ташқари, банклар ва микромолия ташкилотлари томонидан мижозларга сотиладиган маҳсулотлар/активларга қўйиладиган устама ҳам солиқдан озод қилинади;
- Исломий ижара асосида кўчмас мулк берувчи банклар ва микромолия ташкилотлари мол-мулк солиғи тўловчилари деб эътироф этилади.
Мавзудан унчалик яхши хабари бўлмаганлар ислом молия муассасаларига солиқ бўйича имтиёз берилибди, деб ўйлашади. Солиқ бўйича имтиёзлар бериш масаласига танқидий кўз билан қарайдиганлар эса (иқтисодий нуқтаи назаридан солиқ бўйича имтиёзларга бундай қараш аслида тўғри ёндашув) бу хабарни нотўғри тушунишлари ва ислом молия муассасалари шундай солиқ имтиёзлари бўлмаса, анъанавий молия муассасалари билан рақобатбардош бўлолмас эканда, деган хулосага келишлари мумкин. Шундай фикрлар уйғониши мумкинлигини инобатга олган ҳолда, биз, ислом иқтисодиёти ва молияси бўйича мутахассислар сифатида шу масалага бироз изоҳ бериб кетишимиз тўғри бўлса керак.
Хуллас, ислом молияси битимларининг муайян солиқлардан озод этилиши бу ислом молия муассасаларига берилаётган имтиёз эмас, балки уларнинг молиявий амалиётлари анъанавий банк-молия муассасалари амалиётлари билан бир турдаги амалиётлар эканлигини эътироф этиш десак тўғрироқ бўлади. Зеро, ислом банклари ўз мижозларини молиялаштириш учун амалга оширадиган молиявий амалиётлар доирасида муайян активларни олди-сотди қилишлари бу уларнинг савдо ташкилоти бўлганлиги учун эмас, балки ислом молия муассасаларининг молиявий амалиётлари реал активларга бевосита боғлиқ бўлиши кераклиги, муробаҳа, таварруқ, ижара, камайиб борувчи мушорака (мушорака мутанақиса) каби асосий амалиётларнинг барчаси реал мол-мулкни сотиб олиш ва сотиш асосида амалга оширилиши шартлиги билан боғлиқ.
Масалани яхшироқ тушунтириш учун анъанавий ва ислом молия муассасалари амалиётларини таққослаб кўрамиз.
Мисол учун, мижоз уй сотиб олиш учун молиялаштириш сўраб банкка мурожаат этган деб фараз қилайлик.
Бу ҳолатда анъанавий банк мижозга фоизли кредит беради ва буни ўз балансида молиявий амалиёт сифатида қайд этади. Бунда банк уй сотиб олмайди, уни ўз балансига кирим қилмайди, шунчаки мижознинг кредит ҳисобрақамидан сотувчига пул чиқаради (яъни кредит беради) берган кредити устидан фоиз олади. Бунда банк фақат фойда солиғи тўлайди — олинган фоиз даромади устидан.
Ислом банки эса мижоз истаган уйни аввал ўзи сотиб олади, ўз балансига кирим қилади, сўнгра мижозга белгиланган устама нарх билан мурабаҳа, ижара ёки мушорака мутанақиса битими асосида мижозга сотади. Яъни бу оддий молиявий амалиёт эмас, балки реал мол-мулкнинг олди-сотдиси ҳисобланади. Солиқ тизими нуқтаи назаридан ислом банки мазкур битим занжирида икки марта мол-мулк билан амалиёт содир этади: сотувчидан сотиб олганда ва мижозга сотганда. Агар бундай реал олди-сотди амалиётлари ҚҚСдан озод этилмаса, ислом банки бир битим доирасида икки марта ҚҚС тўлашига тўғри келади: мол-мулкни сотиб олганда ва уни мижозга сотганда. Бундан ташқари, фаолиятдан тушган даромад устидан фойда солиғи ҳам тўлайди (анъанавий банк эса айни шундай ҳолатда реал мол-мулк билан иш тутмаганлиги сабабли фақат фойда солиғи тўлайди, холос).
Демак, ислом молия муассасалари анъанавий банклар билан бир хил мавқеъга эга бўлмаса, икки баравар кўп солиқ юки остида фаолият юритишга мажбур бўлган бўлар эди. Бу эса ислом молия хизматларини мижозлар учун бозор нархидан сезиларли даражада қиммат қилиб юборар, бу эса ўз навбатида ислом молия муассасаларини рақобатбардошликдан маҳрум этар эди.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, қонунда белгиланган солиқ ўзгаришлари ислом молия муассасаларига нисбатан имтиёзлар тақдим этилганлигини эмас, балки уларнинг амалиётларини анъанавий банк-молия муассасаларига тенглаштириш орқали икки тизимга нисбатан адолатли тенг муносабатлар ўрнатилаётганлигини ифода қилади.
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси