Қувайт ислом молияни сукукларни тартибга солиш орқали ривожлантирмоқчи[1]
Қувайт ислом облигациялар — сукукларни ички ва халқаро бозорларда чиқаришни тартибга солувчи қонунчиликни жорий этишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Бош вазир шайх Аҳмад Абдуллоҳ Ал-Аҳмад Ас-Сабоҳ чоршанба куни маълум қилди. Ушбу қадам нефтга бой Форс кўрфази давлатида барқарор молиялаштиришни қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Дубайда бўлиб ўтган Жаҳон Ҳукуматлари Саммитида сўзлаган Ал-Сабоҳ Қувайт иқтисодиётини диверсификация қилиш мақсадида турли қарз инструментларини ўрганаётганини таъкидлади. Мамлакат узоқ вақт давом этаётган паст нефть нархлари шароитида иқтисодий ўсишни рағбатлантириш ва бюджет тақчиллигини назорат қилиш учун фискал ислоҳотларни амалга оширмоқда. Нефть ҳанузгача Қувайт даромадларининг асосий манбаи бўлиб, 2024-йилда ҳукумат даромадларининг қарийб 90 фоизини ташкил этди.
Fitch Ratings маълумотига кўра, Форс кўрфази ҳамкорлик кенгаши (GCC)га кирувчи давлатларнинг қарз капитал бозори 2026-йилга келиб 1,25 триллион АҚШ долларидан ошиши кутилмоқда. Бунга инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш ва ҳукумат ташаббуслари сабаб бўлиб, бу 13,6 фоизлик ўсишни англатади.
Минтақа ривожланаётган бозорлар орасида АҚШ долларида чиқариладиган қарз ва сукуклар бўйича энг йирик манбалардан бири бўлиб қолиши кутилмоқда. Fitch шунингдек, иқтисодий диверсификация, қарзларни қайта молиялаштириш эҳтиёжлари ва бюджет тақчиллигини молиялаштириш ушбу ўсишнинг асосий омиллари эканини қайд этди.
«Биз ислом қонунларга мувофиқ равишда ҳукумат сукукларини маҳаллий ва халқаро миқёсда чиқаришни тартибга солувчи илк қонунчиликни тасдиқлаш арафасидамиз», — деди Ал-Сабоҳ.
«Бу бизга молиявий муаммоларга мослашувчан ва масъулиятли тарзда ёндашиш, шунингдек ўрта ва узоқ муддатли молиявий режалаштириш имконини беради».
Қувайт ўтган йили глобал қарз бозорларига муваффақиятли қайтди ва уч босқичли облигация чиқарилиши орқали 11,25 миллиард доллар маблағ жалб қилди. Бу мамлакатнинг 2017-йилдан бери илк АҚШ долларидаги облигация чиқарилиши бўлиб, инвесторлар томонидан катта қизиқиш уйғотди.
2025-йилда GCC давлатлари (яъни Саудия Арабистони, Қувайт, БАА, Қатар, Баҳрайн ва Омон) Хитойдан ташқари ривожланаётган бозорлар орасида АҚШ долларида чиқарилган қарзларнинг 35 фоизини ташкил этди. Айниқса, АҚШ долларидаги сукук чиқарилиши анъанавий облигацияларга нисбатан тезроқ ўсди.
Манба: https://www.arabnews.pk/node/2631775/business-economy
Изоҳ: кўриб турганимиздек бой давлатлар ҳам сукук чиқариш орқали иқтисодиётга маблағ жалб қилишга катта эътибор қаратишяпти. Бизда ҳам бу масалага жиддий эътибор қаратиш вақти аллақачон келган.
[1] https://www.arabnews.pk/node/2631775/business-economy