АР-РИЁД: Таҳлилга кўра, сукук ва облигацияларга нисбатан мураккаблиги паст бўлгани сабабли, 2026-йилда Саудия Арабистони ва БААда ислом молияси тамойилларига мувофиқ равишда синдикат (томонидан) молиялаштириш асосий маблағ жалб қилиш манбаларидан бири бўлиб қолади.
Fitch Ratings’нинг сўнгги ҳисоботида айтилишича, 2025 йилда жаҳон ислом синдикат молиялаштириш ҳажми йил давомида қарийб 16 фоизга ошиб, тахминан 215 миллиард долларга етган.
Ушбу молиявий восита — бу шариат талабларига мос келувчи келишув бўлиб, унда бир нечта кредиторлар битта қарз олувчини молиялаштириш учун маблағларни бирлаштиради. Банклар ва молия муассасалари маблағ ва имкониятларни жамлаш, хатарларни бўлишиш ва шу билан бирга ислом молияси тамойилларига амал қилиш учун ушбу механизмдан фойдаланишади.
Fitch’нинг Ислом молияси йўналиши бўйича раҳбари Bashar Al-Natoor шундай деди:
“2026 йилда юқори фаолликни кутяпмиз. Бунга миллий банк тизимларида ислом банкларнинг аҳамияти ортиб бораётгани, талабларнинг соддалиги, тезкорлик ва синдикат (томонидан) молиялаштириш жараёнининг сукук ҳамда облигация чиқаришдан кўра камроқ мураккаблиги сабаб бўлади”.
У яна шундай қўшимча қилди:
АҚШ Федерал резерв тизими ставкаларининг пасайиши кутилaётганлиги, нефть нархларининг пастлиги, турли тармоқларда молиялаштиришга бўлган эҳтиёжнинг ортиши ва асосий бозорларда маблағлар манбаларини диверсификация қилиш мақсадлари ислом синдикат орқали молиялаштириш суръатлари ўсишини янада тезлаштириши мумкин.
Bashar Al-Natoor нинг айтишича:
- Fitch рейтинг берган ислом банкларнинг 60% дан ортиғи инвестиция даражасидаги рейтингга эга;
- Уларнинг 90%ида мавжуд ва кутилаётган ҳолат – “Барқарор”;
- Кўпчилиги халқаро ва ички синдикат битимларида фаол иштирок этмоқда.
Ҳисоботга кўра, 2025 йил охирида жаҳон ислом синдикатлари қолдиғининг:
- 34% — Саудия Арабистони
- 33% — БАА
- 8% — Миср ҳиссасига тўғри келган.
Саудия ҳукумати 2026 йилдаги суверен молиялаштириш эҳтиёжининг 50 фоизгача қисмини хусусий бозорлар, жумладан синдикатлар орқали жалб қилишни режалаштирмоқда.
БААда эса синдикат молиялаштириш орқали, кўпроқ қарз жалб қилиниши кутилмоқда.
Шу билан бирга, ҳисоботда қуйидаги омиллар ислом синдикат молиялаштириш суръатларини секинлаштириши мумкинлиги таъкидланди:
- Форс кўрфази давлатлари кенгаши, Миср, ASEAN давлатлари ва Туркияда сукук ҳамда қарз капитал бозорларини ривожлантириш бўйича ҳукумат чораларининг кучайиши;
- Нобанк молия муассасалари, депозит сертификатлари ва бошқа янги молиялаштириш каналларининг кўпайиши.
Fitch шунингдек, турли мамлакатларда шариат талабларининг ўзгариб бориши ва фарқланиши, шунингдек геосиёсий ҳолат ҳамда бозор беқарорлиги ҳам синдикат молиялаштириш суръатларига салбий таъсир қилиши мумкинлигини қайд этди.
Манба: https://www.arabnews.com/node/2633317/business-economy
@IslomMoliyasi