Синдикат (томонидан) молиялаштириш нима?
Анъанавий банк-молия тизимида синдикат кредит деб аталувчи молиялаштириш усули бор. Бу йирик сармоя талаб қилувчи инвестиция бизнес лойиҳасини икки ёки ундан ортиқ банклар томонидан муайян шартлар асосида катта миқдорда фоизли кредит ажратиш йўли билан молиялаштиришдир.
Амалда буни кўриниши қуйидагича бўлади:
Бир йирик корхонага катта инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун жуда катта миқдорда кредит (мисол учун 50 млн доллар) керак бўлганда, бир нечта банклар бирлашишади ва биргалашиб ўша корхонага катта миқдорда кредит ажратишади.
Бундай молиялаштиришга бўлган эҳтиёжнинг сабаблари қуйидагича:
Йирик инвестиция лойиҳасини битта банкдан молия маблағлари жалб қилиш орқали молиялаштириш қийин, чунки битта банк катта миқдорда кредит бериш имкониятига эга эмас (эркин тасарруфдаги бўш маблағ муаммоси), шунингдек бунақа йирик маблағ битта банк учун хатарли ҳисобланади. Хусусан, бу тижорат банкларида қўлланувчи, “битта қарздор-мижоз учун хатар даражаси” деб аталувчи банк кўрсаткичига ҳам тўғри келмайди;
Синдикат молиялаштириш ислом банк-молия тизимида ҲАМ БOР!
Бу ислом банк-молия тизимида қандай ишлайди?
Шариат нуқтаи назаридан синдикатланган молиялаштириш концепцияси анъанавий синдикатланган молиялаштиришга ўхшаш, фақат шариатга мос келадиган битимларни қўллайди.
Асосий хусусияти: Ислом синдикатланган молиялаштиришнинг муҳим хусусияти фоизнинг йўқлигидир. Бунинг ўрнига битим моддий активларни савдо ёки ижараси орқали буни амалга оширади.
Синдикат молиялаштиришнинг ислом молия тизимидаги икки асосий усули:
- Вакала (агентлик) орқали – бунда синдикатда кирган молия муассасалари муваккил (яъни вакил қилувчилар) сифатида, битта банк эса етакчи банк – вакил (агент) сифатида иштирок этади;
- Музораба (шерикчилик).
Энди, ушбу усулларни оддий мисоллар орқали тушунтириб берамиз.
1. Вакала усули:
А–корхонага қимматбаҳо ишлаб чиқариш ускуналари сотиб олиш учун 70 миллион доллар керак (шундан корхонанинг ўзида 20 млн.доллар миқдорида пул бор). А корхона Х ислом банкига 50 млн.доллар миқдорида молия маблағлари сўраб мурожаат қилади. Х-Bank’нинг бир ўзи 50 млн. доллар миқдорида молиялаштириш имконияти бўлмаганлигини учун бошқа молия муассасаларига мурожаат қилади.
Шундай қилиб:
- 5 та ислом молия муассасалари шу лойиҳани молиялаштириш учун бир синдикатга бирлашишади ва ҳар бири 10 миллион доллардан пул ажратишга келишиб олишади.
- Улар Х-Bank’ини етакчи банк – вакил (агент) сифатида тайинлашади ва унга вакиллик учун муайян ҳақ белгилашади;
- Қолган 4 та банк бу жараёнда муваккил (вакил қилувчи) сифатида иштирок этади;
- Х-Bank А корхона билан (Синдикат номидан) мурабаҳа ёки эгалик билан якунланувчи ижара шартномаси асосида ускуна сотиб олиб бериш бўйича дастлабки келишув/ваъдалашув имзолайди;
- А-корхонага керак бўлган ускуналарни сотиб олиш учун ускуна етказиб берувчи билан олди-сотди шартномаси тузилади, ускуна учун пул ўтказилади, ускуна сотиб олингандан кейин суғурта қилинади (такафул орқали) ва шундан кейин А-корхона билан муробаҳа ёки эгалик билан якунланувчи ижара шартномаси имзоланади ва кейин ускуна тегишли ҳужжатлар асосида А корхонага топширилади;
- А-корхона имзоланган шартномага мувофиқ тўловларни амалга ошириб боради;
- Тўловлар амалга ошириб бўлингандан кейин Х-Bank ускуналар эгалигини синдикат номидан А-корхонага ўтказиб беради;
- Ушбу лойиҳадан топилган фойда барча банклар (жумладан Х-Bank) ўртасида уларнинг улушларига мувофиқ тақсимланади (ҳар бири 20% олади)
- Х-Bank вакиллик хизмати учун алоҳида тўлов ҳам олади
Хулоса: Вакалада бир банк бошқаларнинг номидан иш юритади (агент), лекин молиялаштириш, фойда ва хатарлар барча иштирокчиларнинг улушларига кўра тақсимланади.
Демак, Вакалада Х-Bank икки хил тўлов (фойда) олади:
1. Фойдадан улуш (20%) – чунки у ҳам молиялаштиришда иштирок этган (10 миллион доллар қўшган)
- Бу унинг сармоя эгаси сифатидаги улуши бўлади.
2. Вакиллик ҳақи (қатъий белгиланган ҳақ) – масалан, 50,000 доллар. Бу унинг вакил (агент) сифатидаги хизматлари, хусусан ҳужжатларни тайёрлаш, битимни бошқариш, компания билан музокара олиб бориш ва ҳ.к. учун.
2. Музораба усули
Йирик савдо компаниясига маҳсулот сотиб олиш учун 50 миллион доллар миқдорида маблағ керак.
Савдо компанияси С-ислом банкига 50 млн.доллар миқдорида молия маблағлари сўраб мурожаат қилади. С-ислом банкининг бир ўзи 50 млн. доллар миқдорида молиялаштириш имконияти бўлмаганлиги учун бошқа молия муассасаларига мурожаат қилади
- 3 та ислом банки музораба шартномаси тузади;
- Етакчи банк (С-Bank) музориб – иш юритувчи бўлади;
- Қолган 2 та банк раббул-мол (сармоядор) бўлади;
- С-Bank савдо компанияга мурабаҳа орқали маҳсулот сотади.
- Фойда олдиндан келишилинган нисбатда бўлинади:
- Масалан: С-Bank (музориб) – 30%
- Қолган 2 та банк – 70% ни улушларга қараб тақсимлаб олишади.
- Агар зарар кўрилса, унда зарар фақат сармоя киритган томонларга бўлади.
Хулоса: Музорабада етакчи банк ишни бошқаради ва фойдадан улуш олади, бошқалар эса сармоя ажратади.
Асосий фарқ:
- Вакала: Етакчи банк фақат вакил/агент ва шу сабабли у аниқ келишилган тўлов олишга ҳақли;
- Музораба: Етакчи банк шерик бўлгани учун, у фақат фойдадан улуш олади.