ШАРЪИЙ МЕЪЁР № 12
ШИРКАТ (МУШОРАКА) ВА ЗАМОНАВИЙ ШИРКАТЛАР
Меъёрнинг матни
4. Иккинчи бўлим: Замонавий ширкатлар
4/1 Акциядорлик жамияти (ширкат ал-мусаҳама)
4/1/1 Акциядорлик жамиятининг таърифи:
4/1/1/1 Акциядорлик жамияти – бу устав капитали эркин муомалада бўла оладиган қиймати бир хил бўлган акцияларга бўлинган ширкат бўлиб, ундаги ҳар бир шерик (акциядор) ўзининг жамият капиталидаги ҳиссаси миқдорича масъул (жавобгар) бўлади. Акциядорлик жамияти ширкат ал-амвол, яъни молиявий ширкатлар турига киради ва унга нисбатан ширкат ал-инон (икки ёки ундан ортиқ киши ўртага муайян сармоя киритиб тадбиркорлик фаолияти юритиши ва ундан чиққан фойдада шерик бўлишлари) ҳукмлари татбиқ этилади. Бироқ шериклар (акциядорлар)нинг масъулияти (жавобгарлиги) чекланганлиги ва жамиятни бир томонлама бекор қилиш ман қилинганлиги масаласи бундан мустасно (4/1/2/1 ва 4/1/2/9 бандларга қаралсин).
4/1/1/2 Акциядорлик жамиятининг юридик шахс эканлиги қонуний равишда эълон қилиниши (расмийлаштирилиши) орқали тасдиқланади. Бу эса у билан муомала қилувчиларни чалғитиш/алдаш эҳтимолини йўққа чиқаради. Бундан келиб чиқадики, жамиятнинг молиявий жавобгарлиги акциядорларнинг жавобгарлигидан мустақил ҳисобланади. Шунингдек, акциядорларнинг ҳуқуқий лаёқатидан қатъий назар, жамият ўзининг ташкилий-ҳуқуқий мавқеига мос бўлган қонуний лаёқатга эга. Акциядорлик жамияти ўз вакиллари орқали судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Суд юрисдикцияси масалаларида Акциядорлик жамияти рўйхатга олинган (ташкил этилган) жой асосий мезон ҳисобланади.
4/1/2 Акциядорлик жамиятига тегишли шаръий ҳукмлар:
4/1/2/1 Акциядорлик жамияти шартномаси унинг низомида кўрсатилган муддат давомида мажбурий (лозим) шартнома бўлиб, жамиятни тугатиш фақат акциядорларнинг кўпчилигининг розилиги билангина амалга оширилади. Шу сабабли, ҳеч бир акциядор ўз ҳиссаси доирасида жамиятни бир томонлама тугатиш ҳуқуқига эга эмас, бироқ у ўз акцияларини сотиш ёки улардан бошқалар фойдасига воз кечиш ҳуқуқига эга.
4/1/2/2 Акцияларни чиқариш (эмиссия) вақтида эмиссия харажатларини қоплаш мақсадида акцияларнинг (ҳақиқий) қийматига муайян нисбатдаги тўлов/нарх қўшилиши жоиз, лекин бундай қўшимча нарх адолатли равишда белгиланган (баҳоланган) бўлиши лозим.
4/1/2/3 Жамият устав капиталини ошириш мақсадида янги акциялар чиқарилиши, агар уларнинг нархи мавжуд акцияларнинг адолатли қийматига мос ҳолда чиқарилса, жоиз ҳисобланади. Бу эса тегишли мутахассислар томонидан жамият активларини баҳолаш асосида амалга оширилади. Бунда акциялар эмисcия нархидан юқорироқ (эмиссия мукофоти) ёки пастроқ (эмиссия дисконти) бўлиши ёинки бозор қиймати бўйича чиқарилиши мумкин.
4/1/2/4 Агар кафолат учун алоҳида/ ҳеч қандай тўлов олинмаса, акциялар эмиссиясини кафолатлаш жоиз. Бундай кафолат жамиятни ташкил этиш вақтида чиқариладиган барча ёки айрим акцияларни сотиб олиш мажбуриятини олган шахс билан келишув асосида юзага келади, яъни у ҳеч ким обуна бўлмаган (сотилмай қолган) акцияларни номинал қийматда сотиб олиш ваъдасини беради. Бироқ кафолатнинг ўзи учун эмас, балки бошқа хизматлар учун, масалан, техник-иқтисодий асосни ишлаб чиқиш ёки акцияларни сотиш бўйича маркетинг хизматлари учун ҳақ олиш жоиз.
4/1/2/5 Акцияларга обуна бўлганда, дастлабки тўловни дарҳол тўлаш ва қолган тўловларни кейин тўлаш орқали акция қийматини бўлиб-бўлиб тўлаш жоиз. Бу ҳолатда ҳиссадор дастлаб тўлаган қисми миқдорида жамиятнинг акциядори ҳисобланади ва кейинчалик жамиятдаги ўз ҳиссасини ошириш мажбуриятини олади. Бироқ, бўлиб-бўлиб тўлаш барча акцияларга тааллуқли бўлиши* ва жамиятнинг мажбурияти (жавобгарлиги) фақат обуна бўлинган акциялар қиймати билан чекланиши лозим.
* яъни, жамият бўлиб тўлаш имкониятини акцияларнинг фақат маълум қисмига нисбатан ёки муайян акциядорлар учун эмас, балки барча акцияларга нисбатан тақдим этиши лозим.
4/1/2/6 Акцияни гаровга қўйиш эвазига брокердан ёки бошқа шахсдан рибовий қарз олиб, акция сотиб олиш жоиз эмас.
4/1/2/7 Сотувчи ўзига тегишли бўлмаган акцияларни сотиши жоиз эмас. Брокер томонидан топшириш кунида акцияларни қарзга бериш тўғрисида берилган ваъданинг аҳамияти/таъсири/кучи йўқ. Айниқса, брокер қарз бергани эвазига сотувдан тушган маблағни фоизли депозитга қўйиб, ундан фойда олишни кўзлаган ҳолда бундай шарт қўйиши мумкин эмас.
4/1/2/8 Ваколатли расмий идора/ташкилотлар, (шаръий) мақсадларга мувофиқ бўлган манфаатларни таъминлаш учун, айрим акцияларни фақат тегишли рухсатнома/лицензияга эга ва рўйхатдан ўтган муайян брокерлар орқали савдога қўйилишини белгилаб қўйишлари мумкин.
4/1/2/9 Жамиятнинг масъулияти (жавобгарлиги) унинг мавжуд устав капитали билан чекланиши, агар бу ҳолат оммага ошкор этилган бўлса, яъни жамиятнинг контрагентларига бу нарса маълум бўлса ва натижада уларнинг алданиш хавфи йўқолса, жоиз ҳисобланади.
4/1/2/10 Акцияларни жамият низомидаги шариат қоидаларига зид бўлмаган кўрсатмалар асосида сотиш жоиз, хусусан, мавжуд акциядорларнинг акцияларни сотиб олишдаги имтиёзли ҳуқуқи бунга мисол бўла олади.
4/1/2/11 Акцияларни гаровга қўйиш жоиз. Бунга, жамият уставида акциядорларнинг жамиятдаги ўз улушларини гаровга қўйиши тақиқланмаган бўлса, рухсат этилади.
4/1/2/12 Акциялар муайян шахс номига расмийлаштирилган/номланган (номинатив акциялар) бўлиши жоиз.
4/1/2/13 Акциялар эгаси кўрсатилмаган тарзда (bearer shares) бўлиши жоиз. Бу, акциядорга акцияларга бўлган ҳуқуқни ифодаловчи гувоҳнома/сертификатни топшириш ва бунинг эвазига пул шаклидаги қийматни олиш ёки акциядор зиммасига нисбатан қарзни эътироф этувчи қарама-қарши ҳужжатни (counter deed) олиш орқали амалга оширилади. Бундай ҳолда, далолатнома (сертификат)да ифода этилган акциялар бўйича умумий мулк ҳуқуқи ҳар доим сертификат эгаси ҳисобланган шахсга тегишли бўлади.
4/1/2/14 Молиявий устунликка эга бўлган, яъни жамият тугатилаётганда ёки фойда тақсимланаётганда (унинг эгасига) устуворлик берувчи имтиёзли акцияларни чиқариш жоиз эмас. Оддий акцияларга бериладиган ҳуқуқларга қўшимча равишда, айрим акцияларга ижро ишлари ёки бошқарув масалалар билан боғлиқ (молиявий бўлмаган) имтиёзлар, масалан, овоз бериш ҳуқуқи берилиши мумкин.
4/1/2/15 Таматтуъ акцияларини (яъни дивидендлар олиш учун вақтинчалик ҳуқуқ берувчи акциялар) чиқариш жоиз эмас. Бундай акциялар (қиймати) фойдани тақсимлаш давомида босқичма-босқич тўлаб (сўндириб) борилади, бу эса жамият тугатилгунга қадар ушбу акцияларни акциядорлардан қайта сотиб олишни англатади.
(давоми бор)
Таржимон:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси