#Савол
А томон бир бизнес лойиҳасини амалга ошириш ташаббуси билан чиққан ва лойиҳага Б томонни жалб қилиш бўйича музокараларни бошлаган. Лойиҳанинг умумий қиймати 2 млн. долларга тенг. Лойиҳа ташаббускори бўлган А томон лойиҳа доирасида қиймати 1 млн.долларга тенг ер ва кўчмас мулк (бино) киритмоқчи, Б тарафга эса лойиҳага 1 млн.доллар пул киритишни таклиф қиляпти. Б томон бунга рози бўлган, фақат лойиҳа тўлиқ ишга тушгандан кейин аввал ўзи тиккан 1 млн. доллар пулини чиқариб олиш, кейин эса фойдани томонлар ўртасида тенг бўлишиш шартини айтган. Б томон ушбу шартини, 1 млн. доллар пул тикилмаса, лойиҳани амалга ошириб бўлмаслиги, А томон киритган ер ва кўчмас мулк лойиҳа учун айланма маблағ бўлолмаслиги билан изоҳлаган.
❓Нима деб ўйлайсиз, мушорака доирасида шундай келишув қилиш мумкинми?
#Жавоб
Мушорака бўйича қўйган, яъни бизнес лойиҳа ташаббускори бўлган А томон лойиҳа доирасида қиймати 1 млн.долларга тенг ер ва кўчмас мулк (бино), Б тараф эса лойиҳага 1 доллар пул киритиши кўзда тутилса Б томон лойиҳа тўлиқ ишга тушгандан кейин аввал ўзи тиккан 1 млн. доллар пулини чиқариб олиш, кейин эса фойдани томонлар ўртасида тенг бўлишиш шартини қўйиши мумкинми, деган саволимизга жуда камчилик жавоб беришга ҳаракат қилишди. Саволга бирмунча тўлиқ жавоб беришга ҳаракат қилганлар бўлди, лекин тўлиқ бўлмади. Келинг, энди бу саволга тўлиқроқ жавоб беришга ҳаракат қиламиз:
Ҳар қандай бизнесда, хусусан мушорака ва музораба асосидагисида ҳам бизнесга киритилган сармоя қайтмагунча бизнес фойдага кирган ҳисобланмайди (бизнес доирасидаги тушумлар бу ҳали фойда эмас, чунки тушумлардан кейин яна харажатлар бўлади).
Масалан, сиз бирор тижорий бизнес лойиҳага 100 млн.сўм киритдингиз ва шу киритилган маблағга маҳсулот сотиб олинди. Ўша 100 млн.сўмга сотиб олинган маҳсулотни сотиш давомида сиз муайян харажатлар қиласиз (масалан, транспорт харажатлари, юклаш-тушириш харажатлари, сотувчининг маоши, солиқлар ва ҳкз.). Демак, сиз маҳсулотни шундай нархга сотишингиз керакки, у сизнинг қилган харажатларингизни қопласин ва сизга фойда ҳам келтирсин. Мисол учун, сиз 100 млн.сўмга маҳсулот сотиб олдингиз, 5 млн.сўм харажат қилдингиз. Маҳсулотни 120 млн.сўмга сотдингиз ва ушбу тижорий лойиҳа доирасида 15 млн.сўм фойда кўрдингиз. Шу ҳолатда киритилган сармоя тўлиқ қайтган ва фойда ҳам кўрилган ҳисобланади.
Мана энди саволга қайтамиз. А томон Б томоннинг розилиги билан мушорака доирасида бозор қиймати 1 млн.долларга тенг бўлган кўчмас мулкини киритяпти, Б томон эса худди шунча миқдордаги пул маблағларини сармоя сифатида мушорака бизнесига киритяпти. Бу ҳолатда томонларнинг бизнесдаги улуши тенг бўляпти ва буни улар мушоракага киришаётган пайтларида қайд қилиб қўйишлари шарт. Энди, ўртага киритилган кўчмас мулк ҳам, пул кўринишида киритилган сармоя ҳам томонларнинг умумий мулки ҳисобланди. Масалан, А томон киритган кўчмас мулк нархи ошиб кетса, у менинг мулкимнинг нархи ошиб кетди, демак, менинг бизнесдаги улушим кўпайди, дея олмайди, чунки 1 млн.пул киритган Б томон ҳам худди шундай кўчмас мулкнинг пулини киритган (яъни ўша пайтда у шу пулга шундай кўчмас мулк сотиб олиши мумкин эди). Худди шундай, Б томон ҳам бизнесни мен киритган пулларсиз амалга ошириб бўлмасди, шунинг учун аввал мен киритган пулни чиқариб оламиз кейин эса фойдани тақсимлаймиз дея олмайди. Бизнес сотиладиган бўлса ҳам, қайсидир томоннинг киритган мулки эмас, балки умумий мушорака активлари сотилади ва сотувдан тушган пулларни томонлар мушоракадаги ўз улушларига мос равишда тақсимлашади.
Саволга жавоб: Б ТОМОН ҚЎЙГАН ШАРТ НОЖОИЗ!
✅@IslomMoliyasi телеграм саҳифаси