Сўнгги кунларда фоизли кешбэк ва чегирмаларни бонус сифатида тақдим этадиган компаниялар сони ошиб бораётгани сабабли, бундай бонуслар ҳалолми ёки йўқми деган савол вужудга келмоқда. Бу саволга расмий манбалардан олинган маълумотлар ёрдамида жавоб беришга ҳаракат қиламиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Фатво маркази ҳайъати барча бонус турлари бўйича фатво чиқармаган бўлсалар-да, расмий каналда айнан кешбэк ва чегирмалар масаласи тўғрисида айтиб ўтганлар.
Улар, ўз расмий каналида бу борадаги фикр-мулоҳазаларини саволга жавоб тариқасида билдирганлар. “Фоиз” атамаси шариатда тақиқланмагани, бу атама турли шароитларда қонунларни бузмасдан қўлланилишини айтиб ўтганлар. Жавобларида ҳаётнинг турли соҳаларидан мисоллар келтирганлар:
“Мерос тақсимлашда ҳам маййитдан қолган мол мулкни тақсимлашда кимдир 20 фоизини, яна кимдир 40 фоизини олади. Демак, юқорида келтирилган мисолларга ўхшаган масалаларда фоиз сўзини ишлатишда ҳеч қандай муаммо ёки шаръий тақиқ йўқ”.
Демак кешбэк ва бонусдаги “фоиз” атамаси алдаш ёки рибо йўқлиги сабабли ислом қоидаларига зид эмаслигини кўрсатади.
Фатво маркази нақд пул бериш рағбат саналадиган ва мақбул деб топилган бошқа мамлакатлардан ҳам мисоллар келтирган. Исломий молия соҳасидаги таниқли олимлардан иқтибос келтирган ҳолда, улар турли акциялар ва содиқлик дастурлари орқали тақдим этилган кешбэкни совға ёки мукофот сифатида кўриш мумкинлигини тасдиқлайдилар:
“Айрим савдогарлар маълум миқдорда маҳсулотларини сотиб олган харидорларга мукофот, бонус бериш одати жорий бўлган. Бу мукофотларни гоҳида қуръа ташлаш йўли орқали беради. Савдогар бу ишни қилишдан мақсади одамлар унинг маҳсулотни кўпроқ сотиб олишлари учун қизиқтириш мақсадида қилади. Бу савдогар томонидан ваъда қилинган инъом, ҳадя ҳисобланади.“
Демак, бу фикрдан келиб чиқиб, алдамасдан олинган кешбэк ёки мукофотни ҳадя сифатида қабул қилиш мумкин, бу шариат нуқтаи назаридан тақиқланмаган.
Фоизли чегирмаларга келсак, улардан фойдаланиш мумкинми деган саволга қуйидагича жавоб берганлар:
“Ҳақ эгаси ҳаққидан кечиши мумкин. Компания ўзининг хизматларидан кечиб, уни арзонлаштириши жоиз. Демак, ўзлари шу чегирмани бераётган бўлсалар, олиш албатта, жоиз. Фойдаланиш мумкин.”
Берилган жавобларга асосланиб, агар чегирма тақдим этилгунга қадар маҳсулот ёки хизмат нархи сунъий равишда оширилмаган бўлса ва чегирма бевосита компания томонидан тақдим этилса, бундай чегирмадан фойдаланиш мумкин.

Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси (ҚМДБ) эса кешбэк, карталар ва бонуслар тўғрисида яқинда расмий фатво чиқарди. Ушбу фатво бўйича дебет карталардан кешбэк олиш ҳалол, кредит карталардан кешбэк олиш ҳаром, аммо бонус ва чегирма карталарига рухсат берилган.
Шунингдек ушбу фатво бўйича:
- Фавқулодда ҳолатларда кредит картадан фойдаланиш учта шарт бажарилган тақдирда оқланиши мумкинлиги келтириб ўтилди: кредит фоизсиз бўлиши керак, тўлов ўз вақтида бўлиши керак ва кешбэкни хайрия ишларига ўтказиш керак.
- Дисконт карталарига келсак, улардан фойдаланиш фақат бепул олинган тақдирдагина рухсат этилади. Бироқ оширилган нархда ёки йиллик тўлов билан сотиладиган дисконт карталардан фойдаланиш шариат қонунларини бузиш ҳисобланиши айтилди.
- Бонус карталарига шариат талабларига риоя қилган ҳолда ҳам рухсат берилади: бонуслар тақиқланган товарларга сарфланмаслиги, товарга алмаштирилганда комиссия ундирилмаслиги, бонуслар ёрдамида олинган товарларнинг нархи эса оддий нархдан ошмаслиги керак.
Хулоса
Кешбэк ва бонус тизимларидаги фоиз атамаси исломга зид эмас. Лекин, шуни тушуниш керакки, ислом молиявий амалиётида молиявий операцияларни тартибга солувчи муайян тамойиллар мавжуд. Улардан бири рибони (қарз олишдан олинадиган фоиз даромади) ҳаром қилишдир. Кешбэк ва бонус ҳалол бўлса-да, унинг ислом тамойилларига зид бўлиши мумкин бўлган айрим турлари мавжуд. Мисол учун, кредит карталари ёки кредит маҳсулотлари орқали тақдим этиладиган кешбэк дастурлари мавжуд бўлиб, уларда кешбэк кредитни қайтариш жараёнининг имтиёзи сифатида тўланади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ислом нуқтаи назаридан кешбэк ва бонусларнинг аксарият шакллари ҳалол деб эътироф этилган бўлса-да, рибони тақиқлаш билан боғлиқ бўлган ислом тамойилларини бузмаслик учун уларнинг шартлари ва мазмунига эътибор бериш керак.
Манба: https://jet.bank.uz/article/keshbekdan-foydalanish-halolmi-60