5. Муробаҳа кафолатлари ва Муробаҳа қарзлари муолажаси:
5/1 Мижоз шаръий узрсиз бирор даврий тўловни амалга оширишдан бош тортса ёки тўловни кечиктирса ва бу тўлов муддати келганидан сўнг белгиланган муддат ичида унга юборилган хабарномага қарамай амалга оширилмаса, барча тўловлар дарҳол, яъни муддатидан олдин амалга оширилиши муассаса томонидан шартномада шарт қилиниши мумкин.
5/2 Муассаса мижоздан Муробаҳа шартномаси доирасида шаръий жиҳатдан рухсат этилган кафолат талаб қилиши керак. Жумладан, муассаса учинчи томон кафолатини қабул қилиши, мижознинг инвестиция ҳисобрақамини, ҳар қандай кўчар ёки кўчмас мулкни гаров сифатида олиши мумкин. Шунингдек, Муробаҳа битимининг мавзуси бўлган активни ўзида сақламасдан, расмий гаров сифатида олиши ёки активни ўзида сақлаб туриб, тўловлар нисбатига мутаносиб равишда босқичма-босқич гаровдан ечиб бориши мумкин.
5/3 Муассаса Муробаҳа шартномасини тузишдан олдин, шартнома имзоланганидан кейин юзага келувчи қарздорликни кафолатлаш учун мижоздан чек ёки векселлар тақдим этишни талаб қилиши ҳам жоиз. Бунда муассаса ушбу чек ёки векселлардан фақатгина тўлов муддати келгандагина фойдаланишга ҳақли эканлиги шартномада кўрсатилиши шарт. Чекларни муддатидан олдин тўлов сифатида тақдим этиш мумкин бўлган мамлакатларда уларни (гаров сифатида) талаб қилиш тақиқланади.
5/4 Нархи тўлиқ тўланмагунча, активга эгалик ҳуқуқи мижозга ўтказилмаслигини шарт қилиш жоиз эмас. Бироқ, тўлов тўлиқ амалга оширилишини кафолатлаш мақсадида активни харидор-мижознинг номига расмийлаштиришни кечиктириш мумкин. Шу билан бирга, мижоз (Муробаҳа бўйича) тўловни кечиктирадиган бўлса, муассаса активни сотиш бўйича мижоздан ваколат олиши жоиз. Бу ҳолатда, муассаса мижозга унинг эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат бериши керак. Агар муассаса тўлов ўз вақтида амалга оширилмаганлиги сабабли активни сотиб юборса, у ўз ҳақини ундириш (яъни Муробаҳа бўйича қарзни ёпиш) билан чекланиши ва қолган пулни мижозга қайтариши шарт.
5/5 Мижоздан гаров (раҳн) олинган ҳолатда, муассаса судга мурожаат қилмасдан туриб ўз қарзини ундириш мақсадида гаровни сотиш ваколатини мижоз унга беришини шарт қилиш ҳуқуқига эга.
5/6 Муробаҳа шартномасида харидор-мижоз даврий тўловларни белгиланган муддатда амалга оширишни кечиктирган тақдирда муайян маблағни ёки қарз миқдорининг маълум бир фоизини садақа (хайрия) қилиш мажбуриятини мижоз ўз зиммасига олишини шарт қилиш жоиз. Муассасанинг Шариат Кузатув Кенгаши ушбу маблағлар тўлиғича хайрия мақсадларида сарфланишини ва муассасанинг ўзи бу маблағлардан ҳеч қандай манфаат олмаслигини тўлиқ назоратга олиши шарт.
5/7 Қарздор мижознинг тўловга қодир ёки қодир эмаслигидан қатъи назар, қарз миқдорини ошириш эвазига тўлов муддатини узайтириш (қарзни реструктуризация қилиш) мумкин эмас.
5/8 Агар мижоз томонидан тўланиши керак бўлган даврий тўловларни ўз вақтида амалга оширмаслик ҳолати юзага келса, муассаса фақат қарз миқдоринигина ундиришга ҳақлидир. 5/6 бандни эътиборга олган ҳолда, муассаса ўз фойдаси учун мижоз зиммасига қўшимча тўлов мажбуриятини юклай олмайди.
5/9 Харидор ўз тўлов мажбуриятларини муддатидан олдин амалга оширган тақдирда, агар бу шартномада келишилган бўлмаса, муассаса Муробаҳа бўйича тўловнинг (яъни сотув нархининг) бир қисмидан воз кечиши жоиз.
5/10 Муассаса ва мижоз, Муробаҳа бўйича қарзни тўлаш вақтида тўловни қарз валютасидан бошқа валютада амалга оширишга келишишлари жоиз. Бунда тўланиши керак бўлган қарз тўлиқ тўланиши ёки айирбошлаш орқали тўлов қилишга келишилган миқдор (бошқа валютада) тўлиқ тўланиши керак ва ундан ҳеч қандай қарз қолмаслиги лозим. Шунингдек, бу шартномада кўзда тутилмаган бўлиши шарт.
Таржимонлар:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Олимжон Иргашев, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси