ШАРЪИЙ МЕЪЁР №5
КАФОЛАТЛАР
(Мажбуриятлар бажарилишини кафолатлаш)
Муқаддима
Ушбу Меъёрнинг мақсади (мажбуриятлар бажарилишини таъминлашга қаратилган) кафолатга доир шариат ҳукмлари, уларнинг жоиз ва ножоиз турлари ҳамда Ислом молия муассасалари[1] томонидан уларни амалда қўлланишига оид энг муҳим масалаларни баён қилишдир.
Меъёрнинг баёни (матни)
1. Меъёрнинг қамрови (амал қилиш доираси):
Ушбу Меъёр мажбуриятларни кафолатлаш (расмийлаштириш, ҳужжатлаштириш) ҳамда қарзларнинг тўланмаслигини ёки тўловлар кечиктирилишини олдини олиш мақсадида қўлланадиган кафолатларни қамраб олади. Бундай кафолатлар ёзма ҳужжат, гувоҳлик, кафиллик, гаров (раҳн), чек ёки векселлар кўринишида бўлиши мумкин. Шу билан бирга, Меъёр кафолатларнинг рухсат этилган ва ман этилган турларини ҳамда жавобгарлиги/масъулияти зиммага олинган мол-мулк ва ишончли бошқарувдаги омонатлар ўртасидаги фарқларни ҳам кўриб чиқади.
Мазкур Меъёр талафот етказиш, жиноятлар ва ғасб (ўзганинг мулкини куч билан тортиб олиш) билан боғлиқ кафолатларни ўз ичига олмайди.
2. Кафолатларга тегишли умумий қоидалар
2/1 Кафолатларнинг жоизлиги ва уларнинг шартномаларга мувофиқлиги
2/1/1 Савдо каби эвазли битимларда ва ҳуқуқни таъминлаш билан боғлиқ (масалан муаллифлик ҳуқуқига оид) битимларда кафолат талаб қилиш шаръан жоиз ҳисобланади. Бундай талаб (шарт) шартномани бузмайди. Шунингдек, кафолат шартномаси ва асосий шартномани (яъни унинг доирасида кафолат талаб қилинаётган бирламчи шартнома) бирлаштиришга ҳеч қандай монелик йўқ. Чунки кафолатни ҳужжатлаштириш кафолат талаб қилинаётган шартномаларга хос амалиётдир (яъни бу табиий жараён).
2/1/2 Бир битим доирасида бир нечта кафолатлар, масалан, кафиллик ва гаров биргаликда олиниши жоиз.
2/2 Ишончга асосланган шартномаларда кафолат қўллаш масаласи:
2/2/1 Вакиллик ёки вадиъа (омонатга қўйиш) каби ишончга асосланган шартномаларда кафиллик ёки гаров талаб қилиш жоиз эмас. Чунки бундай талаб бу турдаги шартномалар моҳиятига зиддир. Шу билан бирга, кафиллик ва гаров тажовуз (таъаддий), лоқайдлик (тақсир), шартнома шартлари ёки бандларини қасддан бузиш ҳолатлари учун талаб қилинса, у ҳолда жоиз бўлади(масалан, Мушорака ва Музораба битимлари доирасида шундай ҳолатлар учун кафолат талаб қилиш мумкин). Бироқ, (оддий ҳолатда) музорибдан, сармоядорнинг бошқарувчи вакили (инвестицион вакил)дан ёки шериклардан биридан кафолат талаб қилиш мумкин эмас. Бу сармояни (танини) кафолатлаш учун бўладими ёки фойдани кафолатлаш учун бўладими, буни аҳамияти йўқ. Шунингдек, бундай шартномаларни кафолатланган инвестиция сифатида тарғибот қилиш ҳам (яъни маркетинг мақсадида) жоиз эмас.
2/2/2 Вакиллик ва кафиллик моҳияти
бир-бирига зид бўлгани учун уларни битта шартномада бирлаштириш жоиз эмас (яъни
бир шартномада бир томон ҳам вакил, ҳам кафил сифатида мажбурият олиши жоиз
эмас). Чунки сармоядорнинг бошқарувчи вакили (инвестицион вакил)дан кафолат
талаб қилиш – инвестицияни кафолатлаш ва бундай инвестициядан (кафолатланган) даромад
олиш бўлиб, бу амалиётни риболи қарзга айлантиради. Аммо вакиллик шартномасида
кафиллик шарт қилинмаган бўлса, кейинроқ вакил алоҳида шартнома асосида
кафиллик тақдим этса, бунда кафиллик мажбурияти вакилликдан ажралган (яъни
мустақил) бўлади. Ҳатто вакиллик шартномаси бекор қилинган тақдирда ҳам
кафиллик мажбурияти сақланиб қолади.
[1] Бу ерда (Муассаса/Муассасалари) сўзи қисқача барча Ислом молия муассасаларини, шу жумладан, Ислом банкларини ҳам назарда тутади.
давоми бор …
Таржимонлар:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Олимжон Иргашев, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси