Жалб қилинган маблағлар Nasiya хизматини ривожлантириш ва кенгайтиришга йўналтирилади.
Alif стартапи АҚШнинг Accial Capital инвестиция компаниясидан қарз маблағларини жалб қилди. Бу ҳақда Alif матбуот хизмати хабар берди.
Шартнома тузишда Nairang Capital ва TMT Global Advisors компаниялари консалтинг хизматидан фойдаланилган.
Маблағлар ислом молияси тамойилларига мувофиқ тарзда жалб қилинганлигини компания таъкидлаб ўтган.
Alif Uzbekistan компаниясининг бош директори Нуриддин Лафизов америка компанияси билан ҳамкорликни «молиявий имкониятлар доирасини кенгайтириш йўлидаги катта қадам» деб атади. Унинг таъкидлашича, янги инвестициялар стартапга ўз ечимларини кенгайтиришга ёрдам беради.
Ўз навбатида, Accial Capital компаниясининг инвестициялар бўйича директори Дебора де Руй Alif’нинг «молиялаштириш соҳасидаги тажрибаси ва масъулиятини» таъкидлади. Компания стартапнинг бундан кейинги ривожланиши ва муваффақиятини қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирди.
Компаниянинг маълумотларига кўра, Alif Uzbekistan фақат жорий йилнинг ўзида хорижий инвесторлардан $50 миллионга яқин маблағ жалб қилган. Стартап бўлинмаси томонидан жалб қилинган умумий сармоялар ҳажми $150 миллиондан ошган.
Масалан, октябрь ойида компания Британиянинг Cur8 Capital жамғармасидан $5 миллионгача маблағ жалб қилиш бўйича битимни якунлангани ҳақида ОАВда маълумот берилган эди.
Шунингдек, Alif $50 миллионлик ислом облигациялари – сукукларни чиқариш ва жойлаштиришни режалаштирмоқда.
Манба: https://www.spot.uz/ru/2024/12/26/alif-accial/