Ассалому алайкум!
Икки кун аввал, “Ислом молияси” телеграм саҳифаси орқали жорий йилнинг 26 июль куни “Микромолия ташкилотлари томонидан исломий молиялаштиришга оид хизматларни кўрсатиш тартиби тўғрисида”ги НИЗОМ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан тасдиқланганлиги ҳақида хабар берган эдик.
Ушбу хабар чиққандан кейин, биздан бир қанча обуначилар ҳамда соҳага қизиққан банк-молия тармоғи вакиллари, ушбу Низом ҳақида, яъни у нима ҳақда, унинг пайдо бўлиш сабаби, тадбиркорлар ва аҳоли учун қандай манфаати борлиги юзасидан эксперт фикрини билдиришни илтимос қилишди. Биз шу илтимосларни инобатга олган ҳолда, Низом ҳақида баъзи фикрларимизни сизлар билан баҳам кўришга қарор қилдик.
Мазкур Низом микромолия ташкилотлари томонидан ислом молиясига оид хизматларни кўрсатиш тартибини белгилайди. Унинг пайдо бўлиши 20.04.2022 йилда қабул қилинган ЎРҚ-765-сонли “Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида”ги қонун билан бевосита боғлиқ.
Кўпчиликнинг хабари бор, ушбу қонунда Ўзбекистонда биринчи бор “исломий молиялаштиришга оид хизматлар” ибораси ишлатилган, яъни қонунда микромолия ташкилотлари тадбиркорлик субъектлари исломий молиялаштиришга оид хизматлар кўрсатиш ҳуқуқига эга эканлиги қайд этилган. Бу кўпчилик томонидан катта бир ўзгариш сифатида кўрилган. Бироқ, 21.04.2022 йилда кучга кирган ушбу қонуннинг 4 бандида бу турдаги хизматлар Марказий банк томонидан ишлаб чиқилган тартибга мувофиқ тарзда кўрсатилиши кўзда тутилган эди. Ушбу тартиб эса қонун кучга кирган пайтдан бошлаб 2,5 йил давомида ишлаб чиқиб тасдиқланмаганлиги туфайли, микромолия ташкилотлари мамлакатимиз аҳолиси ва тадбиркорларига ислом молияси тамойилларига мувофиқ тарзда хизматлар кўрсатиш имкониятига эга бўлишмади. Ушбу муаммо бир неча бор кўтарилгандан сўнг, Марказий банк томонидан соҳа мутахассислари ёрдамида юқорида зикр этилган низомнинг қораламаси (draft) ишлаб чиқилди. Низом ишлаб чиқилгандан кейин ўрнатилган тартибда экспертлар, тегишли давлат идоралари ва вазирликлар томонидан кўриб чиқилди (Низом ишлаб чиқилиши жараёнида бизнинг мутахассислар ҳам ҳужжат юзасидан ўз фикрларини билдиришган эди. Бироқ, ушбу билдирилган фикрларнинг аксарияти Фуқаролик кодексига тўғри келмайди, деган сабаб билан қабул қилинмаган).
Хуллас, узоқ давом этган муҳокамалардан сўнг (ваниҳоят) низомнинг якуний таҳрири қабул қилинди.
Қуйида биз ушбу ҳужжат юзасидан ўз фикрларимизни баён этамиз.
Демак, бугунги кунга келиб тегишли равишда рўйхатдан ўтган (яъни расмий) микромолия ташкилотлари юқорида номи айтиб ўтилган қонун асосида ва тасдиқланган низомга мувофиқ равишда аҳолига тадбиркорлик субъектларига ислом молияси тамойилларига мос бўлган молиявий хизматлари кўрсатишлари мумкин бўлди.
Низомда ислом молиясига оид тушунчалар берилган, жумладан:
«islomiy ijara – bu mikromoliya tashkiloti tomonidan mijozning arizasiga ko‘ra sotib olingan yoki o‘zining balansida bo‘lgan isteʼmol qilinmaydigan ashyolarni (mol-mulkni) mijozga kelishilgan muddatga vaqtincha egalik qilish va (yoki) foydalanish uchun topshirish.»
Нима учундир низомнинг бу бандида амалий (операцион) ижара тушунчасигина берилган ва эгалик билан якунланувчи ижара (бугунги молиявий лизингга ўхшаш) тушунчаси берилмаган!? Ваҳоланки, молия муассасалари, одатда, активни оддий ижарага беришмайди, балки асосан ижаранинг эгалик билан якунланувчи туридан фойдаланишади.
«islomiy moliya masalalarini muvofiqlashtiruvchi maxsus kengash – mikromoliya tashkiloti tomonidan ko‘rsatiladigan islomiy moliyalashtirishga oid xizmatlarning qonunchilik hujjatlari va ushbu Nizom talablari asosida ko‘rsatilishi uchun masʼul bo‘lgan maxsus kengash.»
Аслида бундай кенгашнинг асосий вазифаси – молия муассасасининг фаолияти (яъни хизмат ва молиявий маҳсулотлари) ислом молияси тамойилларига мувофиқлигини таъминлашдир. Кенгашнинг айнан шу вазифаси Низомнинг шу қисмида аниқ берилиши керак эди.
«nasiya savdoga asoslangan moliyalashtirish (murobaha) – mikromoliya tashkiloti tomonidan tovarning xarid narxi va unga ustama miqdorini qo‘shgan holda, tovarni nasiyaga sotish orqali mijozni moliyalashtirish.»
Низомда берилган ушбу таъриф муробаҳанинг асосий моҳиятини очиб бермайди, чунки муробаҳанинг моҳияти активнинг нархи ва унга устама миқдорини қўшган ҳолда уни насияга сотиш эмас (чунки бу деярли ҳар қандай савдо битимига тегишли). Муробаҳанинг моҳиятини шундаки, унда сотиб олинган маҳсулот-активнинг сотувчига тушган нархи (тан нархи) ва сотувчининг устамаси харидорга маълум қилинади.
Шунингдек, ҳужжатнинг ушбу бандида (ўзбек тилида тайёрланган расмий ҳужжатда!) русча “товар” сўзи ишлатилган, ваҳоланки ўзбек тилида бу сўзни ўрнини босувчи “маҳсулот” ва “мол” сўзлари бор.
«oldindan to‘lovga asoslangan moliyalashtirish (salam) – kelajakda yetkazib beriladigan tovarlar haqini ushbu tovarlarni yetkazib beruvchiga (mijozga) mikromoliya tashkiloti tomonidan to‘liq miqdorda oldindan to‘lash orqali mijozni moliyalashtirish»
Низомнинг ушбу бандида Салам шартномасининг моҳияти ҳам тўлиқ очиб берилмаган. Масалан, ушбу битимдан ҳар қандай маҳсулот олди-сотдиси учун фойдаланиб бўлмаслиги, балки ундан ислом молиясида “мислий” деб аталадиган, бир-бирининг ўрнини босувчи маҳсулотлар савдосидагина Саламдан фойдаланиш мумкинлиги Низомнинг айнан шу қисмида берилиши керак эди, деб ҳисоблаймиз.
«7. Islomiy moliyalashtirishga oid xizmatlarni ko‘rsatishga oid shartnoma tuzishdan avval mikromoliya tashkiloti va mijoz o‘rtasida dastlabki shartnoma tuzilishi mumkin.
Dastlabki shartnomada mijoz tomonidan islomiy moliyalashtirishga oid xizmatlar bo‘yicha bo‘nak to‘lovi amalga oshirilishi nazarda tutilishi mumkin.»
Низомнинг ушбу бандида қўлланилган “бўнак тўлови” ўрнига “гаров тўлови” иборасини ишлатиш тўғри бўларди. Чунки ушбу тўлов моҳиятан бўнак эмас, балки айнан гаровдир.
«10. Mikromoliya tashkiloti mijozdan to‘lovlarni kechiktirganligi uchun neustoyka undirsa, undirilgan neustoykani alohida hisobvaraqda yuritishi va mijoz nomidan xayriya maqsadlariga yo‘naltirishi lozim.»
Низомнинг ушбу бандида ҳам нима учундир рус тилидаги неустойка сўзи ишлатилган, ваҳоланк, бу ўринда жарима сўзини қўллаш тўғри бўларди.
«4-§. Oldindan to‘lovga asoslangan moliyalashtirish (salam) xizmatini ko‘rsatish»
Низомнинг ушбу бандида Салам битими асосида молиялаштириш кўзда тутилган, лекин бугунги кунда ислом молия муассасалари томонидан кенг қўлланиб келинаётган Параллел салам (ўзбек тилига “ёндош салам” таржима қилиш мумкин) молия маҳсулоти кўзда тутилмаган. Ваҳоланки, ислом молия муассасалари ёндош саламдан ўз молиявий хатарларини таъминлаш ва ўз мижозларини молиялаштириш учун фойдаланишади.
Шунингдек, Низомда ислом молиясида кенг қўлланилувчи Истисна ва параллел истисна молиявий маҳсулотлари ҳам кўзда тутилмаган. Ваҳоланки, бугунги кунда молиялаштиришнинг ушбу усулларидан саламдан ҳам кўпроқ фойдаланилади.
НИЗОМДА КЎЗДА ТУТИЛМАГАН МУҲИМ МАСАЛАЛАР
- Қабул қилинган Низомда микромолия ташкилотлари оладиган фойда солиғи ва ҚҚС (қўшимча қиймат солиғи) ҳақида бирорта маълумот/тушунча берилмаган. Агар ислом молия муассасаларининг асосий даромади актив (мол-мулк)нинг олди-сотдиси давомида пайдо бўладиган устама эканлигини инобатга оладиган бўлсак, у ҳолда ҚҚС жуда муҳим аҳамиятга эга. Зеро, айнан шу солиқ уларнинг анъанавий молия муассасалари билан рақобатбардошлигига жиддий таъсир кўрсатади. Чунки, бугунги кунда анъанавий микромолия ташкилотлари микрокредитлардан оладиган фоизли даромадига нисбатан ҚҚС қўлланилмайди. Агар масала биз тушунгандек бўлса, яъни микромолия муассасалари ислом молиясида энг кўп қўлланиладиган Муробаҳа битими асосида ўз мижозларини молиялаштирган пайтда улар ҚҚС тўлашлари керак бўлади (чунки микромолия ташкилоти сотиб олган ва мижозига устама билан сотган актив устида ҚҚС пайдо бўлади). Бу эса уларнинг харажатларини кўпайтиради, бу эса ўз навбатида мижозларга қўшимча юк бўлади, чунки молия муассасаларининг ҳар қандай қўшимча харажатлари мижозларга таъсир қилмай қолмайди;
- Анъанавий молия муассасаларидан кредит олган корхона ва ташкилотлар фоизли кредитлар бўйича амалга оширган тўловлар уларнинг солиқ базасини камайтиради, яъни шу тўланган фоиз харажатлари солиқ ҳисоблашда солиқ базасидан чиқариб ташланади. Ислом молиявий маҳсулотларидан фойдаланиш жараёнида амалга оширилган устама тўловлари бўйича ҳам шундай ёндашув бўладими йўқми бу ҳақда низомда маълумот берилмаган;
- Микромолия ташкилотлари ўз фаолиятларини ислом молияси асосида ташкил қилишлари учун қандай қилиб сармоядорлардан ёки бошқа манбалардан молия маблағлари жалб қилишлари ҳақида ҳам низомда батафсилроқ маълумот берилса яхши бўларди.
Албатта, юқоридаги фикрлар қабул қилинган низомга бўлган салбий муносабат эмас (чунки барчамиз бир неча йилдан бери ислом молияси мамлакатимизга кириб келишини кутаётган эдик), балки ҳар қандай қабул қилинган янги ҳужжатда йўл қўйилиши мумкин бўлган камчиликлардир. Биз мутахассис сифатида ўз фикримизни билдиришимиз, ва ушбу камчиликлар, агар улар асосли бўлса, тузатилиши лозим.
Қабул қилинган ҳужжат халқимиз учун манфаатли бўлиши, уни тайёрлашда иштирок этганларнинг барчасига қийрот қийрот ажр-савоблар беришини Аллоҳдан сўраб қоламиз.