Муқаддима:
Ушбу меъёрнинг мақсади валюталар савдосига оид Шариат ҳукмлари, қоидалари ва кўрсатмалари, валюта савдосида жоиз ва ножоиз амалиётлар ҳамда Ислом молия муассасалари[1] томонидан қўлланиладиган баъзи амалиётларни баён этишдан иборат.
Меъёрнинг Матни
1. Меъёрнинг Қамрови (амал қилиш доираси)
Ушбу меъёр валюталарни ҳақиқий ва ҳукмий қабз (бу ҳуқуқий эгалик бўлиб, замонавий юридик тилда буни конструктив эгалик деб ҳам аталади) қилиш, валюталар савдоси билан боғлиқ амалиётларда замонавий алоқа воситаларидан фойдаланиш, томонлар ўртасидаги қарз мажбуриятларини ҳисоб-китоб қилиш доирасидаги валюта айирбошлаш амалиётлари, молия бозорларидаги валюта амалиётлари, валюталар савдосида икки томонлама ваъдалашув, валюта амалиётларида муддат белгилаш (яъни насия қилиш) ёки икки валютадан бирини топшириш (етказиб бериш)ни кечиктириш ҳамда молия муассасаларининг бошқа баъзи амалиётларини қамраб олади.
Ушбу меъёр қуйидаги масалаларни ўз ичига олмайди: валюталар савдосига оид бўлмаган масалалар, заргарлик фаолиятининг олтин ва кумуш савдосига таъсири, валюта айирбошлаш билан боғлиқ бўлмаган пул ўтказмалари, векселларни дисконт (чегирма) қилиш.
2. Валюталар савдосига оид шариат ҳукми:
2/1 Валюталар билан савдо қилиш қуйидаги Шаръий ҳукмлар ва кўрсатмаларга мувофиқ амалга оширилса, жоиз ҳисобланади:
2/1/1 Савдолашувчи томонлар ажралишларидан олдин валюта бирликларини ҳақиқий (жисмоний) ёки ҳукмий қабзи амалга оширилиши керак.
2/1/2 Бир турдаги валюталар (масалан, долларни долларга) ўзаро айирбошланганда тенгма-тенг бўлиши шарт, ҳатто айирбошланаётган валюталардан бири қоғоз пул, иккинчиси эса танга пул шаклида бўлса ҳам. Масалан, бир дирҳамлик банкнотани (яъни қоғоз пулни) бир дирҳам танга пулга алмаштириш каби.
2/1/3 Шартномада хияр аш-шарт (шартномани муайян муддат ичида бекор қилиш ҳуқуқи) ёки валюталардан бири ёки ҳар иккисининг тўловини кечиктириш шарти бўлмаслиги керак.
2/1/4 Валюталар айирбошлашдан мақсад эҳтикор (монополия) ёки шахслар ва жамият манфаатларига зарар етказиш бўлмаслиги керак.
2/1/5 Валюталар билан насия асосида, яъни фьючерс бозорларида савдо қилинмаслиги керак.
2/2 Форвард валюта бозорида муомала қилиш (яъни битимларни амалга ошириш) тақиқланади. Бундай амалиётлар, кечиктириладиган қарз ўтказмаларини айирбошлаш орқали бўладими ёки ҳар икки айирбошланаётган валюталар қабзи (яъни уларнинг бир томондан иккинчи томонга ўтиши) амалга ошмайдиган насия савдо шартномаларини тузиш орқали бўладими, фарқи йўқ.
2/3 Форвард валюта амалиётлари, яъни валюталарнинг насия савдоси ҳам таъқиқланади, ҳатто бу, қиймати пасайиши кутилаётган валютада тузилган битимларда фойда камайишидан ҳимояланиш мақсадида қилинаётган ҳедж (ҳеджирлаш[2] амалиёти бўлса ҳам ман этилади.
2/4 Келажакда валюта қадрсизланишидан ҳимояланиш мақсадида муассаса қуйидаги усуллардан фойдаланиб ҳедж қилиши мумкин:
2/4/1 Турли валюталарда, бир-бирига боғлиқ бўлмаган иккита алоҳида шартнома орқали, устама фоизсиз ўзаро қарз битимларини амалга ошириш орқали.
2/4/2 Маҳсулотлар харид қилиш ёки ўша валютанинг ўзида Муробаҳа битимларини тузиш орқали.
2/5 Муассаса ва мижоз қарзли битимлар доирасидаги (масалан, насия асосидаги Муробаҳада) даврий тўловни қилиш чоғида мазкур тўловни битим валютасидан бошқа валютада, ўша кунги (яъни тўлов амалга ошириладиган кунги) айирбошлаш курсида амалга оширишга келишиб олишлари жоиз[3].
Ушбу меъёрнинг кейинги қисмида Валюталар савдосида қабз масаласи масаласи кўриб чиқилади.
Таржимонлар:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Олимжон Иргашев, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси
[1] Бу ерда қўлланилган муассаса/муассасалари сўзи барча Ислом молия муассасаларини, шу жумладан, Ислом банкларини ҳам назарда тутади.
[2] Ҳедж қилиш ёки ҳеджирлаш – валюта курси ўзгаришидан кўрилиши мумкин бўлган зарар хатарини камайтиришга қаратилган амалиёт.
[3] Демак, тўлов қайси валютада амалга оширилишини, томонлар битим тузиш пайтида эмас, балки тўлов амалга ошириладиган пайтда келишиб олишлари мумкин.