Жуъала битимига мавҳумлик (ғарар) хос дейиш мумкин, чунки бунда ишни бажарувчи буюртма қилинган иш бажарилгандагина мукофот олишга ҳақли бўлади, яъни меҳнат қилиб, вақти, кучи ва қанчадир маблағи сарф бўлади, лекин мукофот олиши даргумон бўлади (яъни фақат эълон қилинган/келишилган ишни бажаргандагина мукофотни олиши мумкин бўлади).
Одатда, жуъала битимидан қуйидаги ҳолатларда фойдаланилади:
1. Табиий қазилма бойликларини топиш ва/ёки сув чиқаришда. Бунда муайян ҳудуддан қазилма бойлиги ёки сув чиқсагина ижрочи мукофот олиши мумкин бўлади.
2. Қарзни ундиришда (берилган пулдан ёки насияга сотилган молдан қарздорликни ундириш каби). Бунда, мукофот ундирилган қарзга мутаносиб равишда (яъни ундирилган қарзнинг муайян фоизи кўринишида) белгиланиши мумкин. Масалан, умумий қарз 10 млн.сўм, шундан қанчаси ундирилса ҳам 10 фоизи қарзни ундириб берганга берилади.*
3. Тадбиркорларнинг бизнес лойиҳалар учун молия муассасаларидан молия маблағлари жалб қилишда (шундай фаолият билан шуғулланувчи ташкилотлар кўп). Албатта, бунда жалб қилинаётган молия маблағлари ҳам, бизнес лойиҳа ҳам шариат талабларига мувофиқ бўлиши лозим.
Шундай фаолият билан шуғулланувчи ташкилотлар ҳам жалб қилинган молия маблағларининг маълум фоизига (мукофот тарзида) даъвогарлик қилиши мумкин (албатта, фоиз миқдори жуъала битими доирасида кўрсатиб ўтилади).
4. Воситачилик фаолиятида. Бунда бирор бир корхона маҳсулотини қайсидир мамлакатга экспорт қилишини ташкиллаштириб берган (яъни экспорт шартномаси тузишда воситачилик қилган) томон, шу иши учун мукофот олиши мумкин. Демак, экспорт шартномаси имзоланиши мукофот берилишининг шарти ҳисобланади.
5. Бирор соҳада аниқ (яъни эълон қилинган талабларга мувофиқ) янгилик яратиш, илмий кашфиёт/ихтиро қилишда. Бунда, илмий ихтиро/янгилик тегишли идоралар томонидан тан олиниши ва тегишли патент берилиши ёки муайян корхона томонидан ишлаб чиқариш учун қабул қилиб олиниши мукофот олиш учун асос бўлиши мумкин.
_______________ _______________ _______________
* бугунги кунда қарзини қайтаришга ҳаракат қилмайдиган, олган қарзини эсламайдиган, бефарқ, бетайин, фирибгар/товламачилар кўпайиб кетган ва шундайларни деб жамият аъзолари ўртасида ишонч жиддий равишда сусайган. Шу сабабли турли давлатларда муайян мукофот эвазига қарз ундириб берувчи ташкилотлар ҳам пайдо бўлган.